“Дилбоғ”нинг дилозор кўринишлари

/
Газетамизнинг аввалги сонларида хабар қилганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашларидаги партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳафтанинг чоршанба кунлари жойларга, маҳаллаларга чиқиб, ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг ечимини топиш борасидаги амалий ишларни давом эттирмоқда.
Тошкент шаҳар партия кенгаши фаолларининг бу галги эътибори Яшнобод тумани, “Авиасозлар” 4-мавзе, “Дилбоғ” МФЙ ҳудудидаги мавжуд ҳолатларни ўрганишга қаратилди. Аслини олганда, ушбу ҳудуддаги аҳолини ўйлантираётган масалалар, уларнинг қувончу ташвишларига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида бугун ишчи гуруҳи вакиллари жойларга чиқиши асносида хабардор бўлишди десак, тўғри бўлмас. Боиси партиямиздан 35-Тузел сайлов округида сайланган, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Фарҳод Абдуллаев ҳамда туман партия кенгаши фаоллари 5030 нафар фуқаро, 1818 та хонадонни ўзида бирлаштирган маҳалла билан яқиндан таниш.
Маҳалла фуқароларининг бир гуруҳи партиямиз вакилларидан ҳуқуқий маслаҳат, у ёки бу масалани ҳал этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Ўз вақтида рўйхатга олинган бу мурожаатларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига депутатлик сўровлари йўналтириб борилган. Натижада уларнинг аксарияти ижобий ҳал бўлишига эришилган. Масалан, депутат Ф.Абдуллаев томонидан депутатлик сўрови киритилгач, ҳомий ташкилотларнинг ёрдами билан маҳалладаги тураржойлар олдида 2 та болалар ўйингоҳи қуриб битказилди, ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, бир вақтлар “Ташсельмаш” заводига қарашли бўлган, ҳозирги кунда “Яшнобод коммунал таъмирлаш – аварияни тиклаш хизмати” (КТАТХ) МЧЖ тасарруфидаги 65-оилавий ётоқхонада яшаётган фуқароларнинг ичимлик суви билан таъминланиши бўйича муаммоси имкон қадар ўз ечимини топган. Бироқ айни пайтда ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас...
Халқимизда эшитганингга эмас, кўрганингга ишон, деган гап бор. Юқорида номи тилга олинган “Дилбоғ” маҳалласидаги 65-оилавий ётоқхонанинг бугунги ҳолатини кузатар экансиз, ушбу нақл топиб айтилганига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Гапнинг очиғи, 118 та хонадон, 500 нафарга яқин фуқаро истиқомат қилаётган 5 қаватли бинонинг ташқи кўринишию ички ҳолатларини бошқа биров ҳарчанд таърифламасин, ёзиб бермасин, ўзимиз кўриб гувоҳ бўлмагунимизча пойтахт марказида шу каби бино ва иншоотлар борлигига ишонмасдик. Суратлар ҳам унинг ҳақиқий ҳолатини тўлиғича кўрсатиб бера олмайди, назаримизда.
Яна бир гап. Ётоқхона аҳли томонидан қилинган мурожаатлар асосида мазкур масала юзасидан амалий ёрдам беришни сўраб, 2015 йилдан жорий йилнинг февраль ойига қадар депутат Ф.Абдуллаев томонидан 10 га яқин депутатлик сўровлари мутасадди ташкилотларга киритилган.
— Шикоят хати билан ёрдам сўраб мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, — дейди ётоқхонанинг уй бошқарувчиси Елена Шестаева, — лекин натижа кўриб турганингиздек. Тўғри, уларнинг ҳаммаси ҳам натижасиз қолди, деб айтолмаймиз. Масалан, депутатимиз Ф.Абдуллаев ҳамда фуқаролар йиғини фаолларининг ёрдами билан ичимлик суви таъминоти қисман яхшиланди, болалар ўйингоҳи қурилди. Лекин бинонинг ташқи ва ички ҳолатлари жуда ҳам таъмирталаб. Сувнинг босими етарли даражада эмаслиги боис аксарият ҳолларда 4-5-қаватдаги хонадонларга сув чиқмай қолади. Ётоқхонадаги уйлар фуқаролар номига хусусийлаштирилмаган. Хусусийлаштириш учун ҳар бир хонадон зарур қувурлар ва бошқа мосламалар билан таъминланиши талаб этилар экан. Эрта тонгда бир қаватда 1 ёки 2 та ҳожатхонага ёки ювиниш хонасига кириш учун узундан-узун навбат кутиб туришга тўғри келади. Бу хоналар ҳам гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. КТАТХ ҳам картотекага тушганлиги боис бизларга ёрдам бера олмаяпти. Ишга, бозор-ўчарга кетган вақтда уйда қолган болаларимиздан хавотирланамиз. Зилзила юз берса-ку, умуман қочишга жой топа олмаймиз. 2016 йил 12 октябрь куни “Тошкент” телеканалида жонли тарзда эфирга узатилган “Очиқ мулоқот” кўрсатувида ўтирган туман мутасаддилари бизнинг муаммо юзасидан ишлар бошланаётганини айтган эди. Лекин шу пайтга қадар ўзгариш йўқ...
Ётоқхонадаги 1,2,3 хонали хонадонларда асосан корхона ва заводларда ишлаган, кам таъминланган, ногирон, ёлғиз оналар истиқомат қилади. Яъни бу хоналарга улар ҳокимлик томонидан бепул асосда тақдим этилган ордерга асосан эгалик қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу уйларни хусусийлаштириш вақти аллақачон келган...
Хуллас, муаммо-ташвишлар етарли. Уларнинг барчасини кичик бир мақолада келтириб ўтишнинг иложи ҳам йўқ. Аммо биз туман ва шаҳар мутасаддилари бу “ўгай” бинога ўз назарларини қаратиб, мавжуд муаммоларни қисқа фурсатда ҳал қилишга вақт ва куч топишади, деб умид қиламиз. Демак, биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Янги ўқув йили олдидан ота-она фарзанди учун мактаб формаси харид қилади.
01 янв 1970
Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Мана шу биргина мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси биз учун нечоғлик муҳ...
01 янв 1970
Ҳар қандай давлат тараққиётида темир йўл тармоғининг ривожланганлиги муҳим аҳамият касб этиши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир....