Коллеждан — тадбиркорликка

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан Андижон туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Касблар фестивали” ўтказилди.
Корхона ва ташкилотларнинг вакиллари, тадбиркорлар, мактаб ўқувчилари ва ота-оналар олдида коллеж битирувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар намойиш этилди. Унда иш берувчи корхоналар вакиллари ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари юзасидан маълумот бериб, корхонада тайёрланган маҳсулотларни намойиш қилдилар. Бир неча йилдан буён “Пласт анд сервис” масъулияти чекланган жамияти ва “Хуршид текстиль” хусусий корхонаси кадрлар тайёрлашда коллеж билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Тадбирда бу ҳамкорлик ўз самарасини бераётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
2014-2015 ўқув йилида мазкур коллежни 4 та мутахассислик бўйича 298 нафар йигит-қиз тамомлаган бўлса, улардан 10 нафари тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Натижада ёш тадбиркорлар томонидан бир неча янги иш ўринлари яратилди.
— Мен ўтган йили автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик йўналишини тамомладим, — дейди Абдулхай Назаров. —Бугунги кунда биз, ёшларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, хусусий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасини бошқармоқдаман.
Зилола Мамажонова ҳам ана шундай ташаббускор ёшлардан. У тикувчилик касбини эгаллаган. Ёш бўлишига қарамай коллежда тикувчиликдан амалиёт устаси сифатида устозлик қилиш билан бирга малакали дизайнер даражасига етишди. Яратган лойиҳалари чеварларга манзур бўлмоқда.
— Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиш суръатлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, — дейди коллеждаги бошланғич партия ташкилоти раиси Дилмуроджон Юсупов. — Партиямизнинг Сайловолди дастурида ҳам бу масала долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, битирувчиларни тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Айни шу мақсадда ўтказилган “Ёш тадбиркор — элга мададкор”, “Менинг бизнес-ғоям” ва “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” каби мавзулардаги тадбирларнинг давоми сифатида ташкил этилган касблар фестивали уларнинг фаоллигини янада оширди. Молия муассасалари вакиллари томонидан бизнес-режа тузиш қоидалари, тижорат банкларида ҳисоб рақами очиш ва кредит олиш тартиб-таомиллари тушунтирилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги 29 нафар йигит-қизнинг бизнес лойиҳалари билан танишиб, уларга зарур тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида 9-синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш мақсадида коллежда яратилган шароитлар, мавжуд йўналишлар ва ишлаб чиқариш устахоналари фаолияти билан таништирилди.
Шунингдек, бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон “Адолат” СДП сафига қабул қилинди.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ижросини таъминлашда парламентимиз ва сиёсий партиялар зиммасига...
01 янв 1970
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир сиёсий партиянинг фаолияти ҳақида сўз борар экан, энг аввало, фуқаролар унинг депутатлари олиб бораётган ишларга қараб баҳо берад...
01 янв 1970
Тиббий кўрик давомида айрим касалликлар аниқланиб, уларни даволаш, касалликлар кучайиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда....