Қизил олма... энди фақат тушлардами?

/
Қизил олма... энди фақат тушлардами?
 
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди.
 
Иш вақтим тугагач, уйга рўзғорлик қилиш мақсадида “Чилонзор” метроси ёнидаги бозорга шошдим. Албатта, қўлимдаги рўйхатнинг бошида “қизил олма” ёзуви ҳам бор эди. Шу сабаб, қатор териб қўйилган, бир-биридан чиройли қизил, сариқ, кўк олмалар товланиб турган раста олдига келдим. Ярақлаб турган ва кўзни қувонтирадиган олмаларнинг нархи билан қизиқдим. Тўғриси, анчадан буён бозорга тушмаган эканман, нархларни эшитиб, нафасим ичимга тушиб кетди. Савдо сустлигиданми, аламини кимдан олишни билмай турган сотувчи аёл: “Ўзи бозорда нима арзон, нархи кўтарса бизга ҳам яхши эди, бозоримиз чаққон бўларди, совуқда сизга ўхшаган харидорлардан пичинг гапларини эшитиб ўтирмай, молимизни сотиб кетардик”, дея нолиб қолди. “Опа, нега олмалар бунча қиммат бўлиб кетди?” — деб сўрайман. Опа зерикиб ўтирган экан, шекилли, менга ҳижжалаб тушунтира кетди:
 
 — Синглим, олмаларимизнинг энг зўрлари қозоққа, қирғизга олиб чиқиб кетилаяпти, ўзимизнинг бозорларга етмай қоляпти, қолса ҳам сифати пастроқ, мундайроқлари. Бу ҳам камдай, мева “эгалари” бозорларимизни бўлиб олган, мажбурмиз улар белгилаган нархда сотишга. “Қўйлиқ”дан талашиб-тортишиб олиб келиб сотамиз, нархни эшитган харидорлар сизга ўхшаб чўчиб кетишади...
 
Хуллас, беш дақиқада анча маълумотларга эга бўлдим. Бошқа савол беришга ҳожат қолмаганди. Чиндан ҳам бозорларимизда меваларнинг нархлари жуда баланд. Жумладан, олманинг арзони 20 минг сўм атрофида. Сал мундайроқлари 30, 40, 50... Албатта бу нарх харидорга оғирлик қилади.  Негаки, олма меваси мевалар ичида энг ейим­лиси, ёш-қарига тавсия этилади. Айниқса, унинг таркибидаги темир моддаси инсон организми учун жуда фойдали.
 
Ўлкамиз қуёшли, заминимиз ҳосилдор, боғ-роғларимиздаги меваларнинг ширин таъмини ҳеч бир юртда тополмайсиз. Тадбиркорлик, пул, даромад ҳаётимизнинг асосий мазмуни бўлиб турган бир пайтда гапларим эриш туюлар, бироқ элимизнинг соғлом келажагини ўйлайдиган вақт келмадимикан? Бу ҳақда кимлар ўйлайди ўзи? Албатта, ватанпарварлик ҳақида фақат чиройли сўзларни гапирган билан иш битмайди, ахир. Мева монополиясини ушлаб турган масъул ходимлар буни яхши билишса керак. Уларга айтар гапимиз шу: сизнинг қадрингиз пулингизнинг кўплигида эмас, балки шу юрт­га келтираётган нафингизда, эзгу ишларингизда эмасми?
 
Боғларимиздаги қип-қизил олмаларни югуриб юрган болаларимиз, эзгу ниятлар ила дуо қилаётган қарияларимизга илинсак, бунинг нимаси ёмон. Бунинг учун эса бозорларимиздаги нархлар чўнтак кўтарадиган тарзда бўлишини таъминлаш ва соғлом рақобатни кучайтиш лозим. Шундагина фарзандларимиз қарсиллаган қизил олмаларни тушларида эмас, ўнгида ейишади...
 
Сизда битта олмага шунча ваҳимами, деган хаёл уйғотгандирман балки. Бироқ, унутмайликки, эл соғ­лиғи, дастурхони билан боғлиқ масалаларда муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, уларнинг ҳаммаси бирдай муҳим ва, албатта, ўз ечимини топиши зарур.
 
Сиз бунга нима дейсиз, азиз ўқувчи?..
 
Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...
01 янв 1970
Тўй... У ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда азиз, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштирадиган, шодлик бағишлайдиган ма...
01 янв 1970
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади....
01 янв 1970
Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши оила иқтисоди учун муҳим саналади.