Дастурда ҳаёт акс этсин!

/
Репетиторга эҳтиёж йўқоладими?
Партиямизнинг жойларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган янги дастурлари лойиҳаси барчани фикрлашга, ҳар бир соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўз сўзини айтишга ундамоқда. Дастур моҳиятидан келиб чиққан ҳолда таълим сифатини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш масаласига янада жиддий эътибор қаратилишини хоҳлар эдим. Айниқса, умумтаълим мактабларида фаолият олиб борадиган ҳар бир ўқитувчи, аввало, ўз устида ишлаши шарт.
Бугунги ўқувчи олий таълим муассасасига кириш мақсадида, албатта, қўшимча пуллик тайёрлов курсларида, репетиторларнинг қўлида ўқияпти. Ваҳоланки, бунга кимнингдир имконияти бор, кимникидир эса йўқ. Лекин барча ёшлар таълим олиш истагида.
Мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига баҳо берганда уларнинг ўқувчилари эришган натижаларга қараб хулоса қилиш керак.
Афсуски, баъзан чуқур билимга эга ўқитувчилар ҳам репетиторлик фаолиятидан кўпроқ фойда олиш ниятида мактабда талаб даражасида дарс ўтмайдиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Демак, гап фақат билим ва малакадагина эмас, масъулиятни ҳис қилишда экан.
Шу билан бирга, ҳар бир ўқитувчининг сифатли таълим бериш масъулиятини ошириш мақсадида улар ўқитаётган ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби йўлга қўйилса, фойдадан холи бўлмайди.
Яна бир масала бор. Мактабларда умумий фикрлардан иборат бўлган айрим дарсларни ихчамлаштириш борасида амалий ишлар қилинаётганлиги, буни давом эттириш айни муддаодир. Табиийки, репетиторлар ОТМга кириш имтиҳонлари учун белгиланган фанлардан аниқ саволлар асосида ўқувчиларни тайёрлашади. Ана шу амалиётнинг ўзи умумтаълим мактабларида қўлланилиши мақсадга мувофиқдир.
Умумтаълим мактаблари, лицейларда ўқув йили режаларини таҳлилий ўрганиш ва натижалардан келиб чиқиб, амалий чора-тадбирлар кўриш партия депутатлари, фаолларининг вазифаси бўлмоғи лозим. Шу ўринда айнан олий таълим муассасаларида ҳам ўқув йили дарс режаларини ўрганиш лозимлиги ҳақидаги таклифларга қўшиламиз. ОТМларда мактаблар учун педагоглар тайёрланишини назарда тутсак, бундай ўрганиш нақадар муҳимлигини англаймиз.
Шунингдек, бизга мактабда фанлар кесимида инновацион янгилик яратган ҳолда услубий қўлланмалар чиқаришда ҳамда бўлажак талабани тайёрлай олиш қобилиятига эга кадрлар кераклигини назардан четда қолдириб бўлмайди. Шу каби талабларга риоя этилса, ёшларимиз орасида билимли ва салоҳиятли ўқувчи ва талабалар кўпаяди. Бугунги замон талаби ҳам шуни тақозо қилмоқда. Зеро, ана шундагина репетиторга эҳтиёж йўқолади. Ота-оналар ва ўқувчилар ортиқча сарф-харажатдан қутулишади.
Ҳамрогул АШУРОВА,
халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши депутати

Таклиф асослантирилиши лозим
“Адолат” газетасининг кейинги бир неча сонларида “Дастурда ҳаёт акс этсин!” умумий сарлавҳаси остида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари лойиҳасига партия фаоллари, мутахассисларнинг кўплаб таклифлари мухлислар эътиборига ҳавола қилиб келинмоқда. Мазкур таклифларда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳаларни замон талабларидан келиб чиқиб ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган ҳаётий муаммолар таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш механизмлари хусусида сўз юритилмоқда. Бу каби таклифларни қўллаб-қувватлаймиз, албатта. Дастурда илгари сурилган вазифаларнинг ҳар бири молиявий асосга эга бўлиши ҳам ушбу вазифалар ижросини таъминлаб, партияга нисбатан юртдошларимизнинг ишончини мустаҳкамлайди.
Зеро, партия ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиши ва ҳар бир вазифани амалга ошириш механизмлари ҳам кўрсатилиши билан кенг жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг, сайловчиларнинг диққатини жалб этиши лозим. Негаки, бугун сайловчиларни қуруқ гап билан алдаб бўлмайди. Бугунги сайловчига амалий иш, аниқ натижа ва ишончни оқлаш муҳим.
Партия янги Сайловолди дастурида жамиятнинг оғриқли масалаларини кўтариб чиқса, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватловчи, адолатни ҳимоя қилувчи мақсадларни жамласа, айни муддао бўлади.
Шу маънода “Адолат” газетасининг ўтган сонларида ногиронлик аравачасини импорт қилиш ҳаётий заруратга айланганлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга коммунал тўловларнинг барча турлари бўйича имтиёзлар бериш лозимлиги юзасидан ўртага ташланган таклифларни қўллаб-қувватлайман.
Барчамизга маълум ҳақиқат: имконияти чекланган фуқароларнинг коммунал тўловларни жамиятнинг барча қатлами билан бир хил тўлашга моддий имконияти етишмайди. Тўғри, истеъмол ҳуқуқи барча учун баробар, бироқ барчанинг саломатлик ҳолати бир хил эмас. Агар партия ўз дастурида ушбу таклифни илгари суриб, уни ҳаётга жорий қилса, бу аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда яна бир адолатли қарор бўлган бўлар эди.
Ногиронлик аравачаси истеъмол бозорида талабга яраша миқдорда мавжуд бўлишини таъминлаш, мазкур ускунани импорт қилиш зарур. Имконияти чекланган фуқароларга балки яқин кишилари, ҳомийлар ногиронлик аравачаси олиб беришни истаб қолар, шундай пайтда улар ушбу ускунани бозордан танлаб, харид қила олиш имконига эга бўлиши керак. Қолаверса, соғлом рақобат бор жойда маҳсулот сифати таъминланади.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда квоталарни бекор қилишга доир таклиф ҳам ўринли масала саналади.
Жамиятнинг билимдон, зиёли қатлами қанча кўп бўлса, мамлакатнинг ривожланиши шунча илгари одимлайди. Бироқ тўрт-беш йилдан кейин етишиб чиққан кадрларни ишга қамраб олиш жараёни қандай кечади? Масаланинг бу томонини ҳал этишда партия қай тартибда иштирок этади? Таклиф мукаммал ишлаб чиқилиши учун шу муҳим жиҳатни ҳам инобатга олиш лозим, деб ўйлайман.
Шоҳруҳбек НИЯЗБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
Яккасарой туман бўлими бошлиғи ўринбосари, партия фаоли

Эътибордан четда қолган масала
Партиямиз нашри ва расмий сайтида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари учун эълон қилинаётган таклифлар билан танишар эканман, партия депутатлари томонидан ташаббуслар асосида қилинадиган ишлар ҳали кўплигини англадим. Дейлик, мазкур чиқишларда фуқароларнинг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига белгиланган қонуний тартиб бўйича прописка қилиниши юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
Масалан, амалдаги тартибларга мувофиқ, мутасадди ташкилотнинг илтимосномаси асосида прописка қилинган фуқаролар учун ҳам Тошкент шаҳрида турар жой олиш, пропискаси кейинчалик ўз кучида қолиши борасида жиддий муаммолар мавжудлиги кишини ўйлантиради. Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурида бу борада аниқ вазифалар белгиланиши мақсадга мувофиқдир.
Бундай муаммоли масалалар партия депутатлари янада синчков, профессионал маҳорат билан иш олиб бориши, қонунчилигимиздаги бўшлиқлар, бир-бирига номутаносиб ҳолатларни бартараф этишда ташаббускор бўлиши лозимлигини кўрсатади.
Шуманай туман партия кенгаши раиси Муратбек Бекжановнинг “Эътибордан четда қолган масала” (“Адолат” газетаси, 2019 йил 13 сентябрь, 37-сон) сарлавҳали мақоласини ўқиб, унда тилга олинган муаммо чиндан ҳам эътибордан четда қолаётганига амин бўлдик.
Мақолада қайд этилганидек, кўпинча ҳайвонлардан юққан касаллик белгилари сезилганидан кейингина одамлар ҳаракатга тушиб қолишади. Афсуски, бунда кечикиш ҳолатлари рўй беради. Муаллиф олис яйловларда чорвачилик билан шуғулланаётган, мамлакатимиз иқтисодиёти, озиқ-овқат таъминотига ўз улушини қўшаётган чорвадорлар турли ёввойи ҳайвонлардан чорва молларини асрашида амалий ёрдам кўрсатиш, бу борада тегишли назорат чораларини кучайтириш муҳим ўрин тутишини тўғри таъкидлаган.
Бу каби масалаларга партиямиз эътибор қаратиши, жойларда муаммолар кўпайишига йўл қўймаслик керак, албатта. Шу боис уй ҳайвонларини асраш ва парваришлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, бу борада маъмурий жавобгарликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, табиатимизда ёввойи ҳайвон турларининг кўпайиши ёки камайиши, табиий ёки бошқа сабабларга кўра янги турлар пайдо бўлиши жараёнида назоратни кучайтириш турли нохуш ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Ўйлаймизки, юқорида келтириб ўтилган ва эътибордан четда қолаётган ушбу масалалар партиямизнинг янги дастурларидан ўрин олади. Партия ўз дастурий вазифаларини амалга оширишда бир қатор аниқ натижаларга эришиб келаётганлигини назарда тутсак, янги дастурларимиз сайловчиларни бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.
Сардорбек ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят кенгаши
ташкилий ишлар бўйича мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ота-онам вафотидан кейин биз фарзандларга уларнинг мол-мулки мерос бўлиб қолди.
01 янв 1970
Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ойлигимни контрактга ўтказиб берсам бўладими, шунда ойлигимнинг ҳаммаси солиқларсиз тўлиқ ўтадими? ...
01 янв 1970
Таъкидлаш жоизки, 2014 йилги сайловларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бир неча номзодлари вилоятимизда сайловчилар ишончига эришиб, маҳа...