Маънавият — мужмал сўз эмас...

Ўтаётган ҳафтада ижтимоий тармоқларда, шубҳасиз, хонанда Жаҳонгир Отажонов “қаҳрамон”га айланди. Аввалига “Qalampir.uz” сайтида ЎзМТРК “Ўзбекистон” каналида жорий йилнинг 9 октябрида эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусида Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги тўйлардан биридаги ажабтовур қилиқлари (Узр, бошқа сўз тополмадим) акс этган видеолавҳа эълон қилингани ва кўрсатув иштирокчилари унинг хатти-ҳаракатларини қоралаб, “маънавиятсизлик”да айблашгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Хабар “Жамоатчилик хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қилаяпти”, деган маънода эди...

Тўйда ётиб олиб, айрим бели оғримай бойиган “янги ўзбек”лар сочаётган пуллар “ёмғир”и­да ҳузурланиб “сузган” хонандамиз ҳам кўп куттирмади. Унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши “Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан...” деган иддао билан бошланиб, Қодирий ва Чўлпонларнинг (!!!) отувга ҳукм қилиниши билан тугади...

Бу билан хонандамиз ўзини ватанпарвар, фидойи боболаримизга тенглаштирдими ёки?.. Яна ҳам билмадик. Аниқроғи, унинг улуғ аждодларимизнинг исмларини нега тилга олганига ақлимиз етмади...

Бунинг ортидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанданинг лецензиясини бекор қилди.

Бир томондан олиб қарасангиз, ҳаммаси жойидага ўхшайди. Хонанда қуюшқондан чиқди ва бу учун тегишли жазосини олди.

Иккинчи томондан қарасангиз, бунинг акси.

Куни кеча хонандани “маънавиятсизлик”да айблаётган ижтимоий тармоқлар бир юмалаб унинг ҳимоячисига айланишди.    

Аввалдан айтиб қўя қолай, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган шахсий фикрларга қаршилигим йўқ. Демократия — ҳамма ўз фикрини айтиш ҳу­қуқига эга! Фикр айтаётган киши ҳақ ёки ноҳақ эканлиги бошқа масала...

Ваҳоланки, ҳаммаси жуда оддий: мамлакат герби акс этган ўзбек сўми ҳам давлат рамзларидан бири. Давлат рамзларини эса оёқости қилиб бўлмайди. Бундай йўл тутган одам тегишлича жазоланади. Демак, давлат рамзлари ҳақидаги қонунга ҳам қўшимча киритиш, яъни миллий валютани ерга сочган, сочишга ундаган  кимсага нисбатан тегишли жазо белгиланиши зарур. Қўшни республикалардан бирида шундай қонун ишлаб турибди, ижтимоий тармоқлари оғиз кўпиртириб “бу инсон эркини чегаралаш”, деб бақир-чақир қилмаяпти-ку.   

Хуллас, ҳамма ўз фикрини ўтказишга уриниб ётган бир паллада “Xabar.uz” сайтида “Буюк келажак” экспертлар кенгаши эксперти Беҳзод Мамадиевнинг “Ўзбекконцерт”нинг лицензиясини олиб қўйиш пайти келгандир?” сарлавҳали ажабтовур мақоласи эълон қилиндики, айнан шу мақола сабаб мен ҳам ушбу баҳсга қатнашишга жазм қилдим.

Жумладан, ҳурматли экспертимиз ўз фикрларини шундай баён қилади:

“Миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар” нима ўзи? Бу терминларга қонунда таъриф берилганми? Бу одатларни бузганлар жазоланиши тартиби белгиланганми? Руслар, насронийлар ва бошқа озчилик диний-этник гуруҳларга мансуб Ўзбекистон фуқаролари бу “миллий урф-одатлар”га риоя қиладими? Риоя қилмаётган бўлса, уларни ҳам жазолаш керакдир? Қачондан бери давлат идораси “миллий урф-одатлар”ни рўкач қилиб, Конституцияга зид равишда ўз мафкурасини бошқаларга мажбуран ўтказишга ҳаракат қилади?”

Ҳурматли экспертимизнинг саволлар кетма-кетлигига бир эътибор беринг-а, уларнинг мағзини чақа бошлашингиз билан хаёлингизда баданингизда чумолилар ўрмалаётгандек тасаввур пайдо бўлади.

Бу нима? Миллатлар, диний-этник озчилик ва кўпчилик гуруҳлар орасидаги тафовутни ва ўзига хосликни бўрттириб кўрсатиш учун ҳаракатми? Агар бундай бўлмаса, бир хонанданинг лицензияси олиб қўйилишига миллатлар ва динлар орасидаги муносабатларнинг қандай алоқаси бор? “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ўз ваколати доирасида фаолият олиб бора туриб, нега “Конститу­цияга зид равишда ўз мафкурасини бошқаларга мажбуран ўтказишда” айбланмоқда?..

Саволлар кўп. Аммо мақолани ўқиш жараёнида бу саволларимизнинг бирортасига ҳам жавоб топа олмадик.

Ҳа, дарвоқе, мақола муаллифи “миллий урф-одатлар”ни бузганлик учун қонунда қандай жазо белгиланган, деб иддао қилаяпти. Келинг, шу савиясиз саволга биз ҳам савиясиз жавоб бериб қўя қолайлик.

Ҳеч бир қонунда кўрганмисиз, кўчада кийимсиз юриш (янаям аниқроғи, қип-яланғоч!)­га қандай жазо белгиланган? Ҳа, барака топинг, ҳеч бир давлатнинг, ҳеч бир қонунида бундай модда йўқ. Лекин ўзини, атрофидагиларни ҳурмат қилган одам кўчага яланғоч чиқмайди. Чунки одамзотнинг минг йиллар оша олтин ҳарфлар билан битилган Ахлоқ, Маданият, Маънавият каби қонунлари борки, инсон Оллоҳ яратган мавжудотларнинг гултожи ўла­роқ, ота-боболари яратган ана шу ёзилмаган қонунларга бўйсуниб яшайди.

Яна экспертимиз “...Лицензия фақат қонун бузилган ҳолатдагина тортиб олиниши (Аслида шу сўзни “олиб қўйилиши” деб ифодаласа, тўғрироқ бўлармиди!? Муаллиф изоҳи.) ва қонун бузилиши ҳолатлари бандма-банд аниқ-тиниқ ёзиб қўйилиши керак. “Миллий урф-одатлар”, “маънавият” деган мужмал сўзларга бу қонунда ўрин йўқ!” деб иддао қилади.

Бу ўринда ҳайратдан ёқа ушламай иложингиз йўқ. Ахир қачондан бери бизда “миллий урф-одатлар”, “маънавият” тушунчалари “мужмал”лик даражасига тушиб қолди? Уни ким бу даражага тушираяпти ёки туширишга ҳаракат қилаяпти? Бундан кўзланган мақсад-муддао нима?

Афсуски, ҳурматли экспертимизнинг чиқишларини қайта-қайта ўқиб, бу саволларга ҳам жавоб топа олмадик.

Энди ижтимоий тармоқлардаги хонандани эшитиш ёки эшитмаслик ҳақидаги баҳс-мунозараларга келсак. Назаримда, бу ўринда баҳсга ҳожат йўқ. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қай бир хонанданинг лецензиясини бекор қилар экан, уларнинг қўшиқларини “эшитиш” ёки “эшитмаслик” ҳақида ҳукм чиқармайди. Яхши кўрасизми, марҳамат, эшитаверинг! Шахсан мен ҳам Жаҳонгир Отажоновнинг мухлисиман. Унинг қўшиқларини яхши кўриб эшитаман. Фонограммасиз айтишини қадрлайман. Лекин унинг ўша тўйдаги қилиғини, қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги мухлисларга беписанд чиқишини оқламайман.

Ҳа, яна бир гап. Кўпчилик “ҳимоя”чилар тўйда пул сочилишида хонанданинг айби йўқлигини, пул сочганларни жазолаш кераклигини ёзишмоқда. Бу ҳам бир тарафлама қараш. Албатта, ўша “пулсочарлар”ни топиб, жазолаш керак. Лекин хонанда ҳам ўзининг ҳурматини билиши, ҳеч бўлмаса, ўзини эл орасида машҳур қилган санъатни қадрлаши керакмиди? Албатта, керак эди.

Қандай қилиб дейсизми?

Келинг, шу ўринда бир-икки мисол келтирай. Хоразмнинг машҳур булбули Комилжон Отаниёзов ҳақида ўқиганим бор. Хонанда тўйга борса, кимдир даврада озгина ошиқча хатти-ҳаракат қилса ҳам қўшиқ айтишдан тўхтаб, даврани тартибга чақирар экан. Бу тарбиянинг мевасини қарангки, ўша давра бузуқи тўйда мулзам бўлиб, бу хатосини бошқа такрорламас, уни кузатиб турганлар ҳам ўзларига тегишли хулосани чиқариб олар экан.

Мана шунинг ўзи маънавият эмасми?!

Ўзим ҳам тўйда Хоразм, нафақат Хоразм, балки ўзбек ашулачилик санъати дарғаларидан бири — Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов билан боғлиқ бир воқеага гувоҳ бўлганман.

Пойтахтдаги “Юнусобод” тўйхонасида тўй бўлди. Шу тўйга Ортиқ Отажонов ҳам таклиф этилган экан. Хонанда бир қўшиқ айтиб, иккинчисига ўтганда бойвачча куёв жўралар келиб, унинг устидан пул сочмоқчи бўлишди. Шунда улуғ ҳофиз куйлашдан тўхтаб, йигитларга икки оғиз танбеҳ берди. Шу билан олам гулистон. Ҳеч ким пул ҳам сочмади. Бойлигини ҳам кўз-кўз қилмади. Энг асосийси, санъатнинг, санъаткорнинг қадрига путур етмади.

Мана, шуни маънавият, дейдилар аслида!

Назаримда, бу ўринда мақоламиз “қаҳрамон”и ўша тўйда нега шундай йўл тутмади, деган саволни қўйишнинг ўзи ортиқча...

Энди ижтимоий тармоқларда “жавлон” ураётган юртдошларимизга, ҳурматли экспертларимизга айтар гапимиз шуки, ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирайлик. Халқимизнинг минг-минг йиллар оша сайқал топиб келаётган қадриятларини, жумладан, МАЪНАВИЯТини ҳам айб­ситишга, камситишга, ҳақо­ратлашга бизнинг на маънавий, на ҳуқуқий ҳаққимиз йўқ!

Ё сиз бошқа фикрдамисиз?!

 Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусини диққат билан томоша қилдим. ...
01 янв 1970
Профессор Мавлон Жўрақуловни Европада ҳам, океанорти мамлакатларида ҳам, қадимий эҳромлар юрти Мисрда ҳам Улуғбек академиясининг муносиб давомчиси ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...
01 янв 1970
Шиддат билан ривожланаётган замонамизда нафақат дунёқарашимиз, балки кийиниш маданиятига бўлган муносабатимиз ҳам ўзгариб бормоқда....