Коррупция – тараққиёт кушандаси

/
Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Аммо орамизда ўз нафсининг измидан чиқолмай, коррупция балосига гирифтор бўлаётган кимсалар ҳануз учраб турибди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”, дея алоҳида таъкидлади.
Биз ҳаётда оқни қорадан ажрата олади, деб ўйлаган кишилар орасида ҳам айни шу жиноятга қўл урган шахслар борлиги янада ачинарлидир. Буни қуйидаги мисол билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Фуқаролар Маҳфуза Мирзаназарова ва Кимёхон Абдуллажонова (Мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган.) Поп туманидаги коллежлардан бирида меҳнат қилиб келишаётган эди. Лекин нафс домига тушиб, жиноий тил бириктиришгани иккаласининг ҳам шунча йиллик обрў-эътиборини кўкка совурди.
Гап шундаки, фуқаро Гавҳар Раҳимова Маҳфуза ва Кимёхонга таниши Сожида Мадаминовани коллежга ўқишга киритишда ёрдам сўраб, мурожаат қилади. Бироқ ҳамкасблар Гавҳарга тўғри йўлни кўрсатиш ўрнига вазиятдан “унумли” фойдаланиб қолмоқчи бўлишди.
— Директоримиз билан гаплашиб, Сожидани ўқишга киритиб қўямиз. Хизматидан қочмасанглар бўлди, — дея қуюқ ваъда беришади.
Иккала ўқитувчи “хизмат ҳақлари”ни 400 АҚШ доллари миқдорида баҳолашади.
Шундан сўнг Г.Раҳимова керакли ҳужжатларни тайёрлаб, 2018 йил 1 май куни эрталаб коллежга С.Мадаминова билан бирга коллежга келади. Аммо ҳужжатларда айрим камчиликлар бўлгани боис тушликдан кейин яна кўришишга, пулни ҳам ўшанда беришга келишилади.
Сожида аввалига Кимёхон билан Маҳфузанинг гапларига розилик билдирди-ю, лекин бу ноқонуний талабни барибир “ҳазм” қилолмади. Шу боис Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Поп тумани бўлимига мурожаат этиб, уларга қонуний чора кўришларини сўради. Оқибатда М.Мирзаназарова ва К.Абдуллажонова 300 АҚШ доллари ҳамда 800.000 сўмни С.Мадаминовадан санаб олган вақтда ушланди.
Буни қарангки, дастлабки тергов жараёнида фирибгар ўқитувчилар коллеж директорининг бу гаплардан хабари йўқлигини, аслида пулни алдов йўли билан олганликларини тан олишди.
***
Поп тумани тиббиёт бирлашмасида ижтимоий ходим вазифасида ишловчи Дилноза Ортиғалиева ҳам пора беришга далолат қилиб, ўз маҳалладоши Одина Зокировани чув туширмоқчи бўлди.
Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, Одинанинг онаси Ширмоной опа кичик қизи Саида Ўлмасовани ишга жойлаштириш мақсадида Дилнозадан ўзи ишлаётган бўлимда бўш иш ўринлари бор-йўқлигини сўрайди. Шунда Д.Ортиғалиева мўмай пул ишлаб олиш имконияти пайдо бўлди деб ўйлаб, отни қамчилайди.
— Бу ҳақда билмайман, бироқ қизингизни жойлаштириб қўйишим мумкин, — дейди у “ўлжа”ни қўлдан чиқармай.
Шунингдек, у тиббиёт бирлашмасига ишга кириш “харажати” 300 АҚШ доллари эканлигини айтади.
Эртаси куни эса у она-болага оғиз кўпиртириб гапиради.
— Олдиндан юз доллар, қолганини қизингиз ишга кирганлиги ҳақидаги буйруқ чиққандан кейин бераверасизлар.
Албатта, Одина Дилнозанинг таъмагирлиги ноқонуний эканини яхши биларди. Шунга қарамай, атайин уни саволга тутди.
— Синглимни қандай қилиб ишга киритасиз? — деб сўради.
— Хавотирланманг, бошлиғимиз ёки “КРУ”да ишлайдиган танишим орқали жойлаб қўяман.
Шундан кейин О.Зокирова бу хусусда Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Поп тумани бўлимига мурожаат қилди. Пировардида Д.Ортиғалиева Одинадан 100 АҚШ долларини олаётган пайтда қўлга тушди.
Албатта, ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам фирибгарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди эса уларнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.
Энди бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Ҳеч шубҳасиз, Маҳфуза ва Кимёхон ҳам, Дилноза ҳам тегишли қонун асосида мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганидан хабардор бўлишган. Аммо улар учун қонун талабидан кўра нафс майли устунлик қилган. Айниқса, ёшларга таълим-тарбия берган, яъни устоз деган шарафли ном соҳиблари М.Мирзакназарова ва К.Абдуллажонованинг хатти-ҳаракатини қандай тушуниш мумкин?
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашишда барчамиздан бирдек масъулият талаб этилади. Зеро, коррупция — жамият тараққиётининг кушандасидир.
Ҳусниддин ҲАКИМОВ,
Поп туман прокурори.
Илёсжон УСМОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....