Дилдаги истаклар тилга олинди

/
Дилдаги истаклар тилга олинди
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканман, кўнглимдан инсон ҳақиқатга тик боқиб яшашни, адолатпарварликни, меҳр-оқибатни, ўзаро дўстлик, биродарлик, бағрикенгликни, ирода ва шижоатни Президентимиздан ўрганиши керак, деган фикрлар ўтди.
 
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб
берилиши билан  диққат-эътиборимни тортди.
 
Мурожаатномада таълим-тарбия соҳасида ҳам туб бурилишлар яратадиган муҳим вазифалар белгилаб берилгани, айниқса, эътиборлидир.
Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда 60 фоизга етказиш зарурлиги айтилди. Ушбу мақсадлар учун жорий йилда бюджетдан қарийб 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиши бу ислоҳотларнинг кўламдорлигини англатади.
 
Бу йилдан бошлаб тарихда илк бор 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилади. Бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади. 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилади. 216 таси капитал таъмирланади. 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.
 
Давлат раҳбари, шунингдек, олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилишини маълум қилди. Қизларимиз учун алоҳида грантлар  ажратилиши ҳам барчамизнинг кўнглимизни кўтарди.
 
Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилади. ОТМларга молиявий ва академик мустақиллик берилади.
 
Шу билан бирга, олий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади. Ваҳоланки, ҳозирда ўқув режалари ва дастурларида ихтисосликка хос бўлмаган фанлар улуши 18 фоизга тенг.
 
Қайд этиш жоиз, ҳозир Ўзбекистонда 117 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси 2019/2020 ўқув йилида 20 фоиз, 2018/2019 ўқув йилида 15 фоизни ташкил этган.
 
ОТМларда белгиланган ҳозирги жами грантларнинг улуши 146 минг ўқув жойидан 22,3 мингни (15 фоизни ташкил этади). Ушбу рақамни икки баробар кўпайтиришни 3 йилда амалга ошириш режалаштирилган.
 
Президент 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилди.
 
“Рақамли технологиялар соҳасида жуда орқадамиз. Аксарият вазирлик ва идоралар раҳбарлари ахборот технологияларидан жуда йироқда. Буни рўй-рост айтишимиз керак. Лекин бундай раҳбарлар, ҳоким бўладими, вазир бўладими, эртанги кунда уларга ўрин йўқ. Шуни ҳамма билиши керак. Қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, кейин кеч бўлади. Шу туфайли рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси беш йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, балки ортиқча харажатларни камайтиради. Қолаверса, бу коррупцияга қарши самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор”, дея алоҳида таъкидлагани барчамиз учун дастуриламал бўлди.
 
Бугун давлат раҳбари, кўп миллатли халқимиз биз, депутатлардан, авваламбор шижоатни, фаолликни, масъулиятни теран англанган фаолиятни, депутатликдек шарафли номни оқлашликни кутмоқда.
 
Мен депутат сифатида ваъда бераманки, Юртбошимиз бошчилигида ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этишга қаратилган улкан ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда бор билим ва кучимни сафарбар этаман. Ҳар куни, ҳар соатда виждоним олдида ҳисобот бериб, ҳалол-пок бўлиб, эл-юрт манфаатини ўйлаб ишлашга, Президент, сайловчилар олдида, юртдошларимиз олдида бизга билдирилган юксак ишонч­га ҳар томонлама муносиб бўлишга ваъда бераман.
 
Собир ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик интиқлик билан кутди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. ...
01 янв 1970
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳ...