Бугун ўзгартирмасак... эртага кеч бўлади

/

Бугун ўзгартирмасак... эртага кеч бўлади

 

Очиғини айтганда, бугун фуқароларимиз соғлиқни сақлаш соҳасидан рози эмас. Қайси вилоятга чиқманг, фуқаролар тиббий хизматлар сифатининг қониқарли даражада эмаслигидан шикоят қилади.

 

Тўғри, аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимидан розилигини таъминлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар қабул қилинди. Аммо уларнинг қанчасининг ижроси ҳаётда ўз аксини топди, деган саволга жавоб бериш қийин. Бу билан қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳаётий эмас, дейиш фикридан йироқмиз. Таҳлиллар уларнинг ижроси учун масъул идора ва ташкилотларнинг бепарволикка йўл қўяётганини кўрсатмоқда.

 

Биргина мисол келтираман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси ва 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланганди. 

 

Мазкур Фармон ва Концепцияда соҳадаги тизимли муаммолар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш ва тизимни ривожлантириш учун аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Уларда молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш,  тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгиланган эди.

 

Юқоридаги Концепция ва соҳани ривожлантиришга мўлжалланган давлат дастурлари қабул қилинганига бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу ўринда савол туғилади:

 

Хўш, соҳадаги ривожланишни аҳоли ҳис эта олаяптими, ижобий натижалар борми?

 

Умуман олганда, жойлардаги ўрганишлар натижасида шуни кўриш мумкинки, бугун аксарият аҳолини соғлиқни сақлаш тизимидаги кўплаб муаммолар ташвишга солаяпти ҳамда тизим фаолиятидан норозилигига сабаб бўлмоқда. Жумладан, шифохоналарга бепул йўлланма-ордер олиш жараёнидаги қийинчиликлар, ногиронликни белгилаш тартибидаги муаммолар, шифокорларнинг етишмаслиги, тиббиёт ходимлари маошлари миқдорининг пастлиги сабаб кўплаб шифокорларнинг хусусий клиникаларга ўтиб кетаётганлиги каби муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилинганда, юқорида келтириб ўтилган ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини янада кучайтириш кераклиги, соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган тизимли муаммолар ўз ечимини кутаётганилигини кўриш мумкин.

 

Хусусан, тиббиёт ходимларининг, айрим тор мутахассисларга бўлган талаб юқорилиги жойларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш масаласида юзаки ёндашувларга олиб келмоқда. Битта тор мутахассис мисолида айтадиган бўлсак, бирламчи тиббиёт бўғинларида улар учун бир ёки икки нафар штат ажратилган бўлиб, аҳолиси 150 минг­дан зиёд бўлган туманда диспансер кўригини жўяли ташкил этиш имконини бермайди.

 

Шунингдек, олис қишлоқларда беморларга амбулатор даволаш тавсия этилган тақдирда, мисол учун, антибиотиклар тавсия этилса, беморлар иш вақтидан ташқари вақтда ҳамшира излашига тўғри келмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир қишлоқ оилавий пунктларида қўшимча бир нафардан ҳамшира штати ажратиш орқали навбатчилик ташкил этилиши мумкин.

 

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг жойлардаги ижроси ҳам аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

 

Хусусан, жойларда ҚВПлар нотўғри қисқартирилган бўлиб, унда асосий эътибор кўпроқ аҳоли сонига қаратилган. Бироқ қишлоқлар жойлашуви, туман марказидан узоқ-яқинлиги, қишлоқларга борадиган автомобиль йўлларининг мавжуд эмаслиги ёки таъмирланмаганлиги ҳисобга олинмаган. Натижада айрим ҳудудларда аҳоли бирламчи тиббий ёрдамдан маҳрум бўлиб қолмоқда.

 

Мисол учун, Сирдарё вилояти, Сардоба туманидаги “Бирлик” МФЙда мавжуд ҚВП қисқартирилган ва бино бутунлай бўшатилган. Ушбу маҳалла туман марказидан узоқ жойлашгани, ички йўллар таъмирталаблиги, тез тиббий ёрдам машиналари лой кўчаларда ҳаракатлана олмаслиги сабаб аҳоли бирламчи тиббий ёрдам олишда муаммоларга дуч келмоқда.

 

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, соғлиқни сақлаш тизимида давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан тасдиқланган ҳужжатлар ижроси етарли даражада таъминланиши устидан назорат ўрнатиш лозим. Жойларда камчиликларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик назоратини ўтказиш, фуқаролар фикрларини ўрганиш амалиётини кенг жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, ушбу муаммолар йиғилиб қолишига соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, ҳаддан ташқари марказлашганлиги, қабул қилинаётган идоравий ҳужжатларнинг жойлардаги шароитга тўлиқ мос тушмаслиги каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

 

Шундай экан, соҳада бутунлай янги, замон талабларига мос тизим яратиш керак. Зеро, эски тизим, эски услуб билан янгиликларни соҳага жорий этиб бўлмаслигини вақт­нинг ўзи кўрсатиб турибди. Агар бугун ўзгартирмасак, эртага кеч бўлади...

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунлардан улкан сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юр...
01 янв 1970
Халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди...
01 янв 1970
Бугунги глобаллашув жараёнида, мамлакатлар ва минтақалараро интеграция кучайган, чегаралар шаффофлашган даврда ҳеч бир давлат, алоҳида олинган ҳуду...
01 янв 1970
Яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда 2020 йил Давлат бюджети параметрларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган маса...