Тиббиёт тизими замон талаблари даражасида такомиллаштирилмоқда

/
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, халқимизнинг узоқ умр кечиришини таъминлаш, соғлом ва фаровон турмуш учун қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор ҳамда ғамхўрлик юртдошларимизнинг ҳаётга иштиёқини кучайтириб, уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йўналишдаги эзгу ишларни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз томонидан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, халқимизни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Президентимиз қайси ҳудудга бормасин, албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталиб ўтади. Мавжуд ҳаётий муаммоларга ечим топиш, тизимни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар беради. Аммо шундай муаммо ва масалалар борки, улар аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.
Жумладан, аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни ривожлантириш, малакали кадрлар, дори воситалари, тиббий ускуналар, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланиш даражасини яхшилаш долзарб масала бўлиб келаётган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда матбуотда эълон қилинган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларнинг амалий ечими бўлди десак, хато бўлмайди. Чунки бу ҳужжат тизимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий-тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Фармонда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг асосий вазифалари ва фаолият кўлами анча кенгайган ҳамда масъулияти ҳам янада ошганлигини кўрамиз. Жумладан, ҳужжатда белгиланганидек, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолияти ташкил қилинади. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади. Президентимиз таъкидлаганидек, хизмат фаолиятини амалга оширишда асосан автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалалар жиддий сабабларни келтириб чиқармоқда. Буларнинг барчаси фармонда инобатга олинган.
Эндиликда Марказнинг тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлиши ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, фармон билан соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва хориждан олиб кирилаётган юқори технологияли ва телекоммуникация жиҳозлари, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминотни божхона тўловларидан озод этиш муддати 2020 йилнинг 31 декабригача этиб белгиланди.
Яна бир эътиборли жиҳати,
Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ҳам ташкил этилади. 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига берилади.
Жорий этилаётган бу янгиликларнинг барчаси шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишининг устувор йўналишларини шакллантириш, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса даволаш жараёнининг сифат ва самарадорлигини ошириб, стационар даволаш муддатлари ва сарф-харажатларининг кескин камайишига олиб келади.
Ўз навбатида, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада оширишга доир ғояларга тўла мос келиши билан партиянинг асосий электорати ҳисобланган тиббиёт соҳаси вакиллари ҳамда партия депутатлик корпусини унинг ижросида фаол иштирок этишга чорлайди.
Хулоса қилиб айтганда, тиббиёт тизимини янада жонлантириш, унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, одамларни тиббиётдаги ислоҳотлардан хабардор қилишда халқ вакилларининг ҳам алоҳида ўрни борлигини инобатга оладиган бўлсак, мазкур жараёнда парламент ва депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланиш ҳам ўзининг амалий натижасини беради.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...