Илмда имтиёз эмас, билим керак

/

Илмда имтиёз эмас, билим керак

 

Шу йил 13 июнда мамлакатимиз Президентининг “2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ бу йил республикамизда ёшларнинг олий таълим муассасаларида таълим олишлари учун 139950 та ўрин ажратилганлиги маълум қилинди. Шундан талабаларнинг 103575 нафари кундузги бўлимда, 31350 нафари сиртқи ва 5025 нафари кечки бўлимларда ўқиш имкониятларига эга бўладилар. Айни пайтда 10125 та ёш магистратурада ўқишни давом эттиради. Умуман олганда, мамлакатимизда олий таълим тизимида ўқишни давом эттирадиганлар 150 минг кишидан ошади. Агар ўтган йили юртимизда ёшлар орасидан олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинганлар 108915 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил режадаги кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 35-36 фоизга ошганини кўрсатади.

 

 Кейинги 3-4 йил ичида мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилаётгани ижобий ҳол ҳисобланади. Эътибор беринг, бир пайтлар республикамизда 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари бўларди. Энди-чи? Юртимиздаги олий ўқув юртларининг сони 115 тадан ошди. Айни пайтда уларнинг баъзиларининг вилоятларда филиаллари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, юртимизда хорижий институтлар ва университетларнинг 15 дан ошиғи иш олиб бормоқда. Уларнинг  сафи эса ҳар йили кўпайиб бормоқда.

 

Ўйлаб кўрайлик, бундан 15-20 йил илгари ёшларимизни катта маблағлар эвазига хориждаги олий ўқув юрт­ларига ўқишга жўнатардик. Энди эса хориждаги олий ўқув юртлари ёшларимизга таълим бериш учун мамлакатимизга келмоқда. Олий таълим тизимида ўқув муассасаларининг кўпайиши, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кучайиши мамлакатимизда бу соҳада кўпдан бери юзага келган бир муаммони ҳал қилишга имконият яратмоқда. Маълумки, ҳар йили республикамизда умумий ўрта таълим мактаблари, лицейлар, коллежлар, академик ва махсус ижод мактабларини битирувчилар сони 600-650 минг нафар ёшни ташкил қилади. Кўп йиллар давомида ана шу битирувчи ёшлардан 55-65 минг нафари олий ўқув юртларида ўқиш имкониятига эга бўлиб келишди, холос. Яъни, мамлакатимизда ўрта таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш 9-10 фоизни ташкил этарди. Бу олий таълим бериш соҳасида ниҳоятда паст кўрсаткич ҳисобланарди. Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу кўрсаткич 60-70 фоиздан ошади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш учун олий ўқув юртларида таълим квоталарини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2018 йилда кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш даражаси 15 фоизга етганди. 2019 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга яқинлашди. Бу йил эса ушбу кўрсаткич 25 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Кейинги йилларда халқимизни илм-маърифатли қилишга хизмат қиладиган бу кўрсаткич янада ошиб бориши  режалаштирилган.

 

Албатта, миллатимизнинг маърифий қудратини юксалтириш, юртимизнинг илмий тараққиётини кучайтириш борасида мамлакатимизда қилинаётган ишлар олий ўқув юртларининг кўпайтирилиши, таълим квоталари сонининг оширилиши —  бу масаланинг бир томони. Шу ўринда масаланинг иккинчи томони ҳам бор, бу талабалар сафига кириш имтиҳонлари орқали энг иқтидорли, билимли, илмга чанқоқ, кучли, етук ёшларни танлаб олиш ва олий ўқув юртларида уларга сифатли таълим бериш, илмий савиясини янада юксалтириш билан боғлиқдир. Бу йил олий ўқув юртларига имтиҳон топшириш пайтида ҳам баъзи ўзгаришлар амалга оширилади. Тест синовлари аввалдидек учта фандан тузилган саволлардан эмас, иккита фан асосидаги саволлардан тузилади. Саволларнинг мураккаблик даражаси ҳам аввалги йилларга нисбатан пасайтирилади. Абитуриентларнинг ҳужжатлари хоҳишига кўра, олдингидек учта олий ўқув юртига эмас, бешта олий ўқув юртига қабул қилинадиган бўлди. Ҳозирги шароитда, яъни тождор вирус  пандемияси туфайли умумтаълим мактаблари ёпилиб, ўқишлар онлайн тарзда ўтилиши оқибатида бу йил абитуриентларга кириш имтиҳонларида умумий равишда бир қатор енгилликлар берилгани яхши иш бўлди. Аммо…

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг  ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг маълумотларига кўра, бу йил ўқишга кириш имтиҳонларида абитуриентларга юқоридаги каби умумий равишда бериладиган енгилликлардан ташқари уларнинг баъзи тоифаларига имтиёзлар бериш ҳам кўзда тутилган экан. Шу мақсадда бу йил давлат грантлари бўйича имтиёзли асосда 8694 та ўрин ажратилибди. Бу имтиёзлардан еттита тоифадаги ёшлар фойдаланишлари белгиланган. Жумладан, 2799 та  ўрин ногиронлиги бўлган шахсларга, 1175 та ўрин ҳарбий қўмондонлик тавсияномасига эга бўлганларга, 1175 та ўрин Қуролли кучлар тартибига кирувчи идоралар ходимларининг фарзандлари учун, 705 та ўрин Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун, 1400 та ўрин меҳрибонлик уйи тарбия­ланувчиларига, 940 та ўрин ижтимоий кам таъминланган тоифадаги хотин-қизлар учун, 500 та ўрин Сўх туманида яшовчи битирувчилар учун ажратилибди.

 

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун бериладиган тавсияномалар аввалги йилларда фақат тест асосидаги кириш имтиҳонлари учун амал қилган бўлса, бу йилдан бошлаб ушбу тавсияномалар имтиҳонлардан ташқари ижодий ва касбий йўналишлар бўйича синовларда ҳам амал қиладиган бўлибди. Бош­қача айтганда, бу икки тоифадаги ёшлар имтиёзли тавсияномалар олсалар бас, хоҳлаган олий ўқув юртларининг талабаларига айланишлари аниқ.

 

Албатта, ҳар бир мамлакат ўзининг маълум тоифа фуқароларига, меҳнат ва бошқа жараёнларда юксак хизмат кўрсатган вакилларига иқтисодий, маънавий, ижтимоий йўналишларда рағбат кўрсатиши бу инсонпарварлик, уларга нисбатан меҳр-муҳаббат, эътибор сифатида улуғланади. Лекин илм-фан соҳасида кимгадир имтиёз бериш, бу соҳага иқтидори ўртача бўлган ёшни олиб кириш, ундан илм-фаннинг етакчисини чиқаришга уриниш илм-фанни улуғлашга хизмат қилмайди. Тўғри, мамлакат миқёсида бир йилда салкам 140 минг ёшга олий таълим эшиклари очиб берилаётган пайтда салкам 8700 абитуриентга кириш имтиҳонларида имтиёз берилиши жиддий, арзирли гапдай туюлмаслиги мумкин. Лекин илм-фанда улкан ўзгаришларни, кашфиётларни иқтисодий ёки бошқа ҳимояларга муҳтож одамлар эмас, илмий иқтидори юксак, илм-фанни юқори қадрлайдиган, билимли шахслар амалга оширадилар. Қолаверса, бу имтиёзга эга бўлганлар илм-маърифатни қадрлайдиган, унга интиладиган ёшлар бўлса яхши, бунинг акси бўлса-чи?

 

Баъзан имтиёзли равишда олий таълим олган шахс кейинчалик иқтидорсизлиги туфайли жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бошқача айтганда, бу имтиёз айрим ҳолларда ўз соҳасини мукаммал биладиган етук мутахассис эмас, шунчаки дипломли кадр тайёрлашга ҳисса қўшиши мумкин. Ваҳоланки, бугунги кунда юртимизга етук мутахассислар сув ва ҳаводек зарур.

 

Келинг,  олий таълим ўқув юртларига киришда имтиёз берилаётганлар хусусида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тасаввур қилинг, ҳарбий хизматни яхши ўтаган, хулқи билан ибрат бўлган, ҳарбийлар орасида билим даражаси юксакроқ ҳисобланган ёшларга олий ўқув юртига киришда имтиёзлар берилади. Ахир ҳарбий хизмат ҳар бир йигитнинг Ватан олдидаги бурчи-ку? Бу бурчни аъло даражада ўтаганларга мукофот бериш, орден-медал билан тақдирлаш мақсадга мувофиқ  эмасми? Ҳар жиҳатдан етук ҳарбий хизматчининг ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртига  ўқишга киришга йўлланма олишини тушунса бўлади. Аммо унинг ҳарбий  хизматининг илм-фанга, олий ўқув юртига имтиёзли ўқишга киришига қандай алоқаси бор? Бундай пайтда ўйлаб қоласан, йигитлар ҳарбий хизматга боргач, у ерда хизмат қилмасдан   ўқишга кириш учун  турли фанлардан тайёргарликдан ўтаётганмиканлар?

 

Ёки олий ўқув юртларига имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлганлар қаторида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимиз ҳам бор. Маълумки, бу мукофот билан илм-фан, адабиёт, санъат, спорт ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари бўйича катта ютуқларга эришган қизлар тақдирланади. Хўш, бу мукофотнинг илм-фан соҳасида имтиёз бериш билан қандай боғлиқлик томони бор?  Ахир юртимиздаги бошқа соҳалардаги давлат мукофотлари соҳибларига бундай имтиёзлар берилмаган-ку? Ёки ижтимоий кам таъминланган тоифадаги хотин-қизларга университетлар ва институтлар эшикларини имтиёзли равишда очиб берсак, уларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб қолармикан? Ахир илм иқтисодий рағбат эмас-ку?

 

Ёхуд олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга кирувчилар орасида Қуролли кучлар таркибига кирувчи идоралар ходимларининг ва Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари ҳам ўрин олган. Тўғри, бу соҳа вакилларининг ишларида мураккабликлар бор. Улар турли  жойларда яшашларига ва ишлашларига тўғри келади. Лекин бошқа соҳалар вакилларининг ишлари осонми? Айтайлик, бутун умрини дала ишларига бағишлаган пахтакорнинг, кечасию кундузи қўйлар кетида ҳаёти кечаётган чўпоннинг, замин қаърида меҳнат қилаётган кончининг, тарихни ўрганиш учун дала-даштлар бағрида тақдири кечаётган археологнинг, бошқалар саломатлиги йўлида азият чекаётган шифокорнинг ва яна бошқа кўплаб соҳалар вакилларининг ишлари осонми? Ёки уларнинг фарзандлари олий ўқув юртларига ўқишга киришга имтиёз олишга арзимайдими? Айтмоқчимизки, олий ўқув юртларига ўқишга кириш айрим соҳа вакиллари фарзандлари учун рағбатга айланмаслиги керак! Жамиятда илм олиш борасида имтиёзлилар ва имтиёзсизлар бўлмаслиги зарур.

 

Мамлакатимизда илм-фан соҳасида, олий ўқув юртларига ўқишга кириш борасида ёшларимиз учун асосий мезон — фақат билим, қобилият, иқтидор бўлиши керак. Бу борада бирор жабҳада орқага қайтиш, кимгадир имтиёз бериш бўлмаслиги шарт. Илм-фан соҳаси имтиёзга эмас, чинакам билимга асосланиши зарур. Ана шунда илм-фан янада ривож топади, мамлакат тараққиётининг асосига айланади.

 

Камол МУҲАММАД ЁҚУБ


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида республика семинари ўтказилди....