Банк мижозларига янги имконият

/
Бугунги кунда банк тизимида мижозлар учун қулай имкониятлар яратиш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, уларнинг ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориши натижасида хизмат турлари сифати янада яхшиланишига эришилмоқда.
 
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам ўз мижозлари учун замонавий инновацион хизмат турларини кўпайтиришга ва яхшилашга эришаётган банклардан бири ҳисобланади. Айниқса, “Сбербанк-Агро­банк онлайн пул ўтказмалар” янги хизмат тури жорий этилганлиги мижозлар учун яна бир имконият бўлди десак, муболаға бўлмайди.
 
Пойтахтимиздаги “Hyatt regency” меҳмонхонасида жорий йилнинг 27 ноябрь куни “Агробанк” томонидан республикамизда биринчи бўлиб йўлга қўйилган ушбу янги хизмат турининг  тақдимоти ўтказилди.Тақдимотда оммавий ахборот воситалари вакиллари, банк мижозлари ва ҳамкорлари, тижорат банклари вакиллари иштирок этишди.
 
Ушбу “Сбербанк-Агробанк онлайн пул ўтказмалар” янги хизмат тури  Россия ва Ўзбекистондаги иккита йирик банклар “Агробанк” АТБ ва  “Сбербанк”нинг ҳамкорлиги доирасида ишлаб чиқилиб, жорий қилиниши натижасида фуқаролар эндиликда пул ўтказмалари ва қабул қилувчилар хизматини амалга ошириш учун, яъни пул жўнатиш ва олиш мақсадида банк филиалларига боришлари шарт эмас. Мазкур хизматнинг яна бир афзаллиги шундаки, энди пулларни Россиядан Ўзбекистонга ҳар куни — 24 соат давомида, шунингдек, дам олиш кунлари ҳам жўнатиш мумкин.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу янги хизмат тури фуқароларнинг Россиядан Ўзбекистонга пул юбориш жараёнидаги бир қанча оворагарчиликларини бартараф этди. Бу хизматнинг йўлга қўйилиши натижасида мижозларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилади. Бундан ташқари, Россиядан  Ўзбекистонга пул маблағларини юбориш учун учинчи шахслар хизматларидан фойдаланишга тўғри келарди. Эндиликда бу жараён автоматлаштирилган бўлиб, Россиядаги барча “Сбербанк” филиалларида ва “Сбербанк Онлайн” мобил иловаси орқали амалга оширилади ва маблағлар мобил илова орқали Россия рублини автоматик равишда олувчининг “Агробанк” “Ҳумо” пластик картасига сўмда ўтказиб берилади.
 
Хўш, Ўзбекистонга пул жўнатиш учун нима қилиш керак?
 
Биринчидан, Ўзбекистондаги қабул қилувчининг телефон рақами киритилади; иккинчидан, рублда керакли маблағ кўрсатилади; учинчидан, автомат тарзда телефон рақамига боғланган сўм пластик картасининг ҳисобига маблағ онлайн ўтказиб берилади. Бунда, Россия рублида қабул қилиб олинган маблағ автомат тарзда сўм пластик картага конвертация қилиниб, ўтказиб берилади.
 
Ушбу хизматдан фойдаланувчи мижозлар юборилган маблағлардан мамлакатимиздаги 250 мингдан ортиқ савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги тўлов терминаллари орқали савдо қилишлари ҳамда “Агробанк”нинг мамлакатимиз бўйлаб ўрнатилган 520 дан ортиқ банкоматларидан нақд пул маблағлари кўринишида ечиб олишлари мумкин. “Agrobankmobile” иловадан фойдаланиб тўловларни амалга ошириш имконига ҳам эгадирлар.
 
—  “Сбербанк” масофавий хизматлар кўрсатишда нафақат Россия­да, балки МДҲ ва хорижий банклар ўртасида ҳам ўз нуфузига эга. У халқаро рейтингларда ҳам юқори натижаларга эришган йирик банклардан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари орқали келаётган маблағларнинг асосий қисми Россия Федерацияси улушига тўғри келаётганлиги сабабли, “Сбербанк” билан ўзаро манфаатли ҳамкорликда ишлаш ва ишончли шерик сифатида танлаш энг мақбул йўлдир.
 
Бу каби саъй-ҳаракатлар, аввало, хизматлар сифати ва кўламининг яхшиланишига, банк хизматлари оммабоплигига замин бўлиш билан бир қаторда, аҳоли ва мижозлар учун банк хизматларидан самарали фойдаланишнинг қулай ва кенг имкониятларини яратиб беради. Бизнинг мақсадимиз — юртдошларимизга жаҳон талаблари даражасидаги хизмат турларини тақдим этиш билан намунали хизмат кўрсатишни энг юқори даражага кўтаришдан иборат, — деди  Бошқарувчи директор — Бошқарув раиси ўринбосари Азамат Тўраев журналистлар билан мулоқотда.
 
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
 
Абдуғани СодиҚов

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда банк тизимида мижозлар учун қулай имкониятлар яратиш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, уларнинг ўзаро ҳамкорликда ...
01 янв 1970
Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2019 йил 13 март куни Халқ банки томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. ...
01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...
01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.