Ташаббускорлик натижа бермоқда

/

Ташаббускорлик натижа бермоқда

 

Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатларимиз сайловчилар ва электорат ишончини қозонган ҳолда фаолият юритмоқда.

 

Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Улуғбек Нодиров сайловчилар ишончини оқлаётган вакилларимиздан биридир. Депутатга “Сарчашма” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Файзулла Элбўтаев маҳалла ҳудудида пойабзал таъмирлаш устахонаси очишда кўмак сўраб мурожаат қилган эди. Партиядошимиз ташаббуси билан жой ажратилиб, ҳомийлар кўмаги асосида устахона учун зарур  асбоб-ускуналар етказиб берилди. Бугун ушбу устахонада Ф.Элбўтаев аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

 

— Халқимизда “Бойликнинг боши соғлик” деган гап бежизга айтилмас экан, — дейди “Сарчашма” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зоҳид Қобилов. — Саломатлигимни назорат қилиш учун доимий тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниб туришим керак. Баъзида шунга ҳам имкон тополмай қоламан. Яқинда фарзандимни ҳам операция қилиш зарур бўлиб қолди. Бу масалада амалий ёрдам сўраб депутатга мурожаат қилдим. Шукрки, яхши инсонлар кўмагида тиббий муолажалар ҳам, операция ҳам ўз вақтида амалга оширилди.

 

Шунингдек, депутат Улуғбек Нодиров кўмагида Р.Шодмонова, Ё.Холмуродов, С.Мажидова, А.Холмуродовларнинг оиласига моддий ёрдам ажратилди.

 

Депутат Илёс Сафаров фуқаролар мурожаатидан сўнг “Шакар” қишлоғидаги 156 та хўжаликка хизмат кўрсатаётган эски трансформаторни таъмирлаш, янги трансформатор ўрнатиш масаласига эътибор қаратди. Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда эски трансформатор тўлиқ таъмирдан чиқарилди, ўрнатилиши лозим бўлган янги трансформатор эса тегишли “йўл харитаси”га киритилди. 165 хўжаликни электр қуввати билан таъминлаш қувватига эга трансформатор йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани эса ишни янада тезлаштиришга туртки бермоқда.

 

Шу билан бир қаторда қишлоқда яшовчи ўндан ортиқ фуқаронинг суюлтирилган газ баллонлари билан боғлиқ муаммоси ҳам ечим топди. Айни пайтда ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш борасида депутат томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Мутасадди идораларга депутатлик сўрови жўнатилиб, уларнинг ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

 

Маълумки, бугунги кунда қишлоқ жойларда инфратузилмани яхшилаш, жумладан, электрон давлат хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолининг ахборот технологияларидан фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Депутатлик гуруҳи аъзоси Дилбар Очилова саъй-ҳаракатлари туфайли “Сарой” қишлоғидаги аҳолини интернет, мобиль алоқа хизматлари билан тўлиқ ҳамда сифатли қамраб олиш мақсадида 2,2 километр узоқликдаги масофадан интернет тармоғи тортиб келинди.

 

— Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман, ёлғиз яшайман, — дейди “Ширинкент” МФЙ фуқароси Фарида Ҳайитова. — Депутатлар хонадонимга кириб келганида кўнглим кўтарилди. Уларнинг ёрдами билан туман бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб туриш учун ёрдамчи тайинланди, ҳар ҳафтада “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари келиб, ҳолимдан хабар олишмоқда,  юмушларимга кўмаклашишмоқда.

 

— Депутатлик гуруҳимиз аъзолари ўзларига берилган ваколатдан унумли фойдаланишмоқда. Қаерда фуқароларни қийнаётган муаммо, ўйлантираётган масала бўлса шу ерда ҳозир бўлиб, унинг ечимига эътибор қаратишмоқда. Йўл таъмирлаш масаласими, электр таъминотими, кимгадир моддий ёрдам ажратишда кўмак кўрсатиш керакми, газ баллонлари билан таъминлаш керакми, ижтимоий соҳа объектларида бирор камчилик мавжудми — кўтарилган масалалар устидан депутатлик назорати ўрнатилиб, уларга мутасаддилар эътиборини қаратишмоқда. Бугунги давр талаби ҳам шу, — дей­ди халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Улуғбек Нодиров. — Қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартишларни жамоатчиликка етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш депутат олдидаги энг асосий вазифалардан биридир. Бугунги кунда сайловчилар ўзларини қийнаётган муаммолар бўйича, биринчи навбатда, депутатларга мурожаат қилаётгани ҳам қувонарли, албатта. Бу айни вақтда депутатларга бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатади.

 

Маълумки, партия Сайловолди дастурида умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамо­йилларини қарор топтириш, электрон дарсликлар ва мультимедиа маҳсулотлари сони ва сифатини, таълим муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, ўқувчиларнинг мутолаа маданиятини ривожлантириш сингари долзарб масалалар ўрин олган. Бу эса депутатлик гуруҳига партиянинг “Таълим сифати партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида ишлаш, фаолият йўналишини янада кенгайтириш имконини бермоқда. Ушбу лойиҳа асосида Жомбой туманидаги қатор умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг электрон дарс­ликлар билан таъминланганлиги даражаси, онлайн дарсларнинг сифати ва самарадорлигини ўрганиш ишлари олиб борилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиясида муҳокама этилди. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Дилбар Очилова, Малоҳат Тошмуродова мониторинг натижаларини баён қилиб, ҳар бир умумтаълим мактаби мисолида кечиктирмай ҳал этилиши зарур бўлган ечимларни таклиф этишди. Ушбу масалаларни халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқиш кўзда тутилган.

 

Таъкидлаш жоизки, бугунги саъй-ҳаракатларимиз фуқароларда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириб, ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратмоқда.

 

Комила УМАРОВА,

халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияс...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги мавқеи ошиб, аҳолининг ишончи янада мустаҳкамланиб боришида унинг бошланғич ташкилотлари фаолияти алоҳида ўрин т...
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолиятида очиқликни таъминлаш нафақат мазкур тизим, балки сиёсий партиялардан ташаббускорликни талаб этмоқд...
01 янв 1970
Бугун жамиятда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти ҳақида гапириш баайни кислороднинг инсон онг-шуурига, қонтомирларига фойдаси хусусида сў...