Орзуларни рўёбга чиқараётган авлодлар

/
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум.
Аммо уруш ўз номи билан уруш. Ундан ҳамма ҳам омон қайтган эмас. Бундан етмиш бир йил аввал Иккинчи жаҳон урушидан омон қайтган, бугун биз билан ёнма-ён яшаётган тирик тарих, тирик афсонага айланган мўътабар қарияларимизнинг борлиги қувонарлидир. Улар билан хонадонларимиз нурли, файзли-фаришталидир.
Айни кунда юртнинг кўрки бўлган бу инсонлар урушдан кейинги ҳаётни бебаҳо неъмат билиб, ҳар лаҳзанинг қадрига етиб яшаётган дуогўйларимиз, мўътабар қарияларимиз зиёрати ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Уларни суҳбатга тортганимизда ўша машъум кунларни чуқур хўрсиниш ва изтироб билан эслашади, оғир кунларда бошидан ўтказган қийинчиликлари ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларга шукроналар айтишади.
Фашизмга қарши урушда мардона жанг қилган, оғир машаққат ва мусибатларни бошдан кечирган ушбу қаҳрамонларнинг дил битикларини кейинги авлодларга етказиш, халқимиз асрлар давомида орзу қилган эркинлик учун ўз жонини қурбон қилганлар хотирасини ҳамиша ёд этиш биз, ёшлар учун ҳам қарз, ҳам фарз саналади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага алоҳида тўхталиб, “Жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”, — деган сўзлари бизни жуда руҳлантирди.
Хотира ва қадрлаш кунини ҳар йили кенг нишонлаш маънавиятимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Ҳар бир вилоят марказларида бунёд этилган Хотира майдонлари биз учун энг муқаддас қадамжолар ҳисобланади. Бугун оила қураётган келин-куёвлар ҳам ушбу масканни зиёрат қилмоқдалар. Бу, ўз навбатида, юртимиз тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодларимизнинг тарихий хотираси боқийлигидан, авлоддан-авлодга сақланиб қолишидан далолатдир.
Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш, мустақилликнинг улуғ неъматлари, чексиз имкониятларининг қадрига етиш, бу йўлда доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, масъулиятни ҳис этишимиз зарурлигини янада теран англадик.
Фарход ИШАНКУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати бўлим мудири

Тинчлик қадри
Юртбошимизнинг Хотира ва қадрлаш куни журналистларга берган интервьюсини тинглаб, урушдан кейинги болаликнинг оғир кунлари бирма-бир кўз олдимдан ўтди.
Урушдан омон қайтиш бир қанча ҳамқишлоқларимизга насиб қилган. Бироқ уларнинг урушдан орттириб келган қалб жароҳати ҳамон битмаган.
Бу азиз инсонлар гоҳ-гоҳида уруш фожиалари ҳақида, қуролдош дўстлари, аскарликка бирга кетган ҳамқишлоқларидан бирин-кетин ажраб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришади. Уларнинг суронли ҳикояларини эшитишнинг ўзи оғир ва даҳшатли, вужудинг музлаб кетади. Ана шунда айрим мамлакатлардаги нотинчликлар ҳақида чуқурроқ ўйлаб, на ўзининг, на эътиқодининг тайини йўқ ғаламис ва бузғунчиларга нафратимиз ошади.
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, уруш азобларини қалбида кўтариб юрган нуронийларнинг оилаларига борганимизда улар қўл очиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилаётганига, ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун бўлиб, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириб яшаётганликларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг невара-ю чевараларига мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, рўй бераётган ўзгаришлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва буларнинг қадрига етиш зарурлиги ҳақида гапириб бераётганликларини кўриб, келажагимиз ворисларининг аждодлар мероси ва Ватанга садоқат руҳида тарбияланаётганидан қувонамиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч шубҳасиз, инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан тирик ва барҳаётдир. Ўтганларнинг хотирасини эсга олиш, уларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш халқимизга хос азалий қадрият бўлиб келмоқда”.
Ўтмишдан сабоқ олиш учун кексаларнинг суҳбатини олиш катта аҳамиятга эга. Бундай учрашувлар ёшларимизнинг дунёқарашини шакллантиради, ўзи яшаётган қишлоқ ва маҳаллага, бирга нафас олаётган инсонларга меҳр-муҳаббат билан қарашга ўргатади. Айниқса, урушнинг фожиали оқибатлари ҳақида уруш қатнашчиларининг ўзидан эшитган ёшлар тинчликнинг қадрига етади ва тинчликнинг фидойи курашчисига айланади.
Ҳазратқул МУСАЕВ,
меҳнат фахрийси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг дунёқараши мисли кўрилмаган даражада ўзгармоқда, эртанги кунга бўлган ишончи тобора мустаҳамланиб ...
01 янв 1970
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ......
01 янв 1970
Ўзбек халқининг ўзига хослигини, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо воси...
01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт