Навосоз юраклардан ўлмас наво қолади...

/
Мамлакатимиз Президенти Хоразмга ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, ислоҳотларни амалга ошириш, шаҳар ва қишлоқларимиздаги яратувчиликлар, бунёдкорлик, ободонлаштириш борасида қилинаётган ишлар, халқимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар билан танишиш баробарида бу ерда маданий-маърифий соҳадаги долзарб вазифаларга, аҳоли саломатлигини яхшилаш, Маъмун академияси фаолиятини кенгайтириш, қадимий ўлкада сайёҳлик тизимини янада кучайтириш, воҳа санъатини ривожлантириш ва унинг истиқболига алоҳида эътиборни қаратди. Хусусан, ўзбек санъатининг улуғ намояндаларидан бири, машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг хотирасини абадийлаштириш, номини улуғлаш билан бошланган хайрли ишлар воҳа маданий ҳаётида катта воқеа бўлишини таъкидлади.
Маълумки, бу йил Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил тўлади. Республикамиз Президенти 2016 йилда хоразмликлар билан сайловолди учрашувида машҳур ҳофиз, улуғ санъаткорнинг таваллуд санасини кенг нишонлаш, Урганч шаҳрида унинг номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва бу марказ таркибида боғ барпо этишни таклиф қилган эди. Вилоят марказида, Жайҳун кўчаси яқинида ана шу эзгу ниятни амалга оширишга киришилди. Давлатимиз раҳбари мазкур ижод маркази қурилиш участкасини бориб кўрди. Бу ерда Комилжон Отаниёзов ҳайкалини ўрнатиш, ижод марказида истеъдодли ёшларнинг адабиёт, санъат, кино ва бошқа соҳалар бўйича ижод сирларини ўрганишини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. Бу масканнинг келгусида тўла маънода санъат ва маънавият бўстонига айланишига тилак билдирди.
Комилжон Отаниёзов, ҳақиқатан ҳам, юртимизнинг улуғ санъаткорларидан, соҳир овоз соҳибларидан бири эди. Унинг ижросидаги куй ва қўшиқлар халқимизнинг чинакам маънавий бойлиги, ўлмас мероси сифатида ардоқланади. Шу боис унинг ҳаёти, фаолияти, санъати ёшлар учун ибрат мактабига айланди. Қуйида атоқли санъаткор ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Санъатга бахшида умр” эссесидан бир парчани газетхонлар эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик.

“Инсон бу дунёда яшар экан фақат яхшилик қилиши зарур, халққа хизмат қилиши керак. Инсонийлик ҳиммати ҳамма нарсадан устун бўлмоғи шарт!” Комилжон ака ҳаётда ана шундай ният, мақсад билан умр кечирди”.
Санъаткорнинг умр йўлдоши Имсиной Полвонова у ҳақда шундай ёзганди: “У нафақат ўзи шундай яшади, балки атрофидаги одамлар — дўстлари, шогирдлари, яқинлари ва бошқалардан ҳам ана шундай яшашни талаб қиларди”. Ҳофиз Имсиной опа билан 1939 йилда турмуш қуради. Кундуз кунлари концерт ва театр спектаклларига тайёргарлик, кечқурун спектакль ва концертлар. Тунда ишдан қайтгандан кейин меҳмонлар ва ҳамкасблар билан соз-суҳбатлар. Уларнинг хонадони — хоҳ Шовот, хоҳ Урганч, хоҳ Тошкентда бўлсин — меҳмонсиз бўлмаган. Кимдир хизмат юзасидан, кимдир тўйга таклиф қилиб келган. Бундай пайтлари меҳмондорчилик ярим тунгача давом этарди. Бунинг устига гастроллар, сафарлар. Уларнинг 36 йиллик биргаликдаги ҳаёти ана шундай кечади. “Комилжон ака бу оламда 58 йил яшаган бўлса, шундан 20 йилини касалликда ўтказди, аммо бирор марта касалликка бош эггани йўқ, — деб эслаганди Имсиной опа. — 50-йилларнинг ўрталарида ошқозон яраси хасталигига учради. Кейин қанд касаллиги пайдо бўлди. Тўрт марта оғир операцияни бошидан кечирди. Лекин бирор марта ҳаётдан, ўз ишидан, ташвишлардан нолиганини эшитмаганман”.
Тошкентнинг Бешёғоч майдони яқинида Комилжон Отаниёзовнинг хонадони жойлашган. Шу хонадон атрофида яшаганлар “Бу уйнинг эшиги ҳеч ёпилмаган, у барча учун доим очиқ турарди”, деб эслашади. Бу бежиз эмас. У бутун ҳаёти давомида уйининг эшиклари каби қалби ҳам очиқ, бировлардан борини аямайдиган, меҳр-мурувватли, танти инсон бўлган.
“Уруш бошланган йиллари эди, — деб хотирлаганди атоқли санъаткор Бола бахши. — Хива труппасига маблағ берилмай қолди. Ана шунда Комилжон оиласининг, ўзининг маблағи ҳисобига труппа аъзоларини озиқ-овқат билан таъминлади. Труппа шундай сақлаб қолинди».
1947 йилда Огаҳий театри тақдирида ҳам ана шундай воқеа рўй беради. Санъаткорлар пул йўқлиги учун олти ой ойлик маошларини олишолмайди. Шунда театр директори Комилжон Отаниёзовдан бу борада маслаҳат сўрайди. Устоз санъаткор қўлда тори билан бир ой тўйма-тўй юради. Тўйлардан тушган бир қоп пулни театрга олиб келиб топширади. Пул санъаткорларга ойлик қилиб тарқатилади. Комилжон Отаниёзов бундай савоб ишларни кўп қилган. Лекин бирор жойда бу хусусда сўз айтмаган. Савоб ишнинг миннатга айланишини истамаган. У қишлоғи Бўйрачидаги мактабга 50-60-70-йилларда 20 минг сўмдан ошиқ маблағ ўтказганини ўзи ва мактаб директори билган, холос. Эскириб кетган почта квитанциялари бу фактларни тасдиқлайди.
60-йилларнинг бошларида унинг мухлисларидан бири қўлига учта шеър тутқазади. Шеър муаллифи Отабой Юсупов. У шоирни излаб Хиванинг Индимизон қишлоғига боради. Шоир бор-йўғи бошланғич маълумотга эга наққош уста бўлиб чиқади. Комилжон ака унга Косибий деб тахаллус беради. Шеърларини қўшиққа айлантиради. Фарзандларининг тўйида қатнашиб, тўйдан тушган пулни уста шоирнинг қўлига тутқазади. Унинг бундай хайрли ишлари кўп эди. Бундай хайрли ишлар санъатни ҳам, санъаткорни ҳам улуғлаган.
Комилжон Отаниёзов 40 йиллик хонандалик фаолияти давомида мингдан ортиқ қўшиқлар яратган. Шулардан аксарияти халқимиз орасида санъатнинг ноёб дурдоналари сифатида сақланиб қолган. Бундай қўшиқларни яратиш осон бўлмаган. Бу борада у бундай деб ёзади: “Санъаткор билимли, ориф, сўз ва созни юракдан ҳис қиладиган инсон бўлиши керак. Қўшиқ матни, мазмунини, руҳини, оҳангини, дардини мукаммал англаши зарур. Шоир шеърни ўйнаб ёзмайди, уни дард билан, кучли эҳтирос, ақлий нафосат билан битади. Шунинг учун санъаткор ҳам уни шундай дард, эҳтирос, нафосат билан ўзиникига айлантириб куйласагина тингловчига етказа олади”.
Ҳофизнинг ўзи ҳам бу ақидага қатъий амал қиларди, шогирдларидан ҳам матнни чуқур билишни, маъносини тўла англашни, унга мос мусиқа танлашни, қўшиқни қалбига қуйиб олишни, бошқаларга юқтиришни, санъаткор ниҳоятда камтар бўлишини талаб қиларди. Шу сабабли ўша даврларда юзлаб хонандалар орасидан ўнлаб санъаткорларгина унинг устоз-шогирдлик мактаби синовларидан муваффақиятли ўта олганлар. Комилжон Отаниёзов ўзбек қўшиқчилик санъатида кўп янгиликлар қилди. У ижрочилик санъатида тор билан қўшиқ айтиш йўлини мукаммал даражага кўтарди. Мумтоз қўшиқларни янгича йўналишда ижро қилди. Мусиқа билан ижро этиладиган ўйинларга, хусусан, “Лазги”, “Оразибон”, “Қайроқ” каби рақсларга матнлар яратди. Кўплаб қўшиқларга куйлар басталади. Буларнинг бари санъаткорнинг ижодий кашфиётлари самараси эди. Шунинг учун Комилжон Отаниёзов нафақат ўзбек санъатида, балки Ўрта Осиё қўшиқчилик санъатида ҳам ўзига хос мактаб яратган санъаткорлардан бири ҳисобланади.
У ўз даврида санъатни юксак даражага кўтарди. Бу соҳада қилган ишлари учун муносиб тақдирланди. 1949 йилда Ўзбекистон, 1964 йилда Туркманистон, 1968 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти унвонларига муяссар бўлди. “Бошқа соҳаларда бўлгани каби санъат оламида ҳам ёзилмайдиган ўзига хос ички қонун-қоидалар мавжуд, — деган эди атоқли санъаткор Санъат Девонов. — Бу қонун-қоидалардан бири унвон билан боғлиқ. Баъзан одамлар ўртамиёна бир санъаткор юксакроқ унвон олса, шу унвон бу санъаткорга ҳайф, у улуғ унвоннинг қадрини туширибди дейишади. Агар етук, улуғ санъаткор шу унвонга мушарраф бўлса, бу унвоннинг қадри юксалибди, улуғланибди, деб қувонишади. Комилжон Отаниёзов Халқ артисти деган унвонни ҳам, санъат мақомини ҳам юксакларга кўтариб кетган ҳофиз эди”. Бу унвонлар, ҳақиқатан ҳам, санъаткорнинг фидойи меҳнатига берилган муносиб баҳо эди.
Устоз санъаткор юртимизнинг барча нуқталаридаги бунёдкорлик ишларида санъати билан фаол қатнашди. Яқин қўшни республикалардан ташқари Хитой, Ҳиндистон, Бирма, Афғонистон, Камбоджа, Таиланд ва Кичик Осиё мамлакатларида гастролларда бўлди. “Шарқ булбули” сифатида эъзозланди. Ҳиндистон матбуоти уни “Шарқнинг бетакрор куйчиси, юксак овоз соҳиби”, деб эътироф қилди. Ана шундай эҳтиромга сазовор бўлган хонандани юртимиздаги санъат соҳасидаги баъзи ҳукмфармолар унчалик ҳам хушлайвермасди. Ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ дейдиган устознинг ўзи ҳам санъат соҳасидаги расмиятчиликларни хуш кўрмасди. Шундай ҳукмфармолар билан санъаткорнинг бир тўқнашуви 1967 йилда бўлиб ўтади. Ашхободда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунлари” анжуманида Комилжон Отаниёзовга битта қўшиқ айтишга рухсат беришади. У битта қўшиқни айтиб бўлганидан кейин санъат ихлосмандлари ундан Махтумқули шеъри билан айтиладиган қўшиқлардан бирини куйлаб беришни илтимос қилишади. Хонанда туркманистонлик мухлисларининг илтимосини рад қилолмайди. Шунда раҳбарлар билан санъаткор ўртасида “гап қочади”. Бу гап қочиш натижасида санъаткор кейинчалик анжуманларда саҳнага чиқарилмайди. Расмиятчи гуруҳларнинг саъй-ҳаракати билан “Муштум” журналида у ҳақда репертуарларига мос келмайдиган қўшиқлар айтишда ва отарчиликда айбланиб, танқидий мақола эълон қилинади. Бундай ғаламисликка чидай олмаган устоз санъаткор оғир касалга дучор бўлади. Унинг бир қўли ва оёғи ишламай қолади. Узоқ муолажалардан кейин оёққа туради. Лекин докторлар унинг қўшиқ айтишини тақиқлайдилар. “Санъаткор учун қалбини тўкиб соладиган, қувончларию дардларини одамларга айтадиган, халққа хизмат қиладиган саҳнадан бошқа жой борми? Хонанда куйламасдан яшай оладими? Йўқ!” Докторлар тақиқига қарамасдан, бир қўли, оёғи яхши ишламаса ҳам Комилжон Отаниёзов саҳнани тарк этмайди. У умри охиригача халқ хизматида бўлади.
Бу ёруғ оламда инсон ҳаёти синовлардан иборат. Бу синовлардан одам қанчалик муваффақиятли ўтмасин, тақдири азалнинг ҳукмларидан ҳам қутулиб бўлмайди. Комилжон Отаниёзовнинг тақдирида қанча-қанча дўстлар билан учраштирган, шогирдлар билан юзлаштирган қадимий Амул, ҳозирги Чоржўй шаҳри “қалтис жой” бўлиб қолди. 1952 йилда Чоржўйда санъаткорнинг яқин дўстларидан бири Ёқуббой ака тўй қилади. У ҳам дўстининг тўйига отланади. Лекин тўйда қўшиқ айтиш унга насиб этмайди. Ўз-ўзидан овози бўғилиб қолади. Юртга қайтиб бир ой даволанганидан кейин Комилжон аканинг овози яна асл ҳолига қайтади. Чоржўйдаги кейинги “қалтислик” 1975 йилнинг октябрь ойи охирларида юз беради. Бу ерга дўстлари, шогирдлари билан концерт беришга келган устоз санъаткор саҳнага чиқиш олдидан йиқилади. Зудлик билан Тошкентга — темир йўлчилар шифохонасига олиб келинади. Шифокорларнинг барча ҳаракатлари натижа бермайди. Атоқли санъаткор, эл севган хонанда Комилжон Отаниёзов 5 ноябрь куни ҳаёт билан видолашади. Уни ўз васиятига кўра Шовот туманидаги Бўйрачи қишлоғидаги “Иморатбобо” қабристонига, отаси ёнига дафн этишади.
Ҳар бир инсон учун ҳаётда умргузаронлик қилишдек олий бахт берилган. Кимдир ана шу оламда тинч, осойишта, ҳузур-ҳаловатли умрини яшаб ўтади. Кимдир эса одамларга яхшилиги, халқига, юртига фидойилиги, улуғ ишлари билан яхши ном қолдириб, ўзининг иккинчи умрига замин тайёрлайди. Комилжон Отаниёзов ҳам санъати, ўлмас овози билан ўзининг иккинчи, мангулик умрини яратиб кетганлардан бири бўлди. Улуғ санъаткорнинг мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин Биринчи Президентимиз томонидан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши унинг иккинчи умрининг боқийлиги, санъатимиз юлдузининг нури ҳеч вақт сўнмаслиги ифодаси эди. Эндиликда Урганч шаҳрида барпо этилаётган Комилжон Отаниёзов номидаги ижод маркази ва бу ерда қўйиладиган ҳайкал ҳам ҳаётини санъатга бахшида этган инсон учун мангу хотира бўлиб қолади.
Зеро, шоир айтганидек:
Санъатга бахш умрнинг сўнгсиз мўъжизаси бор,
У дунёни тарк этса, ундан дунё қолади.
Инсон умри сарҳадли, қўшиқ умри пойиндор,
Навосоз юраклардан ўлмас наво қолади...

Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида, бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинч...
01 янв 1970
Тан олиб айтиш керак, кейинги икки йилда “Ўзбекистон” телеканалида жонли равишда эфирга бериб келинаётган “Муносабат” кўрса...
01 янв 1970
Мактабгача таълим тизими ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим босқичидир. ...