Кузатувчилар миллий сайлов тизимимизга ижобий баҳо берди

/
Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штабида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш бўйича ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Экспертлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси Қ.Жўраев, партиянинг Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири Р.Урманова билан учрашишди.
Учрашув давомида ЕХҲТ кузатувчиларига “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш борасида амалга оширилган ишлар, сайловолди кампаниясининг бориши, партиянинг VIII Қурултойига тайёргарлик ишлари ҳамда ушбу жараёнда партия тузилмаларининг фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан буён партия ташкилотлари томонидан барча ташкилий-сиёсий масалалар юқори савияда ҳал қилиб келинмоқда. Бўлажак сайловни юқори савияда ўтказиш мақсадида партия Марказий сайлов штаби, 14 та ҳудудий сайлов штаби ва 194 та туман, шаҳар сайлов штаблари фаолият олиб бормоқда. Улар сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишда таянч тузилмалар вазифасини ўтамоқда.
Сайлов штаблари сайловга оид барча ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланмалар, партия дастурий ғояларини ва номзодни тарғиб қилувчи тарғибот материллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Ҳудудий сайлов штабларига партия ташкилотлари раҳбарлари масъул этиб белгиланган бўлиб, улар Марказий ва округ сайлов комиссиялари билан мустаҳкам ҳамкорликда сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан олиб боришмоқда.
Учрашувда Александр Шлик самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ЕХҲТ/ДИИҲБ миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш таклифини олганидан мамнунлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, меҳмонлар сайловолди кампаниясининг бориши, “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар қандай ташкил этилаётганлиги ҳамда бу йилги сайловнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати билан қизиқди.
Учрашувда Марказий штаб раҳбари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов Ўзбекистон қонунчилигида сайловга оид умумэътироф этилган нормалар ўз ифодасини топгани, сайловлар халқаро принциплар асосида ўтаётгани, сайловда барча сиёсий партиялар учун тенг шароитлар мавжудлиги ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда ўтказилган сайловларда тўпланган бой амалий тажриба ҳамда халқаро сайлов стандартларига асосан миллий сайлов қонунчилигини демократик ислоҳотларга мос тарзда такомиллаштирилиб борилаётганига миссия делегациясининг эътиборини қаратди.
Жумладан, 2015 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов қонунчилигини демократик тамойиллар асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда Марказий сайлов комиссияси мустақил, конституцион орган сифатида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчиллик билан такомиллаштирмоқда.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг кузатувчилари томонидан олдинги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар, орттирилган тажриба эвазига маҳаллий кузатувчилик институтини янада ривожлантиришга қаратилган низом, фуқароларнинг сиёсий маданиятини оширишга мўлжалланган дастур ва бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилганлиги бу йилги сайловга алоҳида тайёргарлик кўрилганидан далолат беради.
Суҳбат жараёнида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлар, хусусан, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти номзодини қўллаб-қувватлаш учун сайловчиларнинг зарур имзолари 5 фоиздан 1 фоизга камайтирилганлиги ҳамда сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги каби ўзгартишларни тинглаб, уларни ижобий баҳолади.
Миссия раҳбари Ўзбекистоннинг сайлов бўйича мустақил конституцион орган сифатида Марказий сайлов комиссияси фаолиятини, унинг сайловлар очиқлиги ва ошкоралиги, шаффофлиги ва демократиклигини таъминлашдаги ролини эътироф этди.
Учрашув якунида Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади.
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
01 янв 1970
Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси эса Ўзбе...
01 янв 1970
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир....