Нуронийларга юксак ғамхўрлик ифодаси

/
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. У узоқ йиллар халқ таълими тизимида меҳнат қилган. Мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири, директор ўринбосари, директор сифатида фаолият кўрсатган. 2009-2014 йилларда партиямиздан халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашига депутат бўлган. Мана уч йилдирки, тажрибали сафдошимиз “Нуроний” жамғармаси туман бўлимига раҳбарлик қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида Б.Устабоев билан суҳбатлашдик.
 — Президентимиз имзолаган бу муҳим ҳужжат билан танишар эканман, юртимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароит яратиш каби муҳим масалалар яна бир янги босқичга кўтарилганига ишонч ҳосил қилдим, — дейди Б.Устабоев. — Мазкур ҳужжатда истиқлол йилларида мамлакатда ишлаб чиқилган кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш юзасидан янги вазифалар белгилаб берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини юксалтириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан жамият манфаатлари йўлида оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналиш халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ва миллий қадриятларимизга ҳам тўла мос тушади.
Ўз навбатида, кексаларимиз ҳам давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашиш, юртимизда хотиржамлик ва осойишта муҳитни таъминлаш, оиладаги муносабатларни мустаҳкамлашда ўзларининг панд-насиҳатларини аямайдилар. Бу эса фарзандларимизнинг улуғ Ватанимизга муносиб инсонлар бўлиб етишишларига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади. Фармонда кун тартибига қўйилган вазифалар орасида касалликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда даволаш учун 2,8 миллион нафар кекса ёшдаги фуқароларнинг ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиши белгиланганлиги, айниқса, нуронийларимизнинг сиҳат-саломатлиги барча нарсадан устун, деган ҳаётий тамойилни рўёбга чиқаришда амалий аҳамият касб этади.
Туманимизда кўп йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётганлар 18 минг 500 кишини ташкил этади. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам жамоат ишларида фаол, ёшларни юртга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар. Улар орасида Муҳаммадали Йўлдошев, Ўктамхон Иброҳимова, Тошпўлат Бойдадаев, Турсунпўлат Худойбердиев каби кўпчиликнинг ҳурматига сазовор фахрийлар бор. Етти нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 322 нафар фронт орти меҳнат фидойилари ҳам эл-юрт ардоғида яшаб келмоқдалар.
Бундай ажойиб кишилар қаторида партиядошларимиз ҳам талайгина. Улардан бири етмиш ёшни қоралаб қўйган Аҳмаджон ака Юсуповдир. У ҳозир ҳам туман саломатлик маркази раҳбари сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бир неча йил “Адолат” СДП туман кенгашига етакчилик қилган. Айни пайтда ҳам партиявий тадбирлар унинг иштирокисиз ўтмайди, оқсоқол ёш сафдошларимизга кўмак беришдан чарчамайди
Биз “Нуроний” жамғармаси туман бўлими фаоллари билан Президентимиз фармонини ўрганиб чиқдик ва уни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим роль ўйнашига ишонамиз.
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби
Нурбек АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, кучга тўлган, ғайрат-шижоати вужудига сиғмайдиган, халқона айтганда, “тоғни урса талқон қиладиган&rdq...
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....