Ислоҳотлар самараси

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида янги-янги режалар намоён бўлмоқда. Мен шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида бунёдкорлик ишларидан, давлатимизнинг аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, ҳар бир оила, ҳар бир одамнинг бахтли яшаши учун кўрсатаётган ғамхўрлигидан қалбим ифтихорга тўлди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғидаги ҳар бир учрашуви юртдошларимиз қалбида бугунидан шукроналик, эртанги кунига мустаҳкам ишонч туйғуларини оширди.
Айниқса, туманимиздаги “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилишини мамлакатимиз иқтисодий қудратини, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлидаги яна бир катта қадам десак, муболаға қилмаган бўламиз. Янги мажмуа барпо этилишидан ҳаммамиз беҳад хурсанд бўлдик. Ушбу корхона ўз фаолиятини бошласа туманимиз иқтисоди янада ривожланади, маҳаллий бюджет мустаҳкамланади, муҳими, ёшларимиз ишли бўлади. Қаранг, бу заводда 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида яна 14 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланар экан. Бундан қувонмай бўладими?!
Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишининг бошланишига бағишланган маросимда бу корхонанинг аҳамияти, иқтисодий самарадорлигини тушунтириб берди. Масалан, нефтни транспорт орқали ташиб келиш катта харажат талаб этади. Бу бензин, керосин, резина, мой, битум каби иқтисодиёт учун зарур маҳсулотлар, унга боғлиқ бўлган товар ва хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлади. Жиззах нефтни қайта ишлаш корхонасининг афзаллиги шундаки, унга хомашё қувур билан олиб келинади. Атиги 95 километр узунликдаги қувур тортиш орқали янги мажмуа арзон хомашё билан таъминланади.
Президентимиз Пахтакор туманида бўлиб, вилоятимизда енгил саноат, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. Вилоятимизда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилганлиги қувонарли ҳолдир. “Элеганс текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати 111 миллион долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Бу 2 минг 890 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Шунингдек, йирик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, паррандачиликни ривожлантириш, Зомин туманида токзорлар, иссиқхона мажмуаси барпо этиш, асал етиштириш, Бахмал туманида 2 минг бош қорамол боқиладиган ва сутни қайта ишлайдиган корхонани ишга тушириш, Фориш туманида наслли эчкиларни кўпайтириш ва эчки сутини қайта ишлаш агрофирмаси ташкил қилиш, ўаллаорол туманида ёнғоқзорлар барпо этиш, Айдар — Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳалари келгусида юртимиз аҳлининг янада фаровон яшаши учун хизмат қилиши табиий.
Президентимиз ташрифи давомида Шароф Рашидов тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишди, Учтепа массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойларда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган, ҳар бири 16 хонадонли 2 та икки қаватли ва 10 хонадонга мўлжалланган 2, 3 хонали, 2 сотих томорқа ва ёрдамчи иншоотларга эга битта бир қаватли уйда 42 оиланинг замонавий шароитларда яшаши учун барча қулайлик яратилган. Бундай замонавий уйлар қишлоқ кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларда давлатимизга ва эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда.
Давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳрида барпо этилаётган Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ишнинг сифат ва суръатига алоҳида эътибор қаратиб, уни ноябрь ойигача тугатиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Қурувчилар, ижодкорлар, фахрийлар билан дилдан суҳбатлашди. Суҳбатда Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” асарлари, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, ҳужжатли фильм яратиш, илмий конференция ўтказиш устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.
Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни янги босқичда давом эттириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишнинг янги механизмлари, самарали усуллари жорий этилишида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солингани ҳаётимизда адолат тамойиллари янада мустаҳкам қарор топиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.
Тараққиёт янгиланишлари, туманимиздаги ўзгаришлар депутатлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Бизлар Президентимизга елкадош бўлишимиз, ҳар томонлама кўмак беришимиз керак. Бу давлатимиз раҳбари қабул қилаётган фармон ва қарорлари аҳамиятини аҳолига етказиш, ушбу ҳужжатлар ижроси таъминланишида фаоллик кўрсатиш, ёшларни билимли ва садоқатли қилиб тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга нечоғли ҳисса қўшишимизда намоён бўлади.
Дилдор ЧАНКАЕВА,
халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...
01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....
01 янв 1970
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди....