Ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистонда

/
Ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистонда
 
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифаларнинг ижроси, шунингдек, Президентимизнинг пандемияга оид фармонлари ва қарорларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари жорий йилнинг 25 июнь санасига қадар ҳудуддаги барча шаҳар ва туманларда бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасидаги аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиши назарда тутилган.
 
Ушбу ўрганиш ишларини олиб бориш тартиблари бўйича ишчи гуруҳ дастлабки йиғилишини ўтказиб, келишиб олди.
Келишув графиги бўйича ишчи гуруҳ аъзолари жойларга чиқиб кетди.
 
Наримон Умаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини Нукус туманидан бошлади
Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича келган ишчи гуруҳ аъзолари шу куннинг ўзида Нукус туманига етиб келди.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари Нукус тумани “Қырантаў” ОФЙдаги “Шортанбай” элатли пункти ҳудудида яқин кунларда ишга тушиши назарда тутилган “Енгил инструкция сэндвич-панелли тикув комплекси” биносида бўлишди. Ушбу тикув цехи раҳбари, тадбиркор Тамара Абдуллаева билан суҳбатлашишди.
 
Суҳбат давомида тумандаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жами 1 миллиард 467 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилганлиги ва бугунги кунга келиб қурилиш ишлари тўлиқ якунланганлиги маълум бўлди. Тадбиркор Тамара Абдуллаева тикув цехи ишга тушса, 150 нафар ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлашини айт­ди.
 
Ишчи гуруҳ поликлиника фаолияти билан танишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги манзили Нукус тумани марказидаги кўп тармоқли поликлиника бўлди. Ҳозирги кунда поликлиника 17600 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда ва ушбу аҳолининг 60 фоизи электрон рўйхатга олинган ва бу ишлар давом этмоқда. Ўрганишлар давомида поликлиника ходимлари ва ташриф буюрувчилар билан суҳбат олиб борилди.
 
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари кун давомида тумандаги бош­қа ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектларида ва маҳаллаларда бўлиши назарда тутилмоқда.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари фермада яратилган иш ўринлари билан танишди
Ишчи гуруҳ аъзоларининг нав­батдаги ташрифи Нукус тумани «Саманбай» ОФЙ ҳудудидаги «Ганеша» фермаси бўлди.
 
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, наслли қорамол зотларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Кейинги йилларда юртимизга насл­дор чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорлик сифатини ошириш, наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш мақсадида хориждан зотли қорамоллар келтирилмоқда. Хусусан, чорвачиликка ихтисослашган ушбу фермер хўжалиги томонидан ўтган йилда 93 бош қорамол ва 170 насл­ли эчки олиб келиниб, боқилмокда. Хориждан келтирилган насл­ли қорамоллар парвариши учун фермер хўжалигига 47 гектар ер ажратилган бўлиб, зарур шароитлар тўлиқ яратилган.
 
Ҳозирги кунда ушбу наслли қорамолларнинг ҳар биридан кунига 20-25 литр сут олинмоқда.
— Фермани ўтган йили ишга туширдим. Ҳозирги вақт­да фермада 10 нафар киши ишламоқда. Келгусида сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи цехни ишга туширмоқчиман. Асосий мақсадим ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлаш, — дейди ферма бошлиғи Алия Базарбаева.
 
Ишчи гуруҳ нега айнан бу маҳаллани танлади?
Ишчи гуруҳ аъзолари Нукус туманидаги «Саманбай» фуқаролар йиғинида бўлиб, мавжуд аҳволни ўрганиш учун аҳоли билан суҳбат ўтказди. Ишчи гуруҳ аъзоларининг айнан ушбу маҳаллада бўлиши бежиз эмас.
Бугунги кунда «Саманбай» ОФЙда жами 12540 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу Нукус тумани аҳолисининг 5/1 қисми ушбу маҳаллага тўғри келади, дегани.
 
Маҳалла фуқаролар йиғинида 79 та эҳтиёжманд оила мавжуд. Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2020 йилнинг ўтган ойларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш ва суғориш воситаси харид қилиш учун фуқароларга субсидия маблағлари ажратилган.
Бу, айниқса, коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар шароитида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров аҳоли билан суҳбат давомида Мауленберген Артиков оиласига, хусусан, унинг ўғли Қобланга алоҳида миннатдорлик билдирди.
 
Қоблан ўтган йили Фарғона вилоятида ҳарбий хизматда бўлиб келган ва бирга хизматда бўлган ўртоқларидан деҳқончилик сирларини ўрганиб, дастлаб ўзининг томорқа ерига иссиқхона қуриб катта даромадга эга бўлганини ва буни кейинчалик қўшниларига ҳам ўргатаётганлигини айтди.
 
Ишчи гуруҳнинг кейинги ташрифи Нукус туманидаги «Нукус агро - FISH» МЧЖ бўлди.
 
Навбатдаги манзил – Мўйноқ
Қорақалпоғистон Республикаси маркази — Нукус шаҳридан 210 километр олисда жойлашган Мўйноқ тумани бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жуда чиройли масканга айланган.
 
Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасига келган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари “Саҳро марвариди”га айланган Мўйноқ туманига ташриф буюрди.
 
Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари яқинда ишга тушган Мўйноқ туманининг «Бозатау» овул фуқаролар йиғини ҳудудида қад кўтарган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳига боришди.
 
Оромгоҳ давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг ноябрь ойидаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириғи асосида бунёд этилди.
 
Туман ҳудудидаги қаровсиз ётган 12,7 гектар ер майдонида «Оқ кема» замонавий болалар оромгоҳи ва соғ­ломлаштириш маркази  қурилиши учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси 36 миллиард сўм ажратган. Ушбу марказ қисқа муддатларда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. «Оқ кема» оромгоҳи бир сменада 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари ташрифи давомида марказдаги болалар ётоқхоналари, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни, стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун ажратилган жойлар билан танишди. Бундан ташқари, маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхона, тиббиёт хоналари ва ошхона замонавий ускуналар билан таъминланган.
 
“Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросимида рамзий калитни олган оромгоҳ директори Зерхан Сайтбекова Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол аъзоси, партия Мўйноқ тумани ташкилотининг “Аёллар қаноти” кенгаши раиси ҳисобланади.
 
Оромгоҳ директори Зерхан Сайт­бекова ишчи гуруҳ аъзолари билан суҳбати давомида оромгоҳда 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганлиги ва пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавф­сизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда мавсумнинг 1-навбатида 13 июнь кунидан 150 нафар бола қабул қилинганлигини таъкидлади.
 
Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шуманай, Қанликўл туманларининг кам таъминланган оилалари фарзандлари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг қобилиятли болалари оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўлишмоқда.
 
Ишчи гуруҳ раҳбари Наримон Умаров оромгоҳда дам олаётган болалар билан ҳам суҳбатлашди.
 
«Оқ кема» оромгоҳи атрофига боғ яратиш мақсадида мевали ва декоратив дарахтлар ўтқазилди. Демак, яқин вақтлар ичида ушбу ҳудуд ҳам яшилликка бурканади.
 
Кейинги манзил Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси ва «Мўйноқ порлоқ текстиль» корхонаси бўлди
Бугунги кунда Мўйноқ туманида 1 та марказий шифохона ва таркибида тез тиббий ёрдам бўлими, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 3 та оилавий поликлиника ҳамда 2 та қишлоқ врачлик пунктлари 30664 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
 
Ишчи гуруҳнинг кейинги ташрифи Мўйноқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасига бўлди. Ўрганиш натижасида Президентимизнинг тиббиёт соҳаси ривожига бераётган эътибор ва ғамхўрликлари натижасида тиббиёт муассасалари замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари, тиббий жиҳозлар, керакли қурилмалар билан таъминланганлигининг гувоҳи бўлишди.
 
Ишчи гуруҳ раҳбари Наримон Умаров тиббиёт соҳаси ходимлари ва ушбу масканга даво истаб келган одамлар билан суҳбатлашди.
 
— 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури бўйича тиббиёт бирлашмамизга ўтган йилнинг ўзида зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жамила Давлетова.
Туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишган ишчи гуруҳ аъзолари «Мўйноқ порлоқ текс­тиль» корхонасига ҳам ташриф буюрди.
 
Мазкур корхонада Хитой давлатидан келтирилган юқори унумли, тикув дастгоҳлари ёрдамида маҳсулот тайёрланмоқда. Корхонада 300 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлайдиган иш ўрни мавжуд. Аммо ҳозирги пайтда карантин сабабли 50 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, ишчи-ходимлар учун барча шароит яратилган.
— Бугунги кунда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳозирча ўзимизнинг бозорларда сотилмоқда ва ташкилотлар учун махсус кийимлар етказиб бермоқдамиз. Келгусидаги режамиз жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринларини янада кўпайтириш, — дейди корхона мастери Ҳусанбой Ахматжонов.
 
Ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттирмоқда.
 
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...
01 янв 1970
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб, фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони яна битт...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди....
01 янв 1970
Мамлакатимиз ўз мустақил тараққиётининг йигирма олтинчи йилига қадам қўйди.