Ватан ҳимояси — буюк ифтихор

/
Бу ёруғ оламда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон учун, у қаерда яшамасин, туғилиб ўсган юртини севишдан, уни ардоқлашдан ҳам муҳим вазифа бўлмаса керак. Ҳатто оддий қуш болалари туғилган жажжи уяни, ўзи минг машаққат билан қурган инни тажовузкор қушлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Бургут болаларининг хавф-хатарсиз улғайишларини кўзлаб, баланд тоғ чўққиларини ўзига макон тутади ва у жойни жон-жаҳди билан қўриқлайди. Машҳур сайёҳ Кусто командасининг саргузаштларидан маълумки, океанда яшайдиган бир тур балиқлар ҳаётлари сўнггида неча юз минг чақирим йўл босиб, турли сунъий тўсиқлардан ўтиб, қанча-қанчаси ҳалок бўлишса ҳам, ортга қайтмай, туғилган жойларига қайтар ва ўша ерда жон таслим қилар эканлар. Ватан инсон учун ҳам, турли жонзотлар учун ҳам бирдай азизлигини кўрсатувчи бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Ватанни ҳис қилиш қачон бошланади? Бу улуғ сўзни илк бор қачон эшитганимизни эслаймизми? “Алпомишим, олтиним, алла, ёвни енгар ботирим, алла. Паҳлавон бўл сардорим, алла, суянчиғим, полвоним, алла” деб бошланувчи муқаддас қўшиқни тинглай бошлаганимизда, ногоҳ шамол эсса, онамиз бағрига босганида мурғак қалбимиз бизни ҳимоя қиладиган, асраб-авайлайдиган, меҳр кўрсатадиган ғамхўримиз, тинч ором оладиган олтин бешигимиз, иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган бошпанамиз борлигини англагандирмиз балки? Болалик йиллари тенгдошларимиз билан уйимиз, кўчамиз, маҳалламиз, мактабимиз, қишлоғимизнинг ғурури, шаъни учун бел боғлаб курашга тушган пайтларимизда қалбимизда Ватан учун яшаш, уни улуғлаш, ҳимоялаш, шу азиз бешикка муносиб фарзанд бўлиш истаги уйғонган бўлса, ажаб эмас. Нуроний кексалар қўлларини дуога очиб, “Эл-юртга муносиб ўғлон бўлинглар”, дея ният қилишганида зиммамизга шундай шарафли вазифа, юксак ишонч юкланаётганидан ғурурлангандирмиз?
Истиқлол бизга Ватанни идрок этиш, уни севиш, кўз қорачиғидек асраш туйғусини берди, қалбимизда она юртимизга муҳаббат ҳиссини уйғотди. Бу туйғу бу ёруғ оламда умргузаронлик қилаётган барча-барча учун буюк инсоний шараф, ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган ифтихор, ота-онани, фарзандни, устоз-мураббийларни севишдек маънавий бурч экани онг-шууримизга сингди. Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизгача етиб келган ва биздан кейинги авлодларга ҳам мерос бўлиб қоладиган пурҳикмат анъаналарни, бағрикенг, саховатли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни эъзозлаш ҳар бир ўғил-қиз учун маънавий бурч, виждон ва иймон ишига айлансагина юрт тараққий топиши, ҳаёт фаровонлашиши мумкинлигини англаб етдик. Ватанни севиш шундай ноёб тушунчаки, уни тўла ифодалаш учун сўз ҳам, қоғоз ҳам камлик, гоҳида эса ожизлик қилади. Бу севгида халқимизга хос жамики эзгу фазилатлар, шу билан бирга, Ватан деб аталмиш муқаддас маконнинг ҳар қарич ери, ҳар қатра суви, мусаффо осмони, бепоён дашту далалари, қир-ўтлоқлари, гулу гулзорлари, пурвиқор чўққилари мужассам бўлиши шарт. Бу севгида озод ва обод Ватан тақдирини эртага катта авлод қўлидан оладиган ёшларнинг комиллиги, эл-юрт ишига садоқати ўз ифодасини топмоғи зарур.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёшларни шу фазилатлар руҳида чинакам ватанпарвар, элсевар, фидойи, мард ва жасур қилиб тарбиялашга катта эътибор бериб, шундай ёзган эди: “Ҳар қайси давлатнинг чегараларини дахлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур, Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлодимиз маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб-суяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизни ўйлантириши табиий. Мен, ҳаётда кўп бор ўз тасдиғини топган ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, бу масалада шундай деган бўлардим: тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб борилаётган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин”.
Дарҳақиқат, бугун Ватан ҳимояси, ватанпарварлик маънавий-ахлоқий тарбия билан чамбарчас боғланиб кетди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётини қўриқлаш шарафли, айни чоғда ўта масъулиятли вазифага айланди. Бунинг боиси шуки, дунё муттасил ўзгариб бормоқда, иқтисодий жиҳатдан юксак даражада ривожланган, ҳеч кимдан кам жойи йўқ мамлакатлар ҳам шахсий манфаат боис, бошқа минтақаларга суқланиб қарамоқдалар, бошқа халқларга ўзларигагина хос бўлган қадриятларни сингдиришга, ўзга ҳудудларни ўз таъсирларига олишга зўр бериб уринмоқдалар. Дунёдаги ҳар бир миллат ва элат ўзига мақбул йўл танлаши мумкинлигини унутиб қўймоқдалар. Бундай нохолис мақсадларга эришиш учун ҳарбий ва иқтисодий зуғум, босим ўтказиш усулларидан фойдаланмоқдалар, сиёсий минбарларда фақат ўзларининг ҳақ эканликларини урғулаб, бошқаларнинг фикрига қулоқ тутмаётирлар.
Ватанни севиш, унинг муқаддас сарҳадларини қўриқлаш, бойликларини авайлаш мана шундай носоғлом ҳаракатларнинг маъно-моҳиятини тўғри тушуниш, бепарволикка йўл қўймаслик, ёшларни она Ватанга чексиз муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий тафаккур руҳида тарбиялаш дегани ҳамдир. Бугун илмий-техника ютуқларига таяниб, қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, қуролларни янада такомиллаштириш мумкин, ривожланган мамлакатларда шундай бўлмоқда ҳам, аммо шунинг ўзи билангина мамлакатнинг, дунёнинг тинч-тотувлигига, чинакам осуда ҳаётга, фаровон турмушга эришиб бўлмайди. Ватанни ҳимоя қилиш фарзандлар тарбиясидан, ота-она, устоз-мураббийлар, маҳалла ва жамиятнинг жон ва шон иши эканлигини англашдан бошланади.
Шу боисдан ҳам, мустақилликнинг дастлабки қадамларидан бошлаб, мамлакатимизда қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва армияни ислоҳ қилиш бўйича чуқур ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган дастурни босқичма-босқич амалга ошириш баробарида, янги авлод тарбиясига, улар онг-тафаккурини ёт ғоялардан, ногаҳоний хуружлардан асрашга алоҳида эътибор берилди. Энг муҳими, бу икки йўналишдаги ишлар ўзаро уйғун ҳолатда олиб борилди. Ватан ҳимоячиларини уй-жой билан таъминлаш, оила аъзолари эҳтиёжларини тўла қондириш борасида ҳавас қиларли ишлар амалга оширилди. Ҳарбий унвонлар бўйича бериладиган ойлик маошлар, ҳарбий хизматдан бўшаганда тўланадиган ёрдам пули кўпайди. Ҳарбий хизмат давомида юксак натижаларга эришган йигитларга олий ўқув юртларига киришда маълум имтиёзлар жорий этилди. Ҳарбий хизматни ўташ оилаларимизда камол топаётган ўсмирлар учун ҳаётий мақсадга, орзу-умидга, фахр-ифтихорга айланди. Ҳар йилнинг 14 январи эса нафақат Ватан ҳимоячиларининг, бутун халқимизнинг энг муҳим, қувончли байрамларидан бири бўлиб қолди.
Дунё муттасил ўзгариб боради, ҳаёт, одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи, урф-одатлар, анаъаналар янгиланишда давом этади. Жамият ривожланишнинг янги-янги босқичларига кўтарилади. Муаммолар ўз ечимини топади, авлодлар алмашинуви юз беради. Фақат бир нарса — комил тарбия топган инсонларнинг ўз Ватанига муҳаббати, эл-юрт ишига садоқати, ўзидан яхши ном, эзгу амаллар қолдириш истаги, Ватан шаънини ҳамма нарсадан устун қўйиш туйғуси асло ўзгармайди. Бағри шундай ёшлар билан тўла мамлакатга дунёнинг ўзи ҳавас билан қарайди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади? ёки Пастдарғомда суднинг ҳал қилув қарори асосидаги қонун талаблари нега бажарилмаганлиги хусусида...
01 янв 1970
Тўлови кўпмасмикан?”. Баъзан истеъмолчилар ўртасида шу ва шу сингари саволлар учраб туради....
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....
01 янв 1970
Уларнинг айтишларича, яқинда Зангиота туманида 192 та биз истаган уйларнинг қурилиш ишлари бошланар эмиш, қизиғи, ўша уйлар учун бирорта ҳам шартно...