Парламентнинг ваколати янада кучаймоқда

/
Жорий йил 6 мартда матбуотда “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун расман эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, 2 та конституциявий қонунга ва 4 та қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонун жорий йил 1 апрелдан кучга киради.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш белгиланган эди. Шу маънода мазкур қонун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш фаолиятини кучайтириш бўйича белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, қабул қилинди.
Қонун билан асосан иккита янги демократик тартиб-тамойил белгиланмоқда. Улардан биринчиси, бу Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари эндиликда Бош вазирнинг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши ва лавозимидан озод қилиниши бўлса, иккинчиси, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши билан боғлиқдир.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари деганда Бош вазирнинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари тушунилади.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман. Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилсин ва унга эришиш йўлларини асослаб берсин. Бир сўз билан айтганда, лавозимга муносиб эканини исботласин”, деб таъкидлаганди.
Дарҳақиқат, Ҳукумат аъзоларини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиши ва маъқулланиши халқ ҳокимиятчилигининг яққол ифодаси бўлиб, фуқаролар ўзлари бевосита сайлаган вакиллари тимсолида самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлган ижро ҳокимияти масъул лавозимларига номзодларнинг нечоғлиқ лойиқлиги, малакаси, шахсий ва касбий фазилатлари, истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар режасига баҳо бериш имкониятига эга бўлишади.
Маълумки, Ҳукумат аъзоси мамлакат ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда бевосита қатнашадиган субъект ҳисобланади. Шунинг учун депутатлар номзодни кўриб чиқиш жараёнида унинг халқ хоҳиш-истаклари, муаммоларини қанчалик билиши, инсон ва жамият фаровонлигини кўзлашига ҳам эътибор қаратадилар.
Шунинг баробарида мазкур ваколат парламент учун жиддий масъулият ҳам саналади. Ҳукумат аъзосини маъқуллаши тимсолида депутатлар унинг келгусидаги фаолияти самарали кечиши учун масъулиятни тенг бўлишишларига тўғри келади. Айтиш жоизки, депутатлар фақатгина маъқуллашгина эмас, номзодни рад қилиш ҳуқуқига ҳам эгадир.
Чунки халқимиз масъул лавозимни эгаллаган шахснинг иш фаолияти қониқарсиз бўлса, депутатлардан нима учун номуносиб номзодни маъқуллашганини сўрашга ҳақли бўлади. Эндиликда депутатлар томонидан маъқулланган номзод ҳам ўз режаларини амалга оширишда уни қўллаб-қувватлаган депутатлар билан ҳамжиҳатликда ишлайди. Нега деганда, депутатлар номзодни унинг келгусидаги режалари тимсолида маъқуллайди. Бошқача айтганда, депутатлар маъқуллаган номзод режалаштирган ишларини амалга оширишда халқ вакилларини қўллаб-қувватловини кутишга маънавий жиҳатдан ҳақли бўлади.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, агар аввал парламент Бош вазир лавозимига номзодни тасдиқлаш ваколатини амалга ошириб, Ҳукумат фаолиятига умумий, яхлит баҳо берган бўлса, эндиликда Ҳукумат аъзолигига номзодни кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёнида ижро ҳокимиятининг ҳар бир тармоғи, соҳасига алоҳида-алоҳида тўхталиб, мавжуд камчиликларни аниқлаш, танқидий таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади.
Янги демократик тартиб-таомил сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва аҳамияти ошишига ҳам хизмат қилиб, ҳар бир партия ўз сайловолди дастури ва платформасидан келиб чиқиб, номзодни қўмиталарда, фракция мажлисларида, палата ялпи мажлисида муҳокама қилиб, Ҳукуматнинг асосий йўналишларига таъсир қилиши ҳам амалий аҳамият касб этади. Бу конституциявий ҳуқуқ назариясида дастлабки назорат деб номланади. Яъни шахс ҳали лавозимга киришишидан аввал, ҳали у ёки бу ҳаракатни амалга оширмасдан олдин, унинг кўрсатилаётган лавозимга лойиқлиги, малакаси, тажрибаси, ишончлилиги, шахсий ва касбий фазилатлари баҳоланади.
Бу жараёнда парламент қўмитасининг ўрни ҳам беқиёс. Чунки парламент қўмиталари тизими барча вазирликларни қамраб олади. Яъни содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, ҳар бир вазирликнинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширадиган парламентнинг тармоқ қўмитаси ҳам мавжуд бўлади. Ялпи мажлисдан аввал асосий муҳокамалар, танқидлар, баҳс-мунозаралар одатда қўмиталарда кечади.
Қайд этиш жоизки, бундай тартиб дунёнинг кўпгина демократик давлатларида қўлланилади. Масалан, АҚШда Президент вазирларни Сенат маъқуллаганидан сўнг тайинласа, Францияда эса палаталарнинг ваколатли қўмиталарининг хулосаларидан сўнггина Президент лавозимга тайинлайди.
Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламентга тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши ҳам муҳим демократик таомил ҳисобланади. Барча демократик давлатларда давлат бошлиғининг парламентга мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш Ҳукумат зиммасига юкланади.
Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда парламентга ҳисобот тақдим этиши белгилаб олган режаларимиз бажарилишини халқ вакиллари иштирокида танқидий таҳлил қилишга, қатъий тартиб-интизомни ўрнатишга, Ҳукумат аъзоларининг шахсий жавобгарлиги янада ошишига хизмат қилади. Албатта, бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган қонун давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини оширишга, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришга, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Миравзал МИРАКУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти бошлиқ ўринбосари, юридик фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....
01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...
01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт