Халқ фаровонлиги кўзланган дастур

/
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айланса. Кейинги йилларда мамлакат ҳаётида муҳим ҳисобланган масалалар, қонун, қарор, фармон, дастур лойиҳаларини халқимиз иштирокида муҳокама этиш ва қабул қилиш амалиёти жорий этилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси” портали, “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий сайтларида мазкур масалалар юзасидан кенг жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилганини бунга мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин.
Маълумки, йирик марказлашган давлат асосчиси Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асаридаги биринчи боб “Кенгашлар ва тадбирлар” деб номланади. Бу бежиз эмас. Соҳибқирон Амир Темур ушбу асарда салтанат ишларида энг биринчи галда тўрт нарсага амал қилиниши лозимлигини, Кенгаш ва Машварату маслаҳатни давлат қудратининг асосларидан бири сифатида қараганини таъкидлаган. Бундан аён бўладики, Соҳибқирон бобомиз ҳам ҳар қандай масалани халқ ва уламолар билан кенгашиб, маслаҳат ва машварат асосида иш кўрган.
Жорий йилда мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар ўз ифодасини топган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқиш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилгани ҳам давлат бошқарувида халқимиз иштирокини ҳамда очиқлик, ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур Давлат дастури лойиҳаси кенг халқ муҳокамасидан ўтказилаётгани, уни такомиллаштиришда юртдошларимиз, турли соҳа вакиллари фаол иштирок этаётгани ушбу ҳужжатнинг ҳар жиҳатдан пухта, ҳаётий, энг муҳими, халқимизнинг орзу-истакларига монанд бўлишига замин яратади.
Ижтимоий ва гуманитар соҳаларни янада демократлаштириш — аҳоли фаровонлигининг асоси деб ҳисобловчи партиямиз фаоллари томонидан Давлат дастури лойиҳасининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” бобига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Дастурнинг 132-бандидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда унинг лойиҳасида партиямиз ишчи-ходимлар ҳуқуқлари муҳофазаси таъминланиши, иш берувчилар ўз ходимлари учун зарур ижтимоий, технологик, таълим шароитларини яратишга масъуллигига доир, оддий қишлоқ меҳнаткашларини, мавсумий иш билан банд бўлган аҳолини самарали ҳимоя қилиш механизмлари акс этиши лозим, деб ҳисоблайди. Шунингдек, инсоннинг оиласидаги фаровонлик, ўзининг ҳаётга муносабати, охир-оқибат эса жамиятимизнинг барқарорлиги унинг қандай иш билан таъминланганига, меҳнати учун қай миқдорда муносиб ҳақ олаётганига бевосита боғлиқ эканлигини ҳам назарда тутиш даркор.
Давлат дастури лойиҳасидаги мазкур йўналишнинг 141-бандида пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнини тубдан оптималлаштириш учун архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашувини жорий этиш, давлат хизматлари маркази орқали пенсия тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйиш назарда тутилган. Дарҳақиқат, лойиҳада ушбу масала ўз ифодасини топганлиги нафақат пенсияга чиқиш арафасидаги инсонларни, балки барча фуқароларимизни қувонтиради. Чунки ўтган йилда архивларга 100 минг нафардан ортиқ фуқаро меҳнат фаолиятига оид маълумотлар олиш юзасидан мурожаат қилган бўлиб, улардан 17 300 нафарининг ҳужжатлари йўқолиб кетганлиги ёки топширилмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатлари қониқтирилмаган. Бу рақамлар 2018 йилда партиямизнинг “Ижтимоий соҳа ривожи — аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари ўрганилганда маълум бўлди. Бундан ташқари, ўрганилган 1 800 та ташкилотларнинг 46 фоизида идоравий архивлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 15 фоизида эса идоравий архив умуман шакллантирилмаганлиги аниқланди.
Ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида давлат ва нодавлат ҳамда идоравий архивларни ташкил этиш ва юритиш тартибини бузган корхона, ташкилотлар мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш, архивда ҳужжатларнинг электрон нусхаларини ва ягона маълумотлар базасини яратиш орқали аҳолини ортиқча оворагарчиликдан халос этиш мақсадида аниқ нормалар кўзланган. Мазкур ўзгаришларни Давлат дастури лойиҳасида, бу борада кўзда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида акс эттириш мақсадга мувофиқ бўларди.
Шунингдек, дастурнинг 143-бандида 231 та тиббиёт муассасасида 972,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, тез тиббий ёрдам хизмати учун жаҳон талабларига мос бўлган, ҳаракатланиш давомида беморга реанимацион тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берадиган 75 та реанимобил ва ҳаракатланиш қийин йўллардан юра оладиган 50 та махсус тез тиббий ёрдам автомашиналари сотиб олиш, мазкур хизматни авиация техникаси билан таъминлаш, 16 та тумандаги тиббиёт муассасаларида “маблағ бино учун эмас, балки бемор учун” тамойили асосида ишни ташкил этиш режалаштирилаётгани, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилганлиги ҳам жойларда фракциямиз аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизга сайловчилар ва тиббиёт ходимлари баён этган кўплаб муаммолар ечим топишига туртки бўлишини қайд этиш лозим.
Дастур лойиҳасида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, амалий натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” узлуксиз занжиридан иборат махсус портал ташкил этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш ҳажмини босқичма-босқич оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва илмий ишланмалар бўйича амалий натижадорликни ошириш каби бандларнинг ўрин олганлиги мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён илмга асосланган инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади.
Дарҳақиқат, бугун дунё бозорида рақобат кучайган бир шароитда, шубҳасиз, тараққиёт фақат инновацион ривожланиш йўлини танлаган, янги фикр, янги ғояларга таянган давлатларники бўлади. Шу боис ҳам бугунги кунда юртимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтилмоқда. Бу эса “Адолат” партияси танлаган йўл тўғри эканлигини яна бир бор амалда намоён этмоқда.
Шу билан бирга, фракциямиз аъзолари томонидан Давлат дастури лойиҳасида соҳалар тараққиётини таъминлашга доир белгиланган вазифалар юзасидан ҳамда жамият ва давлат ривожланишига хизмат қилувчи янги вазифаларни белгилаш бўйича бир қатор таклифлар тайёрланди.
Давлат ва жамият қурилиши соҳасида мансабдор шахслар томонидан депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш, бир қатор вазифалар, хусусан, сайловларни ўтказишнинг пропорционал тизими бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, давлат идоралари ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кенгайтириш, вазифаларни амалга ошириш механизмларига аниқликлар киритиш борасида ўз позициясини билдирди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатларнинг тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтириш, “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, давлат архиви ва идоравий архивлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик муҳокамаси тўғрисида”ги бир қатор қонунларни ишлаб чиқиш ва бошқа таклифлар илгари сурилди.
Ижтимоий соҳада аҳоли томорқалари ҳисобига мева-сабзавот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланиладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар, кичик паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик хўжаликларини тузиш, соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, болалар стоматологик касалликлари профилактикасини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Иқтисодий соҳада “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш ва қабул қилиш, мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳитини “Бизнесни юритиш” рейтингидаги биринчи 10 талик давлатлар талабларига мос уйғунлаштириш, шаҳар типидаги посёлкаларнинг инфратузилмасини модернизация қилиш, иқтисодий фаолиятни легаллаштириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётда сурункали равишда “яширин” фаолият олиб бораётган субъектларга нисбатан солиқ сиёсатини қўллаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Бюджет кодекси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ва чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш таклифларини киритдик.
Албатта, Давлат дастуридаги барча бандлар ўз ижросини топади ва аҳолимиз фаровонлиги учун хизмат қилиб, ҳар бир фуқаромизнинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатади. Бунинг учун партиямизнинг барча даражадаги депутатлик корпуси самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга оширади.
Эртанги кунимиз яна ҳам фаровон бўлиши учун бугундан ҳаракат бошлашимиз лозим. Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида барчамиз ўз таклифларимиз, фикрларимизни билдиришимиз нафақат ўзимизнинг, балки мамлакатимизнинг эртаси учун қўшаётган беқиёс ҳиссамиз эканини ҳар бир юртдошимиз чуқур англаши зарур. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фаол инвестициялар ҳисобига ижтимоий ривожланишга эришамиз.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ходимлари ҳамда...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....