Автомобиль ойналарини қорайтириш масаласи депутатлар муаммони қандай ҳал қилмоқчи?

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида қонун лойиҳалари билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Президентимиз раислигида 15 июль куни узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда кўтарилган муҳим вазифалар ҳақида партия депутатлари атрофлича сўз юритишди. Фракция аъзолари ҳар қандай соҳанинг ривожи, лойиҳаларнинг амалиётга муваффақиятли жорий этилиши етук кадрлар салоҳиятига боғлиқ эканини таъкидлаб, кадрлар тайёрлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватладилар.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилган эди. Депутатлар ушбу муассасаларда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши, айниқса, ўқитиш муддатлари зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича белгиланишини ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётганини айтиб ўтишди.
Фракция йиғилишида, партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ушбу муассасаларда қисқа муддатли қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларини ҳам жорий этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида уйғунлик йўқлиги оқибати экани қайд этилди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари ўз сайлов округлари ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат бозорида ишчиларга талаб ва таклифни шакллантириш, таълим тизими бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштиришда фаол иштирок этишга доир вазифалар белгилаб олинди.
Депутатлар бугун халқимизни ўйлантираётган ва қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган яна бир ҳаётий масалага ҳам эътибор қаратдилар. Яъни бу йилги ёз ойлари Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг иссиқ келганлиги қайд этилмоқда. Бундай жазирама кунлар, айниқса, автомобиль ҳайдовчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, хусусан, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу, шубҳасиз, автомобиль ойналарини қорайтириш (“тонировка”) масаласидир.
Йиғилишда таъкидланганидек, “Адолат” СДП фракцияси аъзоларига юртдошларимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда асосий масала сифатида ёзнинг иссиғидан, қуёш нуридан, айниқса, ультрабинафша нурлардан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автомобиль ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари (24 327 600 сўм) миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Табиийки, аксарият ҳайдовчиларнинг бунча маблағ тўлаш эвазига бир йилгагина рухсатнома олишга моддий имконияти етарли эмас.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, бу ҳали унинг машинада иссиқдан ҳимояланиши таъминланади, дегани эмас. Чунки қарорга асосан, автотранспорт воситасининг фақатгина орқа ойналари тусини ўзгартиришга рухсат берилади, холос. Демак, тўловни амалга оширган ҳайдовчи машинанинг қолган ойналари қорайтирилмаганлиги боис аслида ҳам пул тўлайди, ҳам яна офтоб нуридан ҳимояланмай қолади.
Албатта, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда, турли веб-сайтларда ойналар тусини ўзгартириш учун белгиланган тўлов жуда қимматлиги, уни бутунлай бекор қилиш ёки маблағ миқдорини камайтириш, дарпардага рухсат бериш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда. Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари ушбу тўлов миқдорини ўзгартириш ҳақида бирор муносабат билдирмаган ҳолда машина ойналарининг тусини ўзгартириш фуқароларимиз хавфсизлигига салбий таъсир ўтказишини маълум қилиш билан чекланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларимизни қийнаётган ушбу масала юзасидан аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда ўз таклифларини ишлаб чиқди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда автотранспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнка ҳам сотилмоқда. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишни бирмунча камайтиради.
Шунингдек, йиғилишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомабиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазма тарзида тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.
Мазкур намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўз хусусиятига кўра тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда иштирок этган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга камайтирилиб, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса нафақат йўловчиларга, балки ҳайдовчилар учун ҳам афзалликларга эга имконият саналади. Депутатлар ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкинлиги таклифини илгари суришди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракция таклифларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилишга келишиб олинди.
Фракция йиғилишида банк-молия, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат&rd...
01 янв 1970
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
01 янв 1970
Деҳқон — ер султони, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ер билан тиллашган, унга меҳр берган киши борки, ўз олдига қўйган мақсадига эришади....
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...