Янгиланишлар муносиб турмуш тарзини шакллантирмоқда

/
...Ўрта мактабни тамомлаб, олий ўқув юртига киришга ҳозирлик кўраётган Дилоромхонни ўқитувчилари чақириб қолишди. “Ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси ходимлари билимли ёшлардан топиб беришимизни илтимос қилишди. Биз сени тавсия қилдик”, дейишди устозлари. Натижада битирувчи қиз бўлинмага ишга қабул қилинди.
Айни воқеа Риштон туманидаги “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги милиция майори Дилором Назированинг ҳаётида бундан 42 йил муқаддам содир бўлганди. Шундан сўнг қаҳрамонимиз хизматдан ажралмаган ҳолда Қўқон давлат педагогика институтида сиртдан ўқиб, олий маълумотга эга бўлди. Ўзига билдирилган ишончни оқлагани боис, кейинчалик уни инспектор вазифасига ўтказишди. 1991 йилда эса ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи этиб тайинланди.
Мана шу тариқа Дилором опа 2006 йилга қадар ички ишлар тизимида хизмат қилди. Ўттиз икки йиллик самарали меҳнати зое кетмади, албатта. Ўша йили Президентимиз фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Нафақага чиққандан сўнг уни маҳалладошлари ўзларига раис этиб сайлашди.
– Истиқлолнинг ўтган йиллари мобайнида маҳалла институтининг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш борасида мислсиз ижобий қадамлар ташланди. Бизнинг “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини аҳлининг бугунги фаровон турмуш тарзи, ҳудудимизда амалга оширилган янгиланишлар ҳам буни тасдиқлаб турибди, – дейди Дилором Назирова.
Дарҳақиқат, айни пайтда мазкур маҳалла нафақат Риштон туманидаги, балки вилоятдаги 1039 та маҳалла фуқаролар йиғинлари орасида энг намуналиларидан бири ҳисобланади. Ушбу маҳаллада 2020 нафар юртдошимиз 525 та оилага бирлашган ҳолда умргузаронлик қилишяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Оилага кириш”, “Бандлик”, “Саломатлик”, “Таълим ва тарбия” ҳамда “Жиноятчилик профилактикаси” секторлари фаолияти муваффақиятларнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда. Улар туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши, ИИБ профилактика инспектори билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Масалан, “Бандлик” секторининг саъй-ҳаракатлари билан маҳаллада оилавий тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчилик сезиларли даражада равнақ топди. Бугун “Мискин” маҳалласида 62 тадан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд оилалар бор. Бу эса 142 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш баробарида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда. Жумладан, уста кулол Сардор Ҳотамов 10 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлаган. Ўтган йили у 30 миллион сўмлик кулолчилик маҳсулотларини хорижга экспорт қилди. Янги тикувчилик цехини ташкил қилган тадбиркор Бектош Абдулҳаев эса 15 нафар ёш тикувчи қизларни ишга қабул қилди.
Бундан ташқари, 2015 йил якунидаги фермер хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнида Лазиз Тешабоев, Барно Мансурова, Таваккал Мингбоев, Ҳулкарой Маматова, Жуманазар Деҳқонов, Назокат Эргашева ва Рустам Усмонов 7 та лойиҳа бўйича ўтказилган тендер танловларида ғолибликни қўлга киритиб, “Истиқлол” ММТП ҳудудидаги 46 гектар ерда боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил қилишди. Энг эътиборлиси, мазкур хўжаликларда 40 нафардан ортиқ фуқаро иш билан банд бўлди. Ажратилган майдонларга олма, ўрик, шафтоли каби кўчатлар экилди. Кўчатлар орасига эса малина ва мош экиб, даромад олиш режалаштириляпти.
Маълумки, ҳар қандай фарзанд оила боғида ўсиб улғаяди, тарбия топади. Унинг келажакда нечоғли комил ёки ноқобил инсон бўлиб вояга етиши эса, ҳеч шубҳасиз, оилада берилган тарбияга боғлиқ. Қолаверса, ўша фарзанд тарбия топаётган муҳит, яъни маҳалла-кўй, таълим муассасасидаги ҳолатлар ҳам айни масалада муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ота-она ва маҳалла жамоатчилигидан, устозлардан жиддий масъулият талаб қилади. Шунинг учун МФЙнинг “Оилага кириш”, “Бандлик”, “Таълим ва тарбия” ва “Жиноятчилик профилактикаси” секторлари томонидан “Оила-мактаб-маҳалла” ҳамкорлиги доирасида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ёки бирон-бир ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишларини таъминлашга, ўзи қизиққан ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганишига шароит яратишга жиддий ёндашилмоқда. Чунки бу омиллар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмаслиги кафолати ҳамда уларни эртанги мустақил ҳаётга тайёрлаш мактаби ҳамдир. Маҳалланинг мактаб ва коллеж ўқувчилари туман “Баркамол авлод маркази”да ташкил этилган турли тўгаракларга жалб этилган. Шунингдек, маҳалланинг кўпгина ёшлари “NORIKO-GAKKYU” Риштон — Япония маданий-иқтисодий алоқалар марказида япониялик муаллимлар Ванесса Озава ва Учино Асукадан япон тилининг сир-асрорини ўрганишмоқда. Умуман олганда, бугун 117 нафар риштонликлар марказда 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда япон тилидан сабоқ олмоқда.
Яна бир гап. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни турмушга тайёрлаш ва эрта никоҳнинг олдини олиш мақсадида маҳалладаги кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган оила соҳиблари, туман хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлими вакиллари иштирокида мунтазам равишда учрашув ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб борилмоқда. Ана шундай соғлом маънавий муҳит туфайли 2015 йилда оилавий ажримлар қайд қилинмади.
Дилором опанинг мамнунлик билан таъкидлашича, тегишли давлат дастурига биноан жорий йилда йиғин биноси капитал реконструкция қилинади. Бу ҳам ташаббускор раиснинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззахлик кекса ижодкор Мели Норматовнинг "Халқ фарзанди" китобида таниқли давлат арбоби Шароф Рашидов ҳақида хотиралари жамланган....
01 янв 1970
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади....
01 янв 1970
Юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини...
01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...