Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!

/

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!

Шу кунларда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ушбу байрам бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Фармойишга кўра, 2019 йил 15 декабрдан 2020 йил 15 январга қадар ватанпарварлик ойлиги деб эълон қилинган бўлиб, унинг доирасида жойларда “Ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари”нинг таълим муассасаларига ташрифи уюштирилмоқда, мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳларида “Мен ҳам Ватанимга хизмат қиламан!” мавзусидаги эстафеталар, шунингдек, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги иншо, сурат, шеър ва амалий санъат ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида чақирувга тайёрланаётган ўспирин ёшлар ўртасида “Мен албатта ҳарбий бўламан!” танловлари ўтказилмоқда, ёшлар ўртасида, маҳалла, туман, шаҳар вилоят марказларида ватанпарварлик руҳидаги турли акция­лар ташкил этилмоқда, буюк боболаримиз жасоратини ифодаловчи саҳна кўринишлари намойиш қилинмоқда.

Ватан ҳимоячилари куни қадр­ли байрамларимиздан бири ҳисобланади. Ушбу байрам арафаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тизимида рўй берган ўзгаришларни, эришилган ютуқ ва натижаларни сарҳисоб қилган ҳолда, олдимизда турган вазифаларни аниқлаштириб олиш учун қулай фурсатдир.

Таъкидлаш жоизки, ўтган чорак аср­дан кўпроқ вақт мобайнида мамлакатимизда мустаҳкам Қуролли Кучлар тизимини яратиш бўйича принципиал вазифалар амалга оширилди. Энг аввало, ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг ҳуқуқий пойдевори бунёд этилди. Мустақил Ватанимиз Конституциясининг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи” эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди. Бош қомусимизда, шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳуқуқий мақоми ҳам аниқ белгилаб берилган бўлиб, унга кўра Қуролли Кучлар Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавф­сизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилиши қайд этилди.

Бош қомусимиздаги ушбу прогрессив нормалар кейинчалик тинч­лик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Айниқса, охирги 3 йилдан бери мамлакатимиз мудофаа ва хавфсизлик тизими билан боғлиқ ўта муҳим қонунлар қабул қилинди. Улар қаторида “Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўрисида»ги, «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисида»ги ва бошқа қонунларни санаб ўтиш мумкин.

Чунончи, 2018 йилнинг 9 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида»ги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг янгиланиши миллий манфаатларимизга нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб жавоб бериш зарурати билан чамбарчас боғлиқдир.

Доктринанинг 6-бандида қайд этилганидек, “Глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётганлиги — геосиёсий қарама-қаршиликнинг кучайиши, можаролар ва танг вазиятларни куч ишлатиб ҳал этишга бўлган ёндашувнинг устунлик қилиши, куч ишлатиш, шу жумладан, оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ошганлиги, ҳарбийлаштириш, халқаро терроризм ва экс­тремизм фаоллашганлиги, ахборот макони ва кибермаконда ўзаро кураш кучайганлиги билан тавсифланади”.

Янгиланган Мудофаа доктринасининг очиқ тарзда эълон қилиниши мудофаа сиёсатимиз очиқлигининг яққол тасдиғидир. Унда асосий урғу мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлиги, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларнинг ривожланаётгани каби муҳим омилларга қаратилган ҳолда Ватанимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлидаги устувор вазифалар белгилаб олинган.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринаси асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва интеллектуал тайёргарлигини юксалтириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, полигонларда тизимли равишда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

2018-2021 йилларда қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича комплекс дастур доирасида охирги икки йилдан бери миллий армиямизни ил­ғор техника, қурол-аслаҳа билан таъминлаш, мавжуд техникани модернизация қилишда катта қадам ташланди. Айниқса, ҳарбий ҳаво кучларини ривожлантириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш, махсус операциялар кучларини энг янги техника ва аслаҳа билан таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борада қатор хорижий давлатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик юқори даражада йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзанд­лари учун республика олий таълим юрт­ларига 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилди. Бугун ҳарбийларнинг 700 нафардан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларида ана шу имтиёздан фойдаланиб таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, имтиёзли кредитлар асосида 2017 йилда 56 та, 2018 йилда 74 та, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Икки йилда 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи оилаларининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Кучли ижтимоий ҳимоя, ўз навбатида, офицер ва аскарларимизнинг фидойилик, бурчга садоқат билан хизмат қилиш, ўзининг профессионал тайёргарлигини ошириб бориши учун замин яратмоқда. Кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашуви тубдан ўзгарди, ҳарбий қисмларда масъулият ва интизом мустаҳкамланди, барча ҳарбийлар қалбида ўз Ватани билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳисси янада ортди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз хавф­сизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида ҳали амалга ошириш зарур бўлган қатор вазифалар борлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Минтақамиз ва бутун жаҳондаги бугунги бесаранжом, тез-тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазият, айниқса, Афғонистондаги ҳозирги мураккаб ҳолат ва у билан боғлиқ тарзда хавф­сизликка қарши реал ва эҳтимол тутилаётган хавф-хатарларнинг кучайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги кунда дунё­нинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда. Бу борада Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, юртимиз остонасига ҳеч қандай бало-қазони яқин келтирмаслик каби ҳал қилувчи вазифалар ҳамиша диққатимиз марказида бўлади”.

Бу борада, айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 20 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган чора-тадбирларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Ушбу фармон билан мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил қилиниши миллий мудофаа саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва муҳим қадам бўлди. Эндиги вазифа — мазкур комплексни изчил ривожлантиришдан иборат. Зеро, мудофаа саноат комплексининг бунёд этилиши яқин келажакда миллий армиямизни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, шунингдек, қўшимча иш ўринлари яратиш, ҳозирда хориждан валютага сотиб олинаётган кўплаб маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконини беради.

Шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борада таълим-тарбия ишларига мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларнинг нав­батдаги босқичи янги сайланган депутатлик корпуси зиммасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Биз, депутатлар парламент назоратининг таъсирчан механизмларини қўллаган ҳолда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг ишларини йўлга қўйишимиз лозим. Зиммамиздаги яна бир долзарб вазифа — жамиятимиз аъзоларини, авваламбор, воя­га етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, уларнинг қалбида миллий ғоя ва миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини янада кучайтириш, Қуролли Кучларимиз билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялашдан иборат.

Мудофаа ва Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилиши Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мус­таҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик

 

палатаси депутати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
10 январь куни Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб парламент конференцияси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...