Ибратли ҳамшира

/
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари ҳам салмоқли улуш қўшиб келмоқда. Натижада фидойи сафдошларимиз эл ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлишмоқда. Шулардан бири Норин туманидаги “Обод” қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Дурдона Шералиева ҳисобланади. У истиқлолимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу юксак мукофотга у ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишига қўшган муносиб ҳиссаси эвазига сазовор бўлди.
— Мен Дурдонани кўп йиллардан бери ўз касбининг фидойиси сифатида яхши биламан. Аҳоли ҳам уни жуда ҳурмат қилади, — дейди Норин туман тиббиёт бирлашмасининг катта ҳамшираси Сабоҳат Мадаминова. — Яна бир жиҳати – Дурдона “Адолат” социал-демократик партиясининг фаол аъзоларидан бири. Ўзи ишлайдиган қишлоқ врачлик пункти ходимлари орасида биринчи бўлиб сафимизга қўшилган эди. Мана энди, жамоадагиларнинг барчаси “Адолат” СДП аъзоси. Бунда ҳам унинг катта ҳиссаси борлигини яхши биламиз.
Дурдона “Пахтақишлоқ”даги ибратли оилалардан бирининг фарзанди. Отаси Ҳасанбой Қурбонов ҳам, онаси Мукаррам Қурбонова ҳам узоқ йиллар халқ таълими тизимида меҳнат қилиб, кенг жамоатчилик ўртасида обрў қозонишган. Шу билан бирга, беш фарзанд – уч ўғил ва икки қизни эл ишига камарбаста бўладиган қилиб тарбияладилар. Уларнинг кенжаси Дурдона мактабни битиргач, Наманган шаҳридаги тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Чунки у болалигидан шифокорлик касбини яхши кўрар, инсонлар дардига малҳам бўлишни энг шарафли вазифа деб биларди. Уч йиллик ўқиш даври ҳам ортда қолди. Тиббиёт ҳамшираси малакасига эга бўлган Дурдона она қишлоғига қайтиб келди. Ёш мутахассисни Тошлоқдаги “Тўлқин” қишлоқ врачлик пунктига ишга қабул қилишди. Шу тариқа у жамоа аъзолари билан биргаликда халқ саломатлигини сақлашдек эзгу ишга киришди.
— Тиббиёт ҳамширасининг вазифаси ниҳоятда кенг кўламли ва масъулиятли, — дейди Дурдона Шералиева. — Шунинг учун мен ўз вақтида бирга ишлайдиган малакали ҳамкасбларимнинг тажрибасини ўрганишдан эринмадим. Улар ҳам билганларини аямадилар. Ҳозир эса ёш ҳамшираларга керакли йўл-йўриқларни бериб тураман.
Бугунги кунда Дурдона Шералиева “Пахтақишлоқ”даги “Обод” қишлоқ врачлик пунктининг катта ҳамшираси. Унинг айтишича, ҚВП туманда энг яхши тиббиёт муассасаларидан бири саналади. Ҳудудда бир неча йиллардан бери оналар ва болалар ўлими йўқлиги, оғир хасталикка учраган беморлар сони камайиб бораётганлиги тиббий кўрикларнинг вақтида ва сифатли ўтказилаётганлиги, соғломлаштириш ишларининг намунали йўлга қўйилганлиги самарасидир. Бундай натижаларга эришишда Шарофат Достонова, Салима Парпиева, Фароғат Нишонова каби тиббиёт ходимларининг хизматлари катта.
Маълумки, партиямизнинг Сайловолди дастурида Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш тарафдори эканлиги айтилган. “Шуҳрат” медали соҳиби Дурдона Шералиева ҳам мана шу мақсадга эришиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд давлат чет тиллар институтида АҚШнинг мамлакатмиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳамда институт жамоаси ўртасида уч...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида қонун...
01 янв 1970
Тошкент шаҳар партия кенгаши фаолларининг бу галги эътибори Яшнобод тумани, “Авиасозлар” 4-мавзе, “Дилбоғ” МФЙ ҳудудидаги м...
01 янв 1970
Бу ёруғ оламда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон учун, у қаерда яшамасин, туғилиб ўсган юртини севишдан, уни ардоқлашдан ҳам муҳим вазифа бўлма...