“Қон қўшилган “пепси”, “мамлакатдаги қийин вазият”, “саратон юқтирувчи дори...”

/

“Қон қўшилган “пепси”, “мамлакатдаги қийин вазият”, “саратон юқтирувчи дори...”

 

Инсонларнинг ахборот билан таъминланганлик даражаси сўнгги йилларда анча ошди. Энди фақат оммавий ахборот воситалари эмас, ижтимоий тармоқлар ҳам содир бўлаётган воқеалардан хабар берувчи манбага айланди. Аммо, афсуски, бу борада сон ошгани сайин сифат тушиб кетмоқда.

 

Киши тўғри ва фойдали маълумотлар истеъмолчиси эмас, тўқима ва уйдирмалар асирига айланиб қолмоқда. Ёлғон хабарни шунчаки эшитиб ёки ўқиб қўйса майли экан, унга бебаҳо вақти билан бирга ҳассос руҳиятини ҳам сарфлайди. Ҳозир турли канал ва гуруҳлар орқали келаётган хабарлар ва айнан ёлғон-яшиқ маълумотлар одамларни ваҳимага солиб, қалбларини жароҳатламоқда. Ўзлари руҳан синиб бўлгач, яқинларини огоҳлантириш мақсадида, яхшилик қилиш истагида уни бирма-бир жўнатиб чиқишга киришадилар. Дарвоқе, хабарга ҳам ушбу ундов тиркалган, “яқинларингизга тарқатинг!”

 

Аслида буларнинг бари ўйлаб топилган воқеалар, алдов асосида тайёрланган матн, фото, видео, аудио маҳсулотлардир. Уларнинг ортида жирканч мақсадни кўзлаган гуруҳлар, шахслар турибди. Катта бизнес компанияларга душманлик, носоғлом рақобат сабаб улар фаолиятига оид ваҳимали миш-мишлар яратадилар ва тарқатадилар. Ёки яна бир нияти — ўз канали, гуруҳининг обрўсини ошириш, обуначиларни кўпайтириш. Улар шов-шув мақсадида ёлғондан, туҳматдан ҳайиқмайдилар.

 

Яқинда бир хабар тарқалди. Унда бир неча ҳафта давомида “Пепси” ичмаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда. Эмишки, ушбу компаниянинг ОИТС билан касалланган ходими маҳсулотга ўз қонидан қўшибди. Буни ўқиган одам борки ёқа ушлаб, ҳаммага тарқатиб чиқмоқда.  

 

Биринчидан, бу асосланмаган маълумот. Ҳеч ким ишчи қонини ичимликка қўшаётганини кўрмаган, фото ва видео тасвирга туширмаган. Иккинчидан, бундай гигант компаниялар ходимларини керагича назорат қила олади, маҳсулотига истаган нарсасини қўшишига қўл қовуштириб ўтирмайди. Учинчидан, мантиқан ўйласак, бунинг сира иложи йўқ. “Пепси” глобал бренд бўлса, у катта миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарса, бир неча миллиард литрли ичимликка қўшиш учун ходим ҳамма қонини қоқиб-суқиб олибди-да! Тўртинчидан, гематолог ва инфекционист мутахассислар тасдиқлайдиларки, бундай омиллар орқали ОИТС юқмайди.

 

Хўп, уйдирмачиларнинг гапига рози бўлиб, ишчи ОИТСга чалинган ва қонини ичимликка қўшган дейлик. Барибир касаллик юқмайди. Чунки ОИВ қондан қонга ўтади. У юқиши учун маълум — каттароқ миқдорда қон қабул қилиниши керак. Бир неча йил аввал “ОИТСга чалинган касал вирусли шприцини кўча-кўйда ҳаммага тиқиб юради”, деган миш-миш тарқалган эди. Шифокорлар игна учидаги қон ОИТС ташиш учун озлик қилишини таъкидлайдилар. Ҳатто стоматолог муолажаларида ОИВ юқтириш хавфи йўқ, чунки унда кўп миқдорда қон муомалага киришмайди. Гепатит, торч-инфекциялар юқиши мумкин, аммо ОИВ эмас! “Пепси”дан қон излагандан кўра газланган ичимликларнинг соғлиққа зарарини ўйланг, айнан шу сабаб ундан воз кечишингиз мантиққа тўғри келади.

 

Ижтимоий тармоқларда “долзарб”­лигини йўқотмай келаётан яна бир хабар бор. Бу Ички ишлар вазирлиги баёноти эмиш. “Мамлакатда бўлиб турган қийин вазиятларни ҳисобга олиб, огоҳлантирамиз” деб бошланади хабар ва бегоналардан эҳтиёт бўлиш, ўғри ва безориларга алданиб қолмаслик тайинланади. Шу хабар неча йилдирки айланяпти, одамлар бир-бирига тарқатишдан чарчамаяпти. Аммо фикр қилиб ўйлаб кўрмаяптики, матннинг ўзи бизнинг юртимизга тааллуқли эмас. Наҳотки буни “мамлакатдаги қийин вазият” жумласидан англаш қийин? Бизда қийин вазият йўқ-ку, юртимиз тинч-ку, дея хабарга беэътибор бўлишга нега инсонларнинг ақли етмаяпти? Хабарда яна бир ўзини ошкор этувчи ибора бор: “Суриялик иммигрантлар билан яқин муносабатда бўлманг”. Бизда суриялик иммигрантлар бор эканми?!

 

Хўп, бу жумлаларга эътибор бермадингиз, ярим бетли матнни ҳаяжон билан ўқидингиз, ҳеч бўлмаса охирги нуқтада ўзингизга келинг! Муаллиф сифатида “Муҳаммад Иброҳим Юсуф, ички ишлар вазири”, деб ёзилган. Бизнинг ички ишлар вазиримиз Муҳаммад Иброҳим Юсуфми? Майли, оддий чилангар ёки уй бекаси вазирни танимас, ҳеч бўлмаса бизда исм-фамилия бундай ёзилмаслигини хаёлга келтириш учун ортиқча ақл шарт эмас-ку. Таассуфки, ушбу хабар олий маълумотлилар, давлат ишида ишловчи ходимлар томонидан ҳам тарқатилиб, оммалаштирилмоқда.

 

Дори-дармонлар ҳақида миш-мишлар ҳам роса урчийди. Яқинда болаларда яллиғланишни даволовчи “Анаферон” ва “Виферон” саратон катакчаларини очаётгани ҳақидаги хабар интернет           оламини жунбушга келтирди. Аслида ушбу дориларда бундай ножўя таъсир йўқ. Агар бўлганида фармосаноатдан ўрин олмасди. Ёлғон хабар ортида иккита тахмин турибди.

 

Биринчидан, булар машҳур шифокорлар томонидан кўп тавсия этилувчи, бозори чаққон, нархи қиммат дорилар. Уларни касод қилиб, ўрнига ўз маҳсулотини ўтказиш ниятидаги тадбиркорлар уйдирма тўқиган бўлиши мумкин. Чунки бундай хабар ҳар қандай ота-онани (тўғрироғи, билими ва савияси паст ёки ишонувчан ота-оналарни) сергак торттиради ва ушбу дориларга нисбатан наф­рат уйғотади. Ўз дорисининг рақобатчисиникидан кўра сифатлироқ ва фойдалироқ эканини исботлашнинг осон йўли бу.

 

Иккинчидан, қайсидир болада ҳақиқатан ҳам шу дорилар қабулидан кейин саратон аниқланган бўлиши мумкин. Лекин, онколог мутахассислар тасдиқлайдиларки, саратон бир зумда пайдо бўлувчи ва осон аниқланувчи касаллик эмас. У йиллар давомида яширин ривожланади, аломатлари кечикади. Балки бошқа сабаб билан онкологик касалликка учраган бола орада шамоллаб қолиб, шу дориларни қабул қилган, ундан кейинги тиббий кўрикда эса саратон аниқлангандир. Кеча дори ичиб, эртасига саратон ташхиси қўйилиши тиббиёт нуқтаи назарига мутлақо зид.

 

Витаминлар ҳақида ҳам шундай гумон юради. “Фалончи витамин ичиб, саратон бўлиб қолибди” деган гапга ишониб, фарзандига умуман витамин бермайдиган ота-оналар бор. Ваҳоланки, ҳеч бир турдаги витамин саратон катакчаларини уйғотмайди. Уйғониб бўлган катакчаларни озиқлантириши, яъни бошланган онкологик касалликни ривожлантириб юбориши мумкин. Витамин ичганидан кейин саратон аниқланган одам, билингки, анча аввал дардга чалиниб бўлган. Витамин дардни кашф қилмайди, балки зўрайтиради. Соғлом одам учун шифокор тавсияси билан қабул қилинадиган витаминларнинг зарари йўқ.

 

Бу каби хабарларга диққат билан разм солсангиз, улар грамматик ва орфографик хатоларга тўла бўлади. Шундан ҳам у бир расмий ташкилот ёки шахс эмас, балки саводсиз бекорчи томонидан тайёрланганини пайқаб олаверинг.

 

Азизлар, булар ҳар ҳолда менинг шахсий фикрларим. Сиз ҳам ўз дунё­қарашларингиз, мулоҳазаларингиз асосида қарор қабул қилинг: интернет тармоқларидаги хабарларнинг ҳаммасига ишонасизми ёки уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажрата оласизми? Тўғри танлов — сизнинг фойдангизга хизмат қилиши шуб­ҳасиз!

 

Дурдона АЛИМОВА


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Сиёсий партия атамаси грекчадан таржима қилинганда “давлатни бошқариш санъати” деган маънони касб этади. Партия бу инсонлар жамланмаси ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда сўнгги икки ярим йил давомида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Сайловолди тарғибот-ташвиқот жараёни айни қизғин паллада. Депутатликка номзодлар орасидаги рақобат кучайса кучайдики, асло ортга чекинилгани йўқ.&n...