Улкан масъулиятга ундаётган имкониятлар

/
Пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар қатнашди.
Давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Бугун журналистлардан тезкорлик, холислик билан бирга давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифаларга ҳозиржавоблик, пухта ва мукаммал билим асосида, ўз фаолиятига ижодий, теран таҳлилий-танқидий руҳда ёндашув талаб этилмоқда.
Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар ва халқчил сиёсат миллий журналистикани жадал равнақ топтириш, сўз ва матбуот, фуқароларнинг ахборот олишга оид ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Матбуот ривожи йўлидаги ғамхўрлик ва эътибор соҳа ходимларининг жамиятдаги ижтимоий мавқеини тобора юксалтириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда ўз ифодасини топмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши, фуқаролик жамияти институтлари, реклама агентликлари, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, интернет журналистикасининг шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини юзага келтирмоқда. Бунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Бугун мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёни ёки дунёнинг исталган чеккасида рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар шу оннинг ўзида оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет нашрларида акс-садо бермоқда. Юртимизда фуқаролик журналистикаси, блогерлар фаолияти тобора жадаллашиб бормоқда. Ҳозир жамиятимизга доғ тушираётган коррупция, порахўрлик, бефарқлик, бепарволик, лоқайдлик, ўзибўларчилик каби иллатлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг зийрак нигоҳидан четда қолмаяпти. Айни пайтда сўз эркинлиги билан бирга унинг улкан масъулияти, жамият, халқ, миллат олдидаги ижтимоий бурч, касбга, ўз ишига садоқат, ишга фидойиларча муносабат, холислик ва ҳалоллик, миллат, юрт манфаатларини устувор билиш, ахборот хавфсизлигини мукаммал таъминлаш, журналистик одоб, ҳурмат каби тушунча ва тамойиллар ҳам борган сари долзарблашиб бораётгани яхши аён. Буларнинг барчаси ўзини медиа соҳага бағишлаган инсонлардан журналист деган номга муносибликни, кечаётган ўзгаришлар жараёнини соғлом дунёқараш, адолат мезони асосида таҳлил этишни ва шу асосда халқимизга етказишни, жамиятдаги долзарб масалаларни янада дадил кўтариб чиқишни талаб этмоқда.
Президентимизнинг фармони асосида демократик тамойиллар, сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янгиланиш ва инновация жараёнларини кенг ёритиш, ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги меҳнатлари учун бир гуруҳ ОАВ вакиллари унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Тадбирда бу мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўз эгаларига тантанали топширди.
«Сирдарё ҳақиқати» газетаси бўлим мудири, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони совриндори Холида Пардабоева, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O’zbekiston 24» телеканали бўлим мудири, «Шуҳрат» медали соҳибаси Назира Мамбетшерипова, «Корё Синмун» газетаси бош муҳаррири ўринбосари, «Дўстлик» ордени соҳибаси Алла Магай, ижтимоий тармоқлардаги «Xushnudbek.uz» саҳифалари администратори, «Келажак бунёдкори» медали совриндори Хушнуд Худойбердиев, ижтимоий тармоқлардаги «Davletov.uz» cаҳифалари администратори, «Шуҳрат» медали соҳиби Қобил Хидиров матбуотда фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиб, соҳа ривожи йўлидаги улкан эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Камтарона меҳнатларим инобатга олинди, — дейди «Маърифат» газетаси бўлим муҳаррири, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби Маҳмуд Саъдинов. — Президентимиз қайта-қайта ўз нутқида маънавий бедорликка даъват этаяпти. Журналистиканинг «тўртинчи ҳокимият» сифатидаги мавқеи мустаҳкамланмоқда. Жамиятдаги муаммоли масалаларни ёритиш, шу маънода халқимизга кўмакдош бўлиши учун соҳа вакилларидан дадиллик, ҳақгўйлик ва холислик талаб этилади.
Тантанали тадбирда санъат усталари, эстрада юлдузлари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.
Шу куни пойтахтимиздаги ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида соҳа ходимлари ва уларнинг оилалари учун байрам сайли, китоблар, газета-журналлар кўргазма-ярмаркалари, бадиий жамоаларнинг концертлари бўлиб ўтди. Байрам тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда нишонланди.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз олис ўтмишдан бошлаб тарихнинг барча даврларида шаҳарсозлик маданиятида, гўзал иншоотлар, иморатлар қуриш борасида бунёдкор миллат сифатид...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....
01 янв 1970
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимлари...
01 янв 1970
Пайшанба — Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни