Сохта ИИБ ходими 7 йилда 9 маротаба суднинг қора курсисига ўтирди

/
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Масалан, кимнингдир хонадонига ўғри тушса, ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Ёки қайсидир безори тинчимизни бузса, дарҳол “102”га сим қоқамиз. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур тизимни янада ислоҳ қилиш, соҳа ходимларига қулай меҳнат шароитларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Аммо таассуф билан айтиш лозимки, айни пайтда фирибгарликни ўзига касб қилиб олган айрим юртдошларимиз “Ички ишлар ходими” деган шарафли номни булғаётган ҳолатлар ҳам оз бўлса-да, бўй кўрсатиб қоляпти.
31 ёшли Жобирхон Алимов нафақат ўзи истиқомат қилган “Қашқар” маҳалласида, балки Марғилон шаҳрида ҳам аллақачон отнинг қашқасидек танилиб улгурган. Негаки, дастлаб 24 ёшида, яъни 2012 йилда фирибгарлиги учун судланган бу йигит ўтган 7 йил мобайнида 8 маротаба айнан ана шу жинояти туфайли суднинг қора курсисига ўтиришнинг “уддасидан чиқди”. Лекин Жобирхоннинг сўқир кўзи шунда ҳам очилмади. Оқибатда у тўққизинчи бор фирибгарликка қўл урди.
Гап шундаки, қонунга биноан хавфли рецидивист деб топилган Жобирхон 2018 йил апрель ойида миллий ширинликлар ва турли пишириқлар билан савдо қилувчи таниши Насиба Мамажонованинг уй сотиб олиш ниятида юрганидан хабар топиб қолди. Хабар топди-ю, дарҳол аёлни аврашга киришди. Аниқроғи, у шаҳарнинг Қўқон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бири ўзига тегишли эканини айтиб, Н.Мамажоновани алдади. Насиба опани ишонтириш учун телефонида бир хоналик уйнинг расмини кўрсатди. Соддадил аёл унинг гапига лаққа тушиб, уй сотиб олиш учун йиғиб қўйган 5000 АҚШ доллари (42.206.800 сўм) миқдоридаги пулини унга санаб берди. Аммо Ж.Алимов бу пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди-ю, харидор аёлга ҳеч қандай уйни расмийлаштириб бермади.
Шундан кейин Жобирхон талончиликка қўл урди. Яъни Асака шаҳрида юрган пайтида киракаш машиналардан бирига қўл кўтариб тўхтатди. Сўнг ҳайдовчи ўуломжон Қўлдошевга ўзини ИИБ ходими Санжар деб таништириб, Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасига олиб бориб келишини илтимос қилди. Белгиланган манзилга етишганда эса ўуломжоннинг ёлғиз эканлигидан фойдаланиб, унга пичоқ ўқталди. Кейин зўрлик ишлатиб ҳамда уни қўрқитиб, автомашина юкхонасидаги 800.000 сўм пул ва автомашина техник паспорти, шунингдек, ў.Қўлдошевнинг акаси Фурқатжон Қўлдошевнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантириш талонларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, воқеа жойидан қочиб кетди.
Бундан ташқари, Ж.Алимов 2018 йил 18 декабрь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Зокир Мансуровни ҳам “ўзига хос” усулда чув туширди. Яъни ўша куни соат 14:30 ларда Жобирхон Намангандаги “Сардоба” бозори яқинида Зокир билан учрашди.
— Исмим Азиз, “горотдел”да ишлайман. Илтимос, Марғилонга олиб бориб қўйсангиз. Хизмат ҳақингизни бераман, — деди мулойим муомала қилиб.
Албатта, у ўзини Наманган шаҳар ИИБ ходими деб таништиргани сабабли З.Мансуров унинг илтимосини ерда қолдирмай, “Нексия-2” русумли, 50 ў 898 ЕА давлат белгили автомашинасини Марғилонга қараб ҳайдади. Марғилонга етиб боришгач эса Жобир ҳайдовчини Тошлоқ тумани марказига бошлади.
— Келинг, аввал овқатланиб олайлик, иш қочиб кетмайди, — дея З.Мансуровни Тошлоқ шаҳарчасидаги “Табассум” ошхонасига таклиф қилди.
У шундай деб икки кишилик овқат, нон, чой ва салат буюрди. Кейин Зокирдан:
— Машинангизни бериб турсангиз, овқат келгунча ғир этиб бир жойга ўтиб келаман, — деб сўради.
Наманганлик ҳайдовчи эса унинг ИИБ ходими эканлигига ишонгани учун ҳам ҳеч иккиланмай машина калити берди. Лекин фирибгар нархи 50.000.000 сўм бўлган бу машинани ҳайдаб кетгач, аввалига машина салонидаги 200.000 сўм миқдоридаги пул, З.Мансуровнинг фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси, автомашинани бошқариш учун расмийлаштирилган ишончнома ҳамда бошқа ҳужжатларни ғаразгўйлик билан талон-торож қилди. Сўнгра шаҳарнинг Хўжапорсо маҳалласида фуқаро Муроджон Ибодовга автомашинанинг ўзига тегишли эканлигини айтиб ва жиноий йўл билан топилганлигини билдирмасдан, 2500 АҚШ доллари(21.103.400 сўм)га сотиб юборди. Қўлга киритилган пулларни эса ҳар галгидек жиғилдонига урди.
Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. Негаки, Ж.Алимов ўзини ИИБ ходими “Азиз” ва “Шерзод” дея таништириб, яна 7 нафар фуқарони фириб тўрига илинтирди. Шу йўл билан уларнинг 33.985.808 сўмлик пул ва мулкларини қўлга киритди. Аммо жабрланувчиларнинг мурожаатига биноан жиноят иши қўзғатилгандагина у фирибгарлигини тўхтатиб, тавба-тазарру қилишга тушди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса айбдорнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.
Энди ҳақли савол туғилади: наҳотки, муқаддам 8 маротаба фирибгарлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган Жобирхоннинг кўзи ҳамон очилмаган бўлса? Ёки унинг яна айнан шу жиноятни содир этганига нима дейсиз?
Хулоса ўрнида Жобирхон Алимов сингари фуқароларга қарата “Ўзингизнинг ғайриқонуний ҳаракатларингиз билан “Ички ишлар ходими” деган шарафли ном ва касб шаънига доғ туширманг”, деймиз.
Феруза СИДДИҚОВА,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судьяси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пайшанба — Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни
01 янв 1970
Бизга маълумки, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш билан ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Оилада фарзанд туғилса, ота-онаси ва яқинлари унинг ҳар жиҳатдан комил, эл ардоғидаги инсон бўлиб вояга етишини истайди....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....