Разолат ботқоғига ботган фарзанд

/
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. Гоҳида ожизлик ва чорасизликдан ўз жонига қасд қилганларни сабрсизликда айблаймиз. Бундайларга ислом дини талабларига асосан жаноза ўқилмаслигини ҳам яхши биламиз. Негаки, жонни бергувчининг ўзигина уни олишга ҳақли. Аммо, ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Бир пайтлар ўғил кўрдим, деб қувончдан йиғлаган кўзларнинг бугунги аччиқ ёшлари ҳақида, чопқиллаб юрадиган боласини “тойчоғим”, “полвоним” дея эркалаб, елкасида кўтарган отанинг шу “полвон”идан мушт ва пичоқ еган елкалари ҳақида...
Гўдаклигида оқ сут берган кўкракларни улғайиб, кучга тўлгач, пичоқ билан жароҳатлаган қўллару тунлари ухламай алла айтган тилларнинг бугунги нолалари, дод-фарёдлари ҳақида...
Инсон болалигида тили чиқиб, илк айтган сўзлари ота ва она бўлса, танаси дард чекканда ҳам, ҳатто бу дунёдан кетар чоғи ҳам шу табаррук зотларнинг номини айтади. Ахир уни дунёга келтирган, парваришлаб, боқиб, камолга етказган ҳам улар-да! Ҳар қандай ҳолатда ҳам уни тушунувчи, меҳрини дариғ тутмайдиган, бор-йўғини боласига армуғон этадиган ҳам фақат падари бузруквор ва волидаи муҳтарамадир!
Вақт чархпалаги айланади, болалар улғайиб, кучга тўлади. Ота-оналар эса бола каби меҳрга ва парваришга муҳтожлик сезади. Яъни боғбон ҳосилни йиғиб олгани каби ота-оналар ҳам кексайгач жигарбандининг меҳрига, бир оғиз ширин каломига муҳтож бўлади. Кичкиналигида ота-она боласини қўлидан тутиб етаклагани каби, оғзига таом тутгани, оқ ювиб, оқ тарагани, барча инжиқликларига меҳр билан суюб, эркалаб жавоб бергани каби, бу вазифани уддалаш гали фарзандга келади.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди залида мазкур туманнинг “Йўлдош” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Спутник-9 даҳасида истиқомат қилувчи, кўзлари кўрмаслиги сабабли болалигидан биринчи гуруҳ ногирони Ашур ота Машарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) 2018 йилнинг 28 апрель куни оиласида содир бўлган мудҳиш воқеа ҳақида гувоҳлик берар экан, афсус-надоматлар бўғзига тиқилди:
“...Ўша куни соат 11 лар чамаси ўғлим алоҳида хона ажратиб беришимизни, уйланмоқчи эканлигини, болалари билан бизникида яшаётган опасини уйдан ҳайдаб чиқаришимизни талаб қилиб, жанжал бошлади. Уйланиб, бир аёлнинг ҳаётини дўзахга айлантирган одам иккинчисини бахтли қилармиди? Хотиним билан иккаламиз жанжал чиқмаслиги учун кўчага чиқиб, анча ўтирдик. Аммо уйдан эшитилаётган тарақ-туруқ. шовқин кучайгач, яна уйга киришга мажбур бўлдик. Уйга кирсак, хона эшигини бузиб ташлабди. Унга қизим ва невараларимизни кўчага чиқариб юбормаслигимизни айтдик. “Ўзинг меҳнат қилиб уй олгин, жанжални тўхтатмасанг милиция чақирамиз,” дедим. Шундай деб кўчага йўл олдик. Шу пайт у орқамдан келиб бир неча бор пичоқ урди ва эшик олдидаги томорқага йиқитиб, шафқатсизларча уриб, тепиб ташлади. Бундай қилмаслигини сўраб, дод солиб, мени ҳимоя қилмоқчи бўлган турмуш ўртоғим ҳам ноқобил ўғил қўлидаги пичоқдан насибасини олди. Кейин билсам, мен томорқада, хотиним эса йўлакда ҳушимизни йўқотибмиз...”
Ота силкиниб-силкиниб унсиз йиғларди. Ожиз кўзларига нур, белига қувват бўлишини Яратгандан сўраган падари бузрукворнинг ўз-ўзига берадиган саволлари кўп, аммо жавобсиз эди...
Карима Машарипова ҳам ўғлининг қилмишлари ҳақида алам билан гапирар экан, онанинг қалбидаги фарзандга меҳри вужудидаги тан жароҳатидан устунлик қилди. Бир пайтлар ўзи ўпиб эркалаган жажжи қўлчалар бугун муштга айланиб, уни калтаклаган ва пичоқлаган тана ва қалб яраси ҳали битмаган бўлса ҳам, бешинчи бор суд курсисига ўтирган нобакор ўғли Абиджонга даъвоси йўқлигини, камроқ жазо тайинланишини сўради...
Дарвоқе, Абиджон Машарипов илк бор суднинг қора курсисига ўтирганида бор-йўғи 19 ёшда эди. 2000 йил 17 мартда унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йилдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган. Абиджон Машарипов бу имкониятдан фойдаланиб, тўғри йўлга кирса, бирон касбнинг бошини тутиб, ота-онасига ёрдам берса, нур устига нур бўлар эди. Аммо у “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, 2001 йилда босқинчилик жиноятини содир этди. “Бир марта оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейди доно халқимиз. А.Машарипов эса қилган хатоларидан хулоса чиқармасдан, 2008 йилда ЖКнинг 118-моддаси 2-қисми “г” бандида кўрсатилган номусга тегиш жиноятини содир қилди... Амнистия актининг қўлланилиши натижасида жазо муддатидан илгари озод қилингач, 2012 йилда яна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “а,г” бандларида кўрсатилган безорилик жиноятига қўл урди...
Айни куч-қувватга тўлган йигит тоғни урса талқон қиладиган йилларини жазо ўташ билан ўтказса, кетма-кет турли жиноятларни содир этса, оиласи бузилса, ота-онасининг маслаҳатини қулоққа илмаса, бу ҳолатга маҳалла фуқаролар йиғини, хотин-қизлар қўмитаси ва профилактика инспектори эътибор қаратиши лозим эмасмиди? Аслида-ку “Бола ёшидан...” дегандай, уни ёшлигидан меҳнатсеварлик, ҳалоллик, меҳр-оқибатлиликка ошно қилиб тарбияламоқ жоиз эканлиги барчага аён. Аммо энди ғишт қолипдан кўчиб бўлгач, ота-онани айблашдан наф йўқ. Безорилик, босқинчиликдан бошланган жиноят номусга тегишгача бориб етди ва ниҳоят ўз ота-онасини пичоқлаш билан якун топди. Якун топди деймизу Абиджон Машарипов ўта хавфли рецидивист сифатида махсус тартибли колонияда 7 йил бир ой жазо муддатини ўтагач, қилган айбини, нафақат айб, нақадар кечирилмас гуноҳ қилганини тушуниб етармикан? Ота-онага пичоқ тугул қўл кўтариш, ҳатто овозини баландлатиш гуноҳлигини англаб, уларнинг розилигини олиш учун хизматларига камарбаста бўлармикан?..
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат идорасига мурожаат йўллаган фуқаро қонун устуворлигига ишонч ҳосил қилиб, асослантирилган жавоб олишни кутади. ...
01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....
01 янв 1970
Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқинда...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мав...