Самарқандга ҳар соҳада муносиблик, ибрат ва ташаббускорлик ярашади

/
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъулият юкламоқда.
Сир эмас, авваллари давлат раҳбарларининг ислоҳотлар жараёни билан танишиш учун мамлакатнинг муайян ҳудудига ташрифидан сўнг жамоатчилик ўша ҳудудда навбатдан ташқари сессия ўтказилганлиги, ислоҳотлар жараёни талабларидан келиб чиққан ҳолда жиддий муҳокамалар бўлиб ўтгани ва юқори лавозимдаги тўрт-беш нафар мансабдор шахсларнинг ўз вазифасидан четлатилганлигидан хабар топиш билан кифояланарди. Аммо халқ турмушидаги номутаносибликни, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни қай тартибда ҳал этиш, камчиликлардан қутулиш учун бугуноқ ишни нимадан бошлаш керак, эртага қандай ҳаракат қилиш лозимлиги кўпчиликни ўйлантириб қолаверарди. Энди эса мамлакат раҳбарининг вилоятларга ташрифидан кутилган мақсад-муддаоларнинг мундарижаси, мазмун-моҳияти тубдан ўзгариб, соф амалий, конструктив аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг Сирдарё вилоятига, хусусан, унинг тараққиётдан ортда қолган Ховос шаҳарчасига ташрифидан сўнг бу ерда қисқа вақтда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, халқнинг кайфиятидаги жўшқинлик, жамиятга ва ўз-ўзига ишонч кучайганлиги шундан далолат беради.
Бугун юртига меҳр қўйган халқнинг, айниқса, эҳтиёжманд фуқароларнинг муаммолар гирдобида ўралашиб қолмай, олислардан иш изламай, ўз оиласини, фарзандларини зориқтирмай боқиб-тарбиялаши, фуқароларга иш берувчи корхона-ташкилотларнинг бир нуқтада депсинмай, янада кенг қанот ёзиб, ғайрат билан ишлаши, кўпроқ фойда олиши, ўз маҳсулотлари-ю хизматларини жаҳон бозорига тақдим этиши, давлат бошқарув идораларининг эл-улус билан ҳамфикрлигини таъминлашнинг аниқ йўллари кўрсатилмоқда. Бошқарув бўғинидаги ҳар бир раҳбардан вазифага яраша масъулият, жавобгарлик, ижро интизоми талаб қилинмоқда.
Президентимизнинг Самарқандга бу галги ташрифи худди ана шу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилганлиги билан вилоят фаолларининг, минг-минглаб тадбиркор, фермерларнинг, яхши яшаш истагидаги оилаларнинг дилидаги муддао бўлди десак, янглишмаймиз.
Давлатимиз раҳбари Самарқанднинг жаҳонаро обрўсини янада ошириш, уни халқаро туризм чорраҳасидаги энг жозибадор масканга айлантириш орқали иқтисодиётга янгича куч-жўшқинлик бағишлаш, она заминимизда етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш, экспортбоплигини таъминлаш орқали даромад салмоғини ошириш, тадбиркорликни, кичик ва ўрта бизнесни кескин ривожлантириш, қурилиш-ободончиликлар кўламини кенгайтиришнинг аниқ режаларини баён этди.
— Сизлар билан йил бошида учрашиб, вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, умуман, халқимиз ҳаётини, турмуш даражасини ошириш юзасидан улкан вазифаларни белгилаб олган эдик, — деди давлатимиз раҳбари учрашув чоғида. — Ўтган олти ой давомида бу вазифалар нечоғлик бажарилгани барчамизга яхши маълум. Ижобий натижалар ҳам, ечимини кутаётган масалалар ҳам салмоқли. Бугун Самарқандга келиб, яна сизлар билан фикрлашиб олиш, белгилаган режаларимизни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишни шиддаткор даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Негаки, замон шунчалик тез ривожланяптики, бу борада яқин ва узоқ хорижий давлатлар, ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётини таҳлил этиб, ўзимизнинг йўлимизни танламасак, глобаллашув жараёнларида жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлмасак, олдимизга қўйилган мақсадларни амалга ошириш қийин кечади.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда туризм устувор соҳа бўлиши зарурлигини таъкидлаб, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштиришга 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинганини вилоят фаоллари, ҳар бир самарқандлик мамнуният билан кутиб олди. Бундан ташқари, мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга 400 миллион доллар ажратилишини Самарқанднинг аграр имкониятларини билган ҳар бир фермер чуқур қониқиш билан эътироф этди.
Президентимиз 1 минг 360 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган, пахта, ғалла ва озуқабоп экинлар етиштираётган Оқдарё туманидаги Воҳиджон Турдиев раҳбарлигидаги “Pure milk Oqdaryo” фермер хўжалигининг юқори самарадорликка эришаётганини тажриба сифатида кўрсатди. ўўза майдонларида тўлиқ томчилатиб суғоришни йўлга қўйган фермер ҳар бир масалада ҳисоб-китоб, тежамкорлик билан иш юритиб, юқори даромад олмоқда. Бундай изланувчан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари вилоят аграр соҳасини тараққий эттиришнинг ишончли кафолати сифатида ҳар бир туманда, қишлоқда иш олиб бориши одамлар турмушига фаровонлик, янгича мазмун, қут-барака олиб киради.
Мамлакатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи ва бу жараёнда бўлиб ўтган мулоқотлардан олган таассуротларни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев шундай изоҳлайди:
— Президентимиз, энг аввало, инвестицион муҳит яратиш, нуқтаи назарни ана шу муҳит талабларига мослаштириш вазифасини қўйди. Яъни ҳар бир раҳбар инвестор топиш, топганда ҳам ўз бозорига эга инвестор топиш маҳоратини ўзлаштирсин.
Тадбиркорга, хорижий сармоядорга фаровонлик бунёдкори сифатида қарашни ўрганиш энг оғир масала бўлиб қолмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Тадбиркор билан дилдан суҳбатлаша олмайдиган, унинг қонуний талабларини бажармайдиган раҳбар бугун узоқ ишлай олмайди. Ваҳоланки, пахта етиштириш кластер усулига ўтаётган, ҳатто ғалла майдонлари ҳам қисқартирилаётган бир пайтда ҳокимлар бу соҳа ташвишларидан ортган вақтини маҳаллий хом-ашёни қайта ишлайдиган, яъни қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) яратадиган корхоналар очишга сарфлаши лозим.
Давлатимиз раҳбари бу ишнинг механизмини ҳам белгилаб берди. Жумладан, ҳар бир сектор раҳбари ўз ҳудудида тадбиркорлар сафини икки баравар ошириш режасини тузсин. Мисол учун, Каттақўрғон туманида агар ҳозирда 1200 нафар тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаёган бўлса, йил охиригача улар сони уч мингтага етказилиши лозим. Агар ҳар бир туманда ҳокимлик, банк, молия ва назорат идораларида 300 дан ортиқ масъул ходим борлигини инобатга олсак, уларнинг ҳар бири йил охиригача икки нафардан фуқарога тадбиркорликни йўлга қўйишга ёрдам берса, бандлик ва бюджетни тўлдириш муаммосига ўрин қолмайди.
Юртбошимиз ислоҳотлар кўламини кенгайтириш, унинг самарадорлигини таъминлашда давлат органлари жамоат, нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик кучидан оқилона фойдаланиши зарурлигини таъкидлади. Хусусан, муаммоларни жойида бевосита маҳалла ва хонадонларда ўрганиш ва ечимига биргаликда киришиш камчиликларни бартараф этиш баробарида фукаролар ижтимоий фаоллигини ҳам таъминлайди. Раҳбарларнинг жойларда, телевидение ва радиода, босма нашрларда ўтказадиган очиқ мулоқотлари халқнинг улар фаолиятига баҳо бериш имкониятини яратади. Айниқса, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз сайловчилари билан учрашув, суҳбатларни кўпайтириб, уларни қийнаётган муаммоларни давлат органлари олдига кўндаланг қўя олишлари лозим.
Раҳбарнинг янгича, замонавий фаолияти деган тушунчага давлат раҳбари лўнда изоҳ берди. Ҳар бир раҳбар ўз ҳудудида қайта ишланувчи хомашёлар ҳақида тасаввур ва маълумотга эга бўлиши, қайси экин кўпроқ даромад бериши, икки-уч йилдан кейин қайси соҳага эҳтиёж кучайиши ҳақида пухта таҳлилга эга бўлиши шарт. Ва ҳозирданоқ ишбилармонларни ўша йўналишга жалб этиши керак.
Яна бир муҳим нарса. Президент бошқарув органларида ҳам рақобат муҳитини яратиш зарурлигини таъкидлади. Яъни бу ишни секторлар фаолиятини ўрганиб, мониторинг қилиб, унинг натижаларини оммага етказиш орқали йўлга қўйиш мумкин.
— Самарқандни ривожлантириш учун тақдим этилган ва ижроси шахсан давлатимиз раҳбари томонидан назорат қилинаётган лойиҳалар салмоқли, — дейди шаҳардаги “Парвоз прокат сервис” МЧЖ раҳбари, “Адолат” СДП аъзоси Сулаймон Боқиев. — Хусусан, “Самарқанд” халқаро аэропортини ривожлантириш лойиҳасига биноан соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш белгиланган. Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида умумий майдони 360 гектарлик туристик марказ барпо этиш, унинг 80 гектарида анжуманлар саройи, меҳмонхоналар ва бошқа маданий объектлар қурилиши режага киритилгани Самарқанднинг туристик салоҳиятини оширишда катта туртки бериши кутилмоқда. Натижада фақат жорий йилнинг ўзида Самарқандга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 510 минг кишини, келгуси икки йилда эса 2 миллион кишини ташкил этиши мўлжалланмоқда. Фақат 2019-2020 йиллар давомида қиймати 220 миллион АҚШ долларига тенг 164 та лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади. Демак, самарқандликлар учун янги, даромадли, экологик тоза иш жойлари яратилади. Бу ташаббусни фақатгина қўллаб-қувватлаш, амалиётга татбиқ этишни тезлаштириш лозим, холос.
Галдаги суҳбатдошимиз “Самарқанд ALJ” концерни раҳбари, “Адолат” СДП фаоли Жуманиёз Алибеков ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифодалайди:
— Самарқанд ва самарқандликлар ҳаётига янгиланишлар тобора чуқурроқ кириб келмоқда. Президентимиз вилоятда кўп қаватли уй-жойлар қуриш, ичимлик суви ва оқава сув тизимини модернизация қилиш, Самарқандни марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлашни яхшилаш чоралари ҳақида сўз юритди. Янги қурилаётган уйларни адолатли тақсимлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Чунки ғамхўрликка, меҳрга муҳтож ҳеч бир оила эътибордан четда қолмаслиги зарур. Фуқароларнинг давлатга ва жамиятга ишончини ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолати, таъбир жоиз бўлса, ҳаракатга келтирувчи кучи деб биламан.
— Айни шу жойда раҳбарлик масъулияти, иқтидори ҳақида гапириш ўринлидир, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ҳасан Нормуродов. — Юксак дид ва маънавият, маданият ва маърифат ислоҳотларнинг таянч нуқтаси бўлмоғи лозим. Лекин баъзан раҳбар фаолиятига баҳо беришда унинг ваколат доирасидаги ишлари билан кифояланиб қоламиз. Айтайлик, ўша раҳбар ҳаётни, одамлар турмушини теранроқ тушуниб олиш учун қачон, қайси китобни ўқиди, қайси театрга томошабин сифатида қадам қўйди ва олган таассуротлари нимадан иборат бўлганлиги ҳам муҳим жиҳат саналади. Аниқроғи, жавондаги китоб очилмай қолгани, театрдагилар куйиб-пишиб нима демоқчи бўлишганидан бехабарлик раҳбар билан икки оғиз суҳбат жараёнида билиниб қолади. Ахир китоб ўқимайдиган раҳбар халқнинг юрагини, орзу-армонини қаердан тушуниб етсин?! Шу боис айрим раҳбарларни кўрганимда масъулият ҳақида, унинг серқирра томонлари ҳақида такрор-такрор ўйга ботаман.
Эътибор беринг: Президентимиз ташрифидан сўнг бирйўла иккита туманда — Самарқанд ва Жомбой туманларида халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессиялари бўлиб ўтди. Афсуски, ҳар иккала сессияда ҳам туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чораларни кўрсатиб беролмадилар. Жомбой туманида тадбиркорни тан олмаган ҳоким, менинг секторимда аҳвол яхши, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш жойида, деб ишонтирмоқчи бўлган туман прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи ёлғон маълумотни қўлтиқлаб юргани маълум бўлди. Одамлар тақдирини шундай раҳбарларга ишониб бўладими? Табиийки, ҳар иккала сессияда бошқарувга, сектор раҳбарларининг фаолиятига нисбатан тегишли хулоса билдирилди. Аммо йўл қўйилган масъулиятсизликнинг, кўзбўямачиликнинг, одамлар норозилигига сабаб бўлган бошқарувдаги салбий муносабатларнинг оқибатларини бугуноқ бартараф этмасак, халқнинг ишончини йўқотамиз. Ахир Президентимиз Самарқанд вилоятида ғалла экилаётган майдонларни 12,5 минг гектарга қисқартириш, худди шу майдонларда даромадли экинлар экиш, деҳқон оилаларининг кўпроқ манфаат топиши ҳақида кўрсатма берди. Буни амалга оширадиган туман раҳбарларида халққа қайишиш, қатъият ва ҳозиржавоблик ҳам керак-да.
Хуллас, масъулият ва ҳозиржавоблик, ташаббус ва изланувчанлик, шашту шиддати баланд замон қўяётган вазифалар олдида уйғоқлик самарқандлик ҳар бир кишидан — раҳбар ва тадбиркордан, депутат ва зиёлидан талаб этилаётган зарур фазилат. Шундагина одамлар ишончига лойиқ бўлиш, уларнинг кундалик ташвиш-муаммоларини енгиллаштириш, ислоҳотларга соғлом муносабатни, ташаббус ва ижодкорликни қарор топтириш мумкин. Зотан, Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғида айтилганидек, “барча саъй-ҳаракатларимиз, мақсад-муддаомиз халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган”.
Ҳақ гап! Халқ билан яшаб, унинг талаб-муддаосини бажо келтириш, яхши яшаш истагидаги оилаларнинг, тадбиркорларнинг ўз йўлини топиб олишига кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига ҳозиржавоблик билан пешвоз чиқиш давлат идоралари раҳбарларининг муқаддас бурчидир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...
01 янв 1970
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши ан...
01 янв 1970
Йигирма етти йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг у...
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....