Депутатларнинг энг яқин ҳамкори — журналистлар

/
Депутатларнинг энг яқин ҳамкори —  журналистлар
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган бу галги Мурожаатномаси ҳам туман Кенгаши депутати, ҳам аёл, она сифатида мени жуда тўлқинлантириб юборди.
 
Айниқса, давлатимиз раҳбари ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилиши учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилганини айтиб ўтди.
 
Юртбошимиз “Бундан кейин ҳам “Тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, республикамизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз. Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, дея журналистлар фаолиятини алоҳида эътироф этди. Чунки оммавий ахборот воситалари, журналистлар кундалик ҳаётимиз кўзгуси эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.
 
Аслида давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 20 январь куни бўлиб ўтган сайловдан кейинги биринчи мажлисида ҳам “Кўп одамларга журналистлар ёқмайди, лекин улар менга ёқади”,деб журналистларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўр­сатган эди.
 
Албатта, мен бежиз бу масалага тўхталаётганим йўқ. Ахир ўзингиз ўйланг: бугун республика, вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги раҳбарларнинг қадами етмаётган жойларга бориб, масаланинг моҳиятини кенг ёритиб бераётган, муаммоларнинг ечими юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўртага ташлаётган ОАВ вакиллари эмасми? Ёки матбуот, телевидение, радио ва бугунги куннинг энг фаол қатлами бўлган блогерлар қайсидир муаммони ёритиб, жамоатчилик ва мутасаддилар эътиборига ҳавола этгач, ўша масала тез орада ечимини топган ва топаётган ҳолатлар озми? Ёхуд ноҳақликка учраган қайсидир юртдошимизнинг жонига оро кираётган, оғир дамларда уларнинг дардига дармон бўлаётган журналистларку.
 
Бундан ташқари, журналистлар биз, депутатларнинг энг яқин ҳамкоримиздир. Чунки сайловчилар билан бўладиган учрашув ва мулоқотларимиз, айни тадбирларнинг самараси айнан оммавий ахборот воситаларида ўз аксини топади. Ҳамкасбларимизни, жамоатчиликни баҳс-мунозарага чорлайди.
 
Мурожаатномада Юртбошимиз “ҳалоллик вакцинаси” деган янги атамани қўллади. Яъни жамият тараққиётининг кушандаси саналган коррурциянинг пайини қир­қиш учун “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиш энг мақбул ечим сифатида баҳоланди. Шундай экан, Юртдошларимизнинг коррупцияга қарши иммунитетини шакллантиришда ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари фаоллик кўрсатиши зарур. Негаки, оммавий ахборот воситаларида ёритилган коррупцияга оид ҳолатлар жамоатчиликка сабоқ бўлади. Айрим босар-тусарини билмай қолган шахсларнинг ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши учун огоҳлантириш бўлиб ҳам хизмат қилади. Шундай экан, жойлардаги мутасаддилар ўз ҳудудига тааллуқли танқидий-таҳлилий мақолалар, репортажлар ва хабарларни тўғри қабул қилиб, иш ташкил этишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
 
Ҳилола РЎЗИМУРОДОВА,
халқ депутатлари Хатирчи тумани
Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онг...
01 янв 1970
Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, кучга тўлган, ғайрат-шижоати вужудига сиғмайдиган, халқона айтганда, “тоғни урса талқон қиладиган&rdq...
01 янв 1970
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда....