Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш афзаллиги нимада?

/

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш афзаллиги нимада?

 

Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилаётган янгиликлар, унинг аҳамияти ва зарурати нима, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда. Боиси, молиявий ҳисоботлар салкам 30 йилдан буён миллий стандартлар асосида юритиб келинган, ҳеч қандай қи­йинчилик бўлмади-ку, деб ўйлашимиз табиий.

 

Шундай экан, аввало, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) деганда нима тушунилади ва унинг қандай афзалликлари борлиги тўғрисида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

 

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари – молиявий ҳисоботларни тузиш учун ҳужжатлар тўплами, молиявий ҳисоботларнинг тузилишини тартибга солувчи регламент бўлиб, ташқи фойдаланувчилар томонидан бирор-бир ташкилотга нисбатан иқтисодий қарор қабул қилиш учун фойдаланилади. Яъни, оддий мисол тариқасида келтирсак, бу хорижий инвесторларни мамлакатимизда фаолият юритаётган ташкилотларнинг (компания, корпорация, акциядорлик жамиятлари) акциялари, қимматли қоғозлари ва бошқа турдаги инвестиция жалб қилиши мумкин бўлган моддий бойликларнинг истиқболда ўсиши ёки пасайишини таҳлил қилиши учун зарур ахборотлар билан таъминлаш мумкин бўлади.

 

Биз учун афзаллиги эса мамлакатимиздаги йирик корхоналарга халқаро молия бозорларида иштирок этиш имкони яратилади. Масалан, республикамиздаги йирик корхоналарнинг чет эл фуқаролари ёки юридик шахс­лари томонидан уларнинг акция ва облигацияларини сотиб олиши эвазига ушбу корхоналарга инвестиция киритиш, пировардида корхонани ривожлантириш натижасида Давлат бюджетига тушумнинг ошишига олиб келади.

 

Президентимизнинг мазкур қарорига биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишига ўтиши белгиланган.

 

Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг тўғри, ўз вақтида юритилиши кадрлар масаласига, уларнинг сифатига боғлиқ. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг қарорида МҲХС бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Дарҳақиқат, бу борада энг асосийси, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчиларини 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан бирига эга камида уч нафар мутахассис миқдорида МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминлаш масаласидир. Ана шу ўта залворли ва ҳал қилувчи масала ҳал этилса, қўйилаётган вазифа сифатли уддаланади.

 

Шунингдек, молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилиши белгилаб қўйилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Бундан ташқари, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич халқаро аккредитация­дан ўтказиш юзасидан бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам устувор вазифа сифатида қаралади.

 

Мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига киритиш учун ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиш суръатларига эришиш, бюджет барқарорлиги, ишлаб чиқариш маҳсулотлари рақобатбардошлигини таъминлаш, бунинг учун эса, чет эл инвестицияларини кўпроқ киритиш муҳим роль ўйнайди.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори корхоналаримизнинг жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлиши учун мустаҳкам замин яратади.

 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик

 

палатаси депутати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ло...
01 янв 1970
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....