Замонавийлик ортидаги ваҳшийлик ёхуд сохта ҳуснга муккасидан кетганлар

/
Яқинда бир хориж электрон нашрида қизиқ хабарга кўзим тушди. Унда айтилишича, бутун баданига татиуровка туширтирган йигит ўз танини бир ярим миллион АҚШ долларига сотган. “Сотувчи” ва харидор ўртасида имзоланган шартномага кўра, йигитнинг ўлимидан сўнг унинг татиуровка туширилган териси шилиб олиниб, рамкага солиниб, кўргазма сифатида деворга илиб қўйиларкан... Ажабо... Бундай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган олди-бердини қандай баҳолаш мумкин экан-а?! Қурбонликка сўйилган жонлиқ териси ҳам қандайдир бошқа маҳсулот ишлаб чиқарилишида ўз ҳиссасини қўшади. Лекин татиуровка туширилган инсон терисини кўргазма сифатида оммага кўрсатиш ва ундан “баҳраманд” бўлиш... Бизнингча, бу ваҳшийлик, қабоҳатдан ўзга нарса эмас.
Европада XVIII асрда ёшлар орасида татиуровка оммалаша бошлади. “Дўстинг севганингга тажовуз қилиши мумкин, севгилинг ҳам ташлаб кетиши бор гап, вафодор итинг ҳам бир куни сени тарк этади, аммо татуировка сенга содиқ қолади!” деган ғалати ғояни илгари суриш орқали унинг “обрўйи” юксалди.
Татуировканинг кенг оммалашиб кетишига 1891 йилда ихтирочи Орейли игна билан эксцентрик ва электродвигателни бирлаштириш орқали янги асбоб яратгани ҳам сабаб бўлган. Чунки бу илгариги ўта оғриқли жараённи муқобил услублар билан анча енгиллаштирди. Бугун эса игналар ўрнига замонавийлашган электр ускунаси ва оғриқни қолдирувчи воситаларнинг ихтиро қилиниши туфайли унинг оммалашиши янада тезлашиб бормоқда.
Ўз танасини бўяш амалиёти тарихига разм солсак, у инсоният тамаддунининг турли даврларига, аниқроғи илк татиуровка бундан 60 минг йил муқаддам — палеолит даврига тўғри келади. Бугун буни исботловчи бир қанча фактлар мавжуд. Масалан, 1991 йилда альпинистлар Алп тоғидан бронза даврида яшаган қабила сардорининг музлаб қолган танасини топиб олишади. Қизиғи, унинг баданида нуқта ва узуқ-юлуқ чизиқлардан иборат 58 та татуировка бўлган. Манбаларда ёзилишича, варварлар ҳам баданларига расм чиздиришни ўзлари учун қандайдир улуғлик, нуфузли юмуш, деб билган. Аммо қадим Юнон ва Римда бу “санъатдан” қул ва хавфли жиноятчиларни жазолашда фойдаланишган экан. Японияда эса XVII асрда илк бор жиноят қилган тартиббузар пешонасига горизонтал чизиқ тортилган. Агар жиноят иккинчи ва учинчи бор такрорланса, биттадан қавариқ чизиқ тортилган. Шу тариқа япончада «ину», яъни тилимизга таржима қилганда “кучук” маъносини берувчи иероглиф пайдо бўлган. Бундай одамдан оиласи ва жамият воз кечган. Илгарилари Хитойда ҳам беш анъанавий жазонинг бири — юзга татуировка чизиш бўлган экан.
Қадимда Янги Зеландияда “майори” қабиласи мавжуд бўлиб, тату ниқобини “мокко” сўзи орқали талқин этишган. Улар ўз жангчиларининг юзини тату ниқоби билан безатишган. Ўша жангчи қазо қилган тақдирда олий ҳурмат-эҳтиром сифатида унинг юзи кесиб олиниб, нодир ашё сифатида сақланилган.
Шу ўринда айтиш жоизки, татиуровка оқибатида 22 хил рак касаллиги билан хасталаниш мумкин экан. Қизиқ, юзига, қўлига, баданига ёки танасининг бошқа аъзоларига таитуровка тушираётганлар юқоридаги маълумотлардан хабардормиканлар?! Бизнингча, дунё бехабар улар, йўқса қайси ақлли инсон ўз хоҳиши билан шундай тамғани кўтариб юрарди?!
Бугун кун муаммосига айланаётган яна бир ҳолат борки, афсуски, аксар аёл ва қизларимиз бу хизматсиз ҳаётларини тасаввур қилишолмаяпти. Айрим гўзаллик салонларига борсангиз косметологиянинг янги хизмат тури — татуаж учун навбат кутаётганларнинг гувоҳи бўласиз.
Бўш вақти топилди дегунча, кўчага чиқиб, қўшнилар билан янги хабарларни баҳам кўрувчи аёл уч-тўрт кун ўтса ҳамки кўринмай қолди. Ҳамма ҳайрон. Орадан бир ҳафта ўтибгина бунинг сабабини унинг ўзидан билдик. Камнома бўлиб қолган қўшним яқинда қошини татуаж қилдирган экан. Бу хизмат унга ёқмабди, шекилли, кўз қовоқлари ари чаққандек шишган, қош атрофлари эса қизариб кетган. “Сизга шу зарурмиди?” дея сўрасак, “кўпчилик мақтаганига, кейин ишга ё бошқа жойга шошаётганда пардоз қилиш шартмаслигига, чиройли кўринишига учибман-да” деди афсусланиб. Айтишича, бошланиши оғриқли кечган, ора-орада оғриқ қолдирувчи маздан фойдаланган. Оқибатда тузалавермагач, шифокор кўригига борган. Шифокор қовоқ терисига зарар етгани ва аҳвол яхшиланмагунича ҳеч қандай пардоз воситасидан фойдаланмаслиги лозимлигини уқтирган. “Чиройли кўринаман деб, борига ҳам зиён етказдим”, дейди қўшни аёл йиғламсираб.
Чиндан ҳам бу каби “замонавий” хизматлардан фойдаланаётган аксар аёл ва қизларимиз чиройли кўринишга эга бўламан, деб ўйлашади. Ёки ҳар куни, айниқса, эрталаб ишга шошилаётганида пардоз қилишга қунт қилмаслиги, бунга вақти етмаслигини пеш қилади. Афсуски, ҳар қандай янгиликка кўр-кўрона эргашадиганлар қаторида ёш қизларимиз билан бирга эллик ё олтмишни қоралаган онажонларимиз, бувижонларимиз ҳам борлиги ачинарли. Бироқ доим ҳам бу каби ўзгаришлар уларни гўзаллаштириб ёки ўзгартириб қўяётгани йўқ. Чунки нотабиий кўриниш ва айрим қиёфалардаги бироз қўрқинчли тус шундай ўйлашимизга сабаб бўлмоқда. Бу хизматдан фойдаланаётганларнинг аксари унинг зарарли томонлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Масалан, мижознинг қон босими баланд бўлса, унда қон кетиш ҳолати кузатилиши мумкин. Кўз қовоғининг татуаж қилиниши эса кўриш қобилияти ва қовоқ терисига салбий таъсир кўрсатади. Чунки бу жараёнда мимикага таъсир қилувчи асаб толаларига зарар етиши мумкин. Қош татуажи эса, ҳақиқий табиий қош толаларини ҳам умрбодга йўқотиши мумкин экан, боиси татуаждан кейин қош деярли қайтиб ўсиб чиқмайди. Лаб татуажига тўхталсак, уларнинг ҳам жабр кўриш эҳтимоли юқори. Бу жараён мижозни кундалик лаб бўёғи суришдан озод қилса-да, турли юқумли касалликларга чалиниш хавфини юзага келтиради. Татуажнинг энг хавфли жиҳатларидан бири шуки, унда фойдаланиладиган асбоблар етарлича стерилланмаслиги ва бўёқнинг сифатсиз бўлиши ҳам мижозга муаммо туғдиради. Унутиб бўлмайдиган жиҳатлардан яна бири, бу хизматдан сўнг юз кўриниши исталса-да аввалги ҳолатига қайтмайди.
Бугун чиндан ҳам бир вақтлар жиноят оламига тегишли бўлган “санъат” жамиятимизга кўчаётгани ҳар биримизни хавотирга солади. Маълумки, ушбу “санъат”нинг татиуровка, пирсинг(баданнинг турли жойларига зирак-безаклар тақиш), боди-арт (инглизчадан олинган ва “тана санъати” маъносини билдирилади) каби турлари мавжуд. Шу ўринда боди-арт ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Унинг илк кўринишлари ХХ аср бошларида пайдо бўлган. 1960 йилларга келиб, Европада кенг тарқалган. Айнан шу йиллари боди-арт вакиллари ўз таналарини ижод материали сифатида намоён қилиб, аксарият ҳолатларда оғриқли амалларни бажаришади. Масалан, франциялик Ж.Пан сочини ёқиш орқали бошига расм солади, австриялик Р.Швартскоглер эса ўз танасидан кичик-кичик бўлаклар кесиб олиб, “ярали сурат” яратиш жараёнида кўп қон йўқотиб, вафот этади.
Ҳозирги кунда боди-артнинг фейс-арт (юзга расм солиш), нейл-арт (тирноқларни бўяш), менди-арт (танага хина ёрдамида расм солиш), пирсинг (тананинг маълум бир қисмини тешиб, тақинчоқ тақиш), скайс (тишни бўяш), кўз имплантлари (кўзнинг оқига расм солиш), скарификация ёки брединг (чуқур яралар орқали танага бирор- бир нақшни чизиш, тамға босиш) каби турлари мавжуд.
Булар ҳақида ўқий туриб, шундай “санъат”га иштиёқмандларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Наҳот маданиятсизликни маданият, оғриқли жараённи замонавийлик белгиси дея аташ мумкин бўлса?! Шу ўринда савол туғилади: нега энди уларнинг сафи кўпайса, кўпаймоқдаки, камаяётгани йўқ? Қандай куч уларни шу оғриқли ва нархи қиммат (татиуровка хизматлари нархи ҳозирги кунда 800 мингдан 1-2 миллион сўмгача) жараёнга ундаяпти экан?
— Аксар ёшлар ёки ўзини эътибордан четда қолаётгандек ҳис қилганлар шу йўл билан атрофдагиларнинг диққат марказида бўлишни исташади, — дейди психолог Муяссар Аҳмедова. — Татиуровкани ўз “мен”ини намоён этишга уриниш деб ҳам ҳисоблаш мумкин. Аммо одам ўз “мен”ини кўрсатиши учун танасининг исталган ерига жароҳат етказиб, илма-тешик қилишга йўл қўйиши ақлли танлов эмас. Юқорида айтганимиздек, руҳиятида шикасталиги бор ёки ўзгаларга кўр-кўрона эргашиб, тақлид қилувчилар бу каби жараёнларга розилик билдиришади. Шуни айтиш керакки, татиуровка оғриқли жараён. Чунки унда игна билан асаб толаларига зарар етказиш орқали сурат туширилади. Оқибатда киши қон йўқотиши мумкин. Табиийки, бундай инсон донорлик имкониятидан ҳам маҳрум бўлади. Вақти келиб, татиуровкани ўчиришга хоҳиш билдирган киши уни йўқотиш, танага туширишдан-да қийин жараён эканлигини англаб етади. Сурат ўчирилса-да, яра изи қолади. Бу эса ўз танасига разм солган ўша йигит ёки қиз қалбида ҳам бир умрга жароҳат қолдиради.
Хуллас, ялтираб кўринган ҳар нарса ҳам олтин эмас. Ёки “хўрозқанд чет элники, деса ётиб олиб ялаш” билан иш битмайди. Шунинг учун ўарбдан кириб келаётган ва ўзлаштирилаётган ҳар қандай кўриниш ҳам маданият эмас. Ижобий кўринган ғоя остида салбий унсурлар — миллий маънавиятни емириш, ёшлар ахлоқини бузиш, ўзлигини унутиш каби жиҳат яширин. Фақатгина биз буни на кўрамиз, на ҳис қиламиз. Ёшларимизни баданига тамға босиш иллатидан асраш нафақат ота-оналар, балки маҳалла фаоллари, масъул шахслар, қолаверса, сизу бизнинг, шу жамиятда яшаётган ҳар бир кишининг бурчи ва вазифасидир.
Шуни айтиш жоизки, ҳар бир аёл, қиз ўзи табиатан гўзал. Уларга ясама киприклару шиширилган юзлар, бўрттирилган лаблару чизилган қошларга на ҳожат. Ўзига паст баҳо берувчи, турмуш ўртоғига ёқмай қолишдан ёки уни йўқотиб қўйишдан қўрқиб яшовчи аёлларгина пардозга зўр бериб, татуажлардан фойдаланишар экан. Бироқ ҳеч замонда сунъий воситалар билан муносабатлар, инсонлар ўртасидаги меҳру муҳаббат ришталари белгиланмаган, шундай эмасми?
Гўзал МАЛИКОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Машъум уруш бошланган кунларда Эшбек бувамнинг бир йўла тўрт ўғли жангга сафарбар этилган. ...
01 янв 1970
“Туркистон” санъат саройида “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори остидаги тантанали маросим бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Хоразмшоҳлар — Ануштегинийлар давлати илк ташкил топишидан, яъни 1097 йилда хоразмшоҳ Қутбиддин Муҳаммаднинг тахтга ўтиришидан бошлаб то 1231...
01 янв 1970
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбия...