ТУБАНЛИК САРИ ЙЎЛ

/
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. Оилада фарзанд ҳар томонлама гўзал тарбия олса, яхшиларга ўхшашга ҳаракат қилса, эзгуликка интилса, ҳаёти тинч ва осойишта бўлиши билан бирга, эл эътиборида ва яқинлари эҳтиромида бўлади. Лекин донишманд боболаримиз айтганларидек, чаман ичра гул кўп, тикан кўп. Гул ифоридан юз буриб, тиканга талпинганлар эса, албатта, унинг заҳрини тотадилар.
Бир куни Азиз Косимов Ўртачирчиқ туманининг Нурафшон шаҳрига борди. Темир йўл кесишмаси ёнидан ўтар экан, ариқ бўйида ўсиб ётган мариухана ўсимлиги диққатини тортди. Бу ўсимлик унинг диққатини тортгани бежиз эмас. У бир пайтлар кимдандир марихуанани қовуриш йўли билан истеъмол қилиш мумкинлигини эшитганди. Шу сабаб ўсимликдан бир дастасини юлиб олади. Шундан сўнг йўловчи машинада Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Изза” кўчасидаги уйига келади. Уйидан эски темир товоқни олиб, режалаштирган ишини амалга ошириш мақсадида хилват жой излайди. Хилват жой топиб, марихуана гиёҳвандлик воситасини қовуради. Қовурилган марихуана суюқ ҳолатга келгач, уни думалоқ шаклга келтиришга ҳаракат қилади. Аммо модда суюқ бўлганлиги учун яхши ёпишмай, у истаган кўринишга келмагач, салфеткага ўраб, сигарет қутиси ичига солиб қўяди. “Мақсадим спиртли ичимлик ичган вақтида марихуана гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш эди”.
...Бу Азизнинг иқрори, аммо унинг аниқ нияти сотишми ёки чекишми, бу фақат ўзигагина аён. Нима бўлганда ҳам бир нарса маълум. Бу заҳри қотил туфайли инсон тубанлик ботқоғига ботиши, инсонийлик қиёфасини йўқотиши аниқ. Азиз шуни билгани ҳолда бу заҳри қотилни чўнтагида олиб юрган.
Азиз Қосимов янги йил байрами арафасида мева-чева савдоси билан шуғулланиш, Самарқад вилоятидан турли хил меваларни арзон баҳода олиб, Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ деҳқон бозори”да қиммат нархда сотиш ва фойда кўриш мақсадида 2018 йил 7 декабрь куни соат 05.30 да Тошкент маҳаллий аэропортига келади. “Тошкент — Самарқанд” йўналишидаги авиа рейс билан учиб кетиш учун рўйхатдан ўтиб, учиш залига киради. Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирайди деганларидек, шахсий кўрикдан ўтаётганида Азиз ўзининг беҳаловатлиги билан шубҳа уйғотади ва Ислом Каримов номидаги аэропорт ЖХТБ ҳамда Тошкент маҳаллий аэропорти авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари сергаклиги туфайли шимининг ўнг чўнтагида “parlament” сигарет кутиси ичида 5,96 грамм тўқ яшил рангли, ўзига хос ҳидга эга бўлган гиёҳванд модда ҳамда 9 дона дори воситаларининг капсуласи борлиги аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЭКБМнинг судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, Азиз Қосимовдан далилий ашё тариқасида олинган, тўқ яшил рангли, ўзига хос ҳидга эга бўлган модда таркибида гиёҳванд тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, 5,96 грамм қуритилган ёғсимон массанинг 1,3112 граммини канабис мойи ташкил этиши аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан А.Қосимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилди ва жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилди.
Мамлакатимизда жиноят кўчасига кирган фуқаро борки, албатта, қонуний жазосини олиши муқаррар. Хўш, бу жиноят фош бўлмаганда аҳвол қандай кечарди? Ҳали куёвлик тўнини киймаган, ота-онасининг оғирини енгил қилиб дуосини олмаган, қалбидаги яхши ниятларнинг рўёбини кўрмаган йигит ўзи айтганидай ичкилик ичиб, орқасидан марихуана истеъмол қилса, бора-бора кўнгил майлига қарши боролмай, гиёҳвандга айланиб қолар, натижада ота-онасининг суянчиғи, боқувчиси, орзу-умиди бўлган Азиз жамиятнинг чиркин қатламига тушиб колиши аниқ эди.
Ёхуд Азиз уни Самарқандга олиб бориб кимгадир сотса, шу йўл билан мўмай даромад ҳам ишлаб оларди. Аммо кимларнингдир отаси ёки акасининг, турмуш ўртоғининг гиёҳвандлик балосига дучор бўлишига, бир оиланинг тинчлиги бузилиб, ҳаёти жаҳаннамга айланишига, оналарнинг кўз ёшлари оқишига, болаларининг ёрқин келажак ҳақидаги орзулари барбод бўлишига сабабчи бўларди.
Эътибор берганмисиз, болаларга нимани таъқиқласанг, албатта, шуни қилишга ҳаракат қилади. Бу ишнинг натижасини англамайди. Аммо 25 ёшли ақли-хуши жойида бу йигит ҳақида бундай деб бўлмайди. У ичкиликнинг ҳам, гиёҳвандликнинг ҳам инсон ҳаётининг кушандаси эканлигини яхши билади. Шундай бўлса ҳам бу заҳри қотилни истеъмол қилиб, ўз ҳаётини разолат ботқоғига ботирмоқчи бўлганлиги ёки уни бошқаларга сотиб чўнтагини қаппайтиришга уринганлиги унинг маънавий тарбиясида бўшлиқ борлигидан дарак бермайдими? Ана шу бўшлиқнинг асоси унга яхши тарбия берилмаганлигида эмасмикан? Зеро, гиёҳвандлик тубанлик сари йўл ҳисобланади.
Зафар Султонов,
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ЖХТБ ТБ терговчиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. ...
01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....