ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ ВА ИШТИРОКИ МУҲИМ

/
Демократик давлатнинг муҳим аҳамиятга молик институтларидан бири бўлган жамоатчилик назорати жамият билан давлатнинг самарали мулоқотини таъминлайдиган, фуқароларнинг қизиқишларини, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлаб борадиган муҳим бўғинига айланиб бораётганлигини Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси алоҳида эътироф этади. Мана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда жамиятимизда мавжуд ёки юзага келган муаммоларга нисбатан жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда уларни изчил бартараф этишда айнан жамоатчилик назоратидан фойдаланиш кутилган самарага олиб келади, деб ҳисоблаймиз.
Биз бугун глобаллашув замонида яшамоқдамиз. Чегаралар шаффофлашган, интеграция кучайган даврда юртдошларимиз дунё кўришмоқда, ўзимизни бошқалар билан, бошқаларни ўзимиз билан солиштириб кўриш, зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлишмоқда. Дейлик, бугун Туркияда ўтаётган тўй маросимида кўпи билан йигирмата меҳмон иштирок этаётганини ёки Кореядаги никоҳ базми қатнашчилари сони элликдан ошмаётганини, базм дастурхонлари оддийгина эканлигини ўз кўзлари билан кўриб қайтаётганлар қанча. Булар хорижда, уларнинг менталитети бошқа деган важни кўрсатган тақдиримизда ҳам, ўзимизда зиёлиларнинг шунча саъй-ҳаракатларига қарамасдан, тўй-маъракалардаги сарф-харажатлар ошса ошмоқдаки, асло камаймаётибди.
Балки кимдир: “Тўй ёки маъракани қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши. Қийналса, ўзи қийналади, ўзига жабр, бизга нима?” дейиши мумкин. Аслида эса масала биз ўйлагандан кўра чуқурроқ. Тўй-маъракалардаги исрофгарчилик жамият тараққиётига, фуқаролар маънавиятига, тарбиясига салбий таъсир ўтказмайдими? “Ҳар кимнинг ўз иши” деймиз-у, аммо қовун қовунни кўриб ранг олади-да. Беш қўл баробар эмас. Кимнингдир дабдабали тўй қилиши, дейлик, унга қўшни яшайдиган камхаржроқ оилаларнинг дилини оғритади. Масаланинг яна бир ёмон томони, бундай тўй-маъракалар “Мен сендан камми!” мусобақасини авж олдиради. Натижада камтарлик билан “эл қатори” деб айтилаётган тўйлар сарф-харажати шу қадар кўпайиб кетдики, бунча маблағ топишга унча-бунча одамнинг қурби етмай қолаяпти. Бемаъни, ўйлаб топилган расм-русумлар, урф-одатлар эса йилдан-йилга энига ва бўйига шишиб-кенгайиб бормоқда. Натижада тўй қилган одам аксар ҳолларда бўғзига қадар қарзга ботяпти. Бунинг оқибати эса маълум: оилада тўйиб овқат емаслик, икки-уч ҳисса оғир меҳнат, қайси йўл билан бўлса ҳам маблағ топишга интилиш...
Шубҳасиз, тўй кўлами пулнинг ҳидига чидай олмай юрган бойвачча ёки тўй баҳона улкан миқдорда тўёна йиғиб оладиган амалдорга қараб белгиланмаслиги лозим. Тўй, энг аввало, дунёга келаётган янги оила қўрғонининг остонаси. Не-не ширин умидлар, орзулар, ниятлар дебочаси. Бахт кошонасига остонадаёқ кўнгил хиралиги билан кирмаган маъқул. Беш қўл баробар эмас. Жамиятимизда сармояси кўп фуқаролар билан бир қаторда ёрдамга муҳтож оилалар ҳам бор.
Шу сабабли ҳам биз тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйилишига, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби иллатларга қаршимиз. Ҳаётимиздаги бундай салбий иллатларнинг олдини олиш учун ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқиш ва мазкур ҳужжатлар ижросида тегишли муассасалар билан бир қаторда жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш лозим, деб ўйлаймиз. Энг муҳими, биз, “Адолат”чилар кўпчилик фуқароларимизнинг фикр-ўйини банд қилган тўй-маросимларни дабдабали ўтказишининг аслида жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган ўта зарарли, аллақачон ҳаётимиздан чиқариб ташлашимиз лозим бўлган урф эканлиги борасида жамоатчилик фикрини шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Алишер МАҲМАТМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
“Чиннинг географик ўрни ғаройиб: бир томонда адоғи йўқ сокин саҳро ястаниб ётади, ундан нари кўм-кўк водийлар бошланади. ...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида ян...