Муқобил энергетика — инновацион ривожланишнинг муҳим омили

/
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ер ости бойликлари захираларини тежаш баробарида экологияга чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдорини камайтириш имконини беради. Шу боис бутун дунёда иқтисодиётнинг турли соҳаларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилаяпти.
Шу боис сўнгги йилларда республикамизнинг саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янада жонлантиришга туртки бўлди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар энергияни истеъмол қилиш соҳасидаги қатор муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, ноанъанавий энергетика ресурсларидан, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида янги имкониятларни очди.
Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди, Тошкент шаҳрида Қуёш энергияси халқаро институти фаолият кўрсата бошлади ҳамда Осиё тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Қолаверса, Наманган вилоятининг Поп туманида Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги кўмагида қуввати 130 кВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилиб, ишга туширилган бўлса, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида йирик қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 750 кВт бўлган тажрибавий шамол энергоқурилмасини барпо этиш бўйича тайёрланаётган лойиҳалар ҳам истиқболда мамлакатимиз умумий энергетика тармоғида муқобил энергия манбаларининг ҳиссасини ошириши кутилмоқда.
Шунга қарамай, республикамиз ҳудудларида қайта тикланувчи энергия манбалари энергиясидан фойдаланиш бўйича захиралар ҳали тўлалигича ишга солинмаган ва улар бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд. Ваҳоланки, юртимизда муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари катта. Айтайлик, республикамизда йилнинг асосий қисми (300 кун) қуёшлидир. Экспертларнинг фикрига кўра, унинг қуввати 50 триллион 973 миллион тонна шартли ёқилғига тенг бўлиб, мамлакатимизда аниқланган жами энергия захираларига нисбатан анча кўпдир. Қолаверса, юртимиз табиий шароити қуёш ва шамол энергетикасидан биргаликда фойдаланиш учун қулайдир. Айниқса, мамлакатимизда кичик турдаги муқобил энергия манбаларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди десак, муболаға бўлмайди.
Ушбу ҳужжат 2017-2021 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга йўналтирилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қарорда яқин истиқболда устувор вазифа сифатида иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сиғимини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергияни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, меҳнат самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда.
Қарорга асосан, Ўзбекистон Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, Қуёш энергияси халқаро институти, “Ўзбекэнерго” АЖ Илмий-техник маркази каби тузилмалар иштирокида қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланиш, жумладан, қуёш энергетикасини ривожлантириш, энергия самарадорлиги соҳасидаги маҳаллий ишланмалар ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, синовдан ўтган илғор хорижий технологияларни трансфер қилиш имкониятини таҳлил қилиш асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини мақсадли жорий қилиш ва қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Бу, албатта, соҳада кенг кўламли ва истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишида муҳим омил бўлади.
Хусусан, қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрларига асосан 2025 йилга келиб электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳиссасини 12,7 фоиздан 19,7 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, қарорга асосан 2017-2025 йилларда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Қолаверса, ижтимоий соҳа ва аграр сектор объектларида замонавий энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобидан 56,5 миллион куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 807,3 миллион кВт.соатдан ортиқроқ электр энергиясини тежаб қолишга эришилади.
Биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган энг устувор ғояларнинг амалиётга янада самарали татбиқ этилишида кенг йўл очиб беради. Зеро, партиямиз 2009 йилдан буён юртимизда муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ҳамда меъёрларни тасдиқлаш, муқобил энергетикани жорий этиш ва рағбатлантириш юзасидан махсус дастурни қабул қилиш ғояларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Албатта, ўтган давр мобайнида партиямиз томонидан ушбу соҳада аниқ чора-тадбирлар амалиётга жорий қилинди, қуёш энергиясини қўллашнинг афзалликлари хусусида бир қатор оммавий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан қатор вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида муқобил энергия манбаларини оммалаштиришга қаратилган қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди.
Ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давоми сифатида юзага келган “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз томонидан айни пайтда фаол чоралар кўрилмоқда. Президентимиз қарорида ҳам соҳанинг қонунчилик ва норматив базасини такомиллаштириш вазифаси белгилангани бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда саъй-ҳаракатларимизни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Шу билан бирга, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасида, шунингдек, маҳаллий бюджетлар қўрсаткичларида давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган Дастурга киритилган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун зарур маблағларни ажратиш назарда тутилаётгани ҳам биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Яъни келгусида парламент муҳокамасига киритиладиган Давлат бюджети лойиҳаси ва унинг ижроси бўйича ҳисоботларни кўриб чиқишда мазкур соҳага йўналтирилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши ва ижро этилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш асосий вазифамиз саналади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг мазкур қарори мазмун-моҳиятини жойларда аҳолининг кенг қатлами билан ўтказилаётган мулоқотлар жараёнида кенг тарғиб қилиш, муқобил энергия манбаларининг афзалликларини чуқур тушунтиришда партиямизнинг ҳар бир депутати ва фаолидан ташаббускорлик талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, келажакда иқтисодиёт тараққиётини инновацион технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу йўналишда эса муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Демак, давлатимиз раҳбарининг қарори асосида бу борада бошланган ишлар миқёслари янада кенгаяди, самарадорлиги эса ортаверади.
Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...