Фарзанд уволига қолмайлик

/
Маҳалла азал-азалдан халқимиз учун тарбия, маънавият ўчоғи ҳисобланади. Оилалардаги маънавий-маърифий муҳит, болалар тарбиясига бўлган эътибор, ижтимоий-моддий шароитлар ҳақидаги маълумотлар ҳақида аввало маҳалла, унинг жонкуяр фаоллари хабардор бўлади. Албатта, маҳалламизда аҳил, иноқ, меҳнатсевар оилаларимиз кўплаб топилади. Бир-бирига меҳрибон қайнона ва келинларимиз, мард ва олижаноб йигитларимиз маҳалламизнинг юзи. Биз улар билан доимо фахрланамиз, қаерда бўлсак ҳам, ким билан суҳбатлашсак ҳам ана шундай оилаларни бошқаларга ибрат, намуна қилиб кўрсатамиз.
Аммо очиғини айтганда, 7500 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда айрим иллатлар ва камчиликларга йўл қўяётган оилалар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ҳамкор жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда оилалар ўртасида эрта никоҳ, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва бошқа оғриқли мавзуларда суҳбатлар ўтказиб келишимизга қарамай, билиб ёки билмай қинғир йўллардан юришни ўзига эп биладиган оилалар ҳам учраб тургани ачинарлидир.
Дейлик, айрим оилаларда арзимас сабаб ва важларни рўкач қилиб, шоша-пиша ажрашиш тўғрисидаги қарорга келаётган ёшларимиз, уларни тўғри йўлга сола олмаётган катта авлод вакиллари барчамизни ташвишга солади. Баъзан турмушнинг “мушт”ига чидай олмаётган ёшларимиз осонгина ажрашишга қарор қилаяпти. Бунинг оқибатида болаларимиз тирик етим бўлиб қолишга мажбур бўлаяпти. Бу ҳам етмагандек, ҳаётга енгил назар билан қараётган айрим хотин-қизларимиз оиласи борлигини била туриб ёки айрим ҳолларда билмаган ҳолатда никоҳланган эркаклар билан яшаши ҳолатлари учраётганига кўз юма олмаймиз.
Боланинг бегонаси бўлмайди. Аввало, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Инсон моддий жиҳатдан қўша-қўша оилаларни таъминлай олиши мумкин, лекин бир кун бу оилада, бошқа куни бошқасида яшаётган отасининг хатти-ҳаракати туфайли боланинг қалби дарз кетса, уни ҳеч қандай давлат ёки бойлик билан бутлаб бўлмайди. Бундай болаларнинг ўзига, эртанги кунига ишончи йўқолади. Ўзига ишонмаган, мақсадсиз инсон эса юксак марраларни кўзлаши, уларга эришиши мушкул. Шу оддий, аммо аччиқ ҳақиқатни биз, катталар унутмаслигимиз керак.
Назаримда, оиласи, фарзандлари бўла туриб, уларнинг ризқу насибаси ва баракасини қийиб, алдов йўллари билан бошқа аёл билан вақтинча яшашга ўрганиб қолган худбин эркакларимизга нисбатан жазо чорасини ишлаб чиқиш вақти келди. Ахир, ҳаммамиз юртимиз янада ривожланиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, яшаш шароити янаям яхшиланишини истаймиз. Айнан шундай жараёнда жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланмиш оилаларнинг баъзиларида бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик бўлмаслиги, уларда вояга етаётган болаларимиз отаси ёки онасининг меҳрига зор бўлиши оқибатида юрагининг туб-тубида кемтик, бўшлиқ пайдо бўлиб туришига томошабин бўлиб қараб тура олмаймиз.
Тан олиш керак, бу каби ҳолатларнинг учрашида нафақат ўша хонадон соҳиб ва соҳибаларининг, балки биз, маҳалла-кўй, жамият аъзоларининг айби ҳам йўқ эмас. Биз ўз вақтида оилалар, ўғил-қизларимиз билан яқиндан мулоқот қилганимизда, уларга жонли ва таъсирчан мисоллар ёрдамида ҳаёт сўқмоқларидаги баландликлару пастликлар ҳақида сўзлаб берганимизда бундай нохуш ҳолатларга дуч келмаган бўлардик.
Айни пайтда биз, Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалласи фаоллари жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда Президентимиз томонидан сўзланган нутқдан ўзимиз учун тўғри хулоса чиқардик. Маърузада илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида оилаларимиздаги маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш, жамиятда тинчлик, барқарорликни таъминлашга қаратилган фаолиятимизни янада жадаллаштираяпмиз. Жумладан, никоҳ тузиш ёшидаги ўғил ва қизларимизнинг ҳар бири билан бирма-бир суҳбат қуриб, уларга оила фаровонлиги, тинчлигини сақлашга хизмат қилувчи китоб ва журналларни тақдим этаяпмиз. Ҳаётий тажрибаси катта, эл-юрт ўртасида ҳурматга сазовор онахонлар билан биргаликда бўлажак қайноналар билан дилдан суҳбатлашаяпмиз. Сабаби кўп ҳолларда ёш оилаларнинг ўзидан тиниб-тинчиб кетишида қайнона-қайноталарнинг ўрни ва роли катта.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг маърузасидан сўнг оилалардаги, жамиятимиздаги барқарорлик, тотувликни таъминлашга барчамиз бирдек ҳисса қўшишимиз лозимлигини яна бир бор ҳис қилдим. Бундан кейин партия фаоли, маҳалла маслаҳатчиси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутати сифатида бу борадаги фаолиятимизни янада жонлантиришга бор куч-ғайратимни сафарбар қилишга тайёрман.
Офтоб НИШОНОВА,
“Олмазор” МФЙ маслаҳатчиси, партия фаоли

Қонуний никоҳ оила барқарорлигини таъминлайди
Инсоннинг маънавий камол топишида оиланинг ўрни муҳим. Оила жамиятимизнинг ажралмас зарурий қисми бўлиб, унда инсон дунёга келади ва вояга етади. Оила иккита муҳим вазифани, яъни фарзандларни дунёга келтириш ҳамда уларга муносиб тарбия беришни йўлга қўяди. Оиланинг негизи эса никоҳ ҳисобланади.
Никоҳ тузишда диний маросимларга амал қилиш инкор этилмаган. Динга эътиқод қилувчи шахслар учун никоҳ тузишда азалдан урф-одат бўлиб қолган диний расм-русумларга амал қилишларига қаршилик кўрсатилмайди. Лекин Оила кодексининг 13-моддасига биноан диний маросимларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Эр-хотинга тегишли бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келиши учун асос бўлмайди.
Никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб эр-хотин ўртасида қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар мажмуи пайдо бўлади, туғилган бола ҳам никоҳдан туғилган бола деб ҳисобланади ва шунга кўра у ота-онага нисбатан барча ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакилларига қарата жамиятимизда учраётган айрим иллатлар ва уларни бартараф қилиш хусусида билдирган фикр ва мулоҳалари биз, ҳуқуқ соҳаси вакилларини ҳам бефарқ қолдирмади. Айниқса, айрим турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш оила муқаддас эканини тушуниб етмасликка сабаб бўлади. Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар, бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолиши ҳолатлари учраб туриши шахсан давлатимиз раҳбарини изтиробга солиши барчамизнинг виждонимизни уйғотди десам, муболаға бўлмайди. Президентимиз “Баъзан ҳаётда “ЗАГС”, яъни Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди”, деган гаплари билан анчадан буён бизни ташвишга солаётган масалага тўхталди.
Дарҳақиқат, юқорида қайд этганимиздек, қонуний никоҳдан ўтган эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятга эга бўлади. Оилада эр ва хотиндан ташқари, уларнинг фарзандлари ҳам тенг ҳуқуқ ва манфаатларга эга бўлади. Бироқ оила қонуний никоҳдан ўтмаган бўлса-чи?
Касбимиз тақозоси билан фарзанд дунёга келганда болага туғилиш тўғрисидаги ёзувларни қайд этиб, рўйхатга олиб, уларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани тақдим этамиз. Ушбу жараёнда баъзан айрим эркакларнинг қонуний никоҳдаги оиласи ва фарзандлари бор бўла туриб, бошқа аёл билан ноқонуний тартибда яшаши оқибатида бола дунёга келиши ва у болани тан олмаслиги ҳолатлари ҳам учраб туради. Одатда бундай шахслар қонуний никоҳидаги оила аъзолари бошқа бир аёл билан яшашини ва у аёлдан фарзандли бўлганини билишини истамайди. Ҳатто шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, ота сифатида белгиланадиган шахс бутунлай бошқа шаҳар ёхуд давлатда бўлади, ёки фарзанди туғилгани ҳақида хабари ҳам бўлмайди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг 7-моддасида бола туғилган заҳоти рўйхатга олиниши ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиши лозимлиги қайд этилганини инобатга олиб, ўзаро никоҳда бўлган ота ва онадан бирининг аризасига кўра туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида уларни боланинг ота-онаси деб ёзилади.
Агар ота-она ўзаро никоҳда бўлмасалар, боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса, боланинг отаси ва онасининг биргаликдаги аризаси бўйича ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёзилади.
Никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталикни белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори бўлмаса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отасининг исми ва миллати — она кўрсатмаси бўйича ёзилади.
Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 207-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда баркамол шахсни шакллантириш, уларнинг ижодий қобилияти ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишлари ва устувор вазифаси сифатида белгиланган бир пайтда айрим ҳамюртларимиз томонидан ўз боласининг ота-она меҳр-муҳаббати оғушида яшашдек, насл-насаби белгиланишидек ҳуқуқ ва манфаатларини бузишига гувоҳ бўлиш ачинарлидир.
Бу оғриқли масала ҳаммамизни бирдек ташвишга солиб, унга қарши биргаликда муросасиз кураш олиб боришимиз керак. Зотан, бугун ота ёки онанинг муҳаббатидан мосуво тарзда вояга етаётган айрим фарзандлар эртанги кунда бошқаларга меҳр кўрсатиши даргумон. Шу боис юртимиз ривожига бефарқ бўлмаган биз, катталар оилаларни мустаҳкамлаш, ноқонуний никоҳнинг олдини олиш, ёшларимиз билан самимий суҳбатлашиш борасидаги фаолиятимизни кучайтиришимиз шарт. Токи, юртимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмасин.
Шу боис биз, ФҲДЁ мутахассислари ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан ҳамжиҳатликда ёш ўғил-қизларимиз ўртасида олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишларимизни тўхтатмасдан, бундай суҳбатларнинг самарадорлигини оширишга эришишимиз лозим.
Барно РЎЗИЕВА,
Тошкент шаҳар "Наврўз" никоҳ уйи мудираси

Қўшхотинлик қонунан жазоланади
Президентимизнинг шу йил 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган маърузасини тинглар эканман, айниқса, қўшхотинлик ва уни бартараф этишга оид билдирилган танқидий фикрлар эътиборимни тортди.
Албатта, оила жамиятнинг энг муҳим бўғинидир. Шу боис уни “қўшхотинлик” дея аталмиш салбий ҳолат туфайли пароканда қилмаслик керак. Мен судья сифатида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, амалдаги қонунларимизда бунинг учун қатъий жазо чоралари ўз аксини топган. Жумладан, Жиноят кодексининг “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар” деб номланган V бобида ҳам. Кодекснинг 126-моддасида “Кўп хотинли бўлиш” жинояти ва айни қилмиш учун белгиланган жазо чоралари қайд этилган. Унга биноан, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аммо кундалик ҳаётимизда учраётган аксарият қўшхотинлик ҳолатлари яширинча шаръий никоҳ ўқитиш оқибатида юз бермоқда. Энг эътиборлиси, барча шаръий никоҳлар давлат рўйхатидан ўтган масжид имоми томонидан эмас, балки ўша маҳалладаги мукаммал диний маълумотга эга бўлмаган, чаласавод мулла иштирокида ўқилмоқда. Оқибатда тирик етим фарзандлар сони ортмоқда.
Бундан ташқари, қўшхотинлик яна бир жиноятга замин яратмоқда. Яъни оиласидан ажрашиб, иккинчи бир аёлга шаръий никоҳ асосида уйланган кўпгина эркаклар биринчи оиласидан туғилган фарзандларини унутиб қўяди. Аниқроғи, аёлига зарда қилиб, жигарбандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан очиқ-ойдин бўйин товлайди. Пировардида, Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган “Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш” жинояти юз беради. Мазкур модданинг биринчи қисмига мувофиқ, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса — уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бинобарин, юзага келган қўшхотинлик учун ўша чаламулла билан бирга маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла посбони, қўни-қўшни ва жамоатчилик масъул ҳамда жавобгар эканлигини унутмаслик керак. Тўғрироғи, ушбу масъул шахслар янада ҳушёр ва огоҳ бўлишлари шарт. Шундагина тилга олинган салбий иллат илдиз отмайди, норасида гўдакларнинг кўз ёши тўкилмайди.
Маъруфжон ТЕШАБОЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди раиси

Рўзғор – истироҳат боғи эмас...
Оила жамият ичра кичик жамият ҳисобланади. Оилалар барпо бўлиши ва улардан зурриётларнинг дунёга келиши инсоният наслининг давом этиши омилидир. Шу билан бирга, фарзандларни тарбиялаб, илмли, одобли, ҳар томонлама етук, халқ ва юртига, қолаверса, инсониятга манфаати тегадиган бўлиб етишишида оила катта мактаб вазифасини ўтайди.
Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” тўғрисидаги фатвоси чиқарилган бўлиб, унда айтилишича, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Бу талабдан кўзланган мақсад — расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилаларга шаръий никоҳдан ўтишига йўл қўймаслик орқали она ва бола манфаатини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Зеро, баъзан ҳаётда шаръий никоҳгагина таяниб, ФҲДЁдан никоҳдан ўтмасдан яшаб келган ва муайян турдаги келишмовчиликлар оқибатида ажрашишга қарор қилган ҳамюртларимиз ҳам учрайди. Ачинарлиси, қонуний никоҳдан ўтиш афзалликлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган ёшгина жувон ва оналар ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қила олмай, уйсиз, маблағсиз қўлида бола билан қолиб кетганлари ҳам йўқ эмас.
Айрим чаласавод ва ўзини ҳурмат қилмаган муллаларнинг ўзбошимчалик билан никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, энг ачинарлиси, белгиланган никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларга никоҳ ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз берганига ҳам гувоҳ бўлдик. Никоҳдан ўтган оиласи бўла туриб иккинчи шаръий никоҳ орқали “қўшхотин”лик деган номга “муяссар” бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Бунинг оқибатида эрта турмуш қурганлар, вояга етмаганларнинг аксарияти ё ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмуши дарз кетади. Бундан ташқари, қонуний никоҳидаги оиласидан яширинча бошқа аёл билан яшаб келаётган эркакларнинг иродасизлиги оқибатида болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Президентимиз яқинда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда нутқ сўзлар экан, юқоридаги иллатнинг урчиб кетишига йўл қўяётган дин уламолари қатъий қораланиши, ҳатто уларга нисбатан жиноий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида қатъий огоҳлантириш берди. Очиғини айтганда, бу адолатли фикрни маъқулламасликнинг иложи йўқ. Сабаби оиланинг тинчлигини таъминлаш, хотин-қизларимизнинг манфаатини ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда жамият, кенг жамоатчилик вакиллари бу каби ноқонуний ҳолатларга нисбатан жим қараб турмаслигимиз, ҳуқуқбузарларга нисбатан ўз қилмишига яраша жазосини беришимиз шарт.
Хулоса қилиб айтганда, никоҳ ва оила масаласига ота-оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим.
Фароғат САТТОРОВА,
“Оила” илмий амалий маркази Жиззах вилоят бўлими директори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак...
01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади.