Мўъжизалар бўй кўрсатаётган замин

/
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида, бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинчи томони Қозоғистон Республикаси, тўртинчи томони Жиззах вилояти билан чегарадош ҳудудларда ястаниб ётибди. Вилоят бағрида Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқ олтин, Сардоба, Сайҳунобод, Сирдарё, Ховос туманлари жойлашган бўлиб, Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари қад ростлаган. Бугун ана шу заминда давлатимиз раҳбарининг ташаббускорлиги, сирдарёликларнинг фидойилиги, қалб қўри билан ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида чинакам мўъжизалар бўй кўрсатмоқда. Хўш, бу мўъжизаларнинг омили, асоси нимада?
Сирдарё вилоятида кўп йиллар давомида асосий эътибор қишлоқ хўжалигига, деҳқончиликка қаратилганлиги сабабли халқимиз қалбида бу замин фақат аграр соҳага ихтисослашган ҳудуд, деган фикр шаклланиб қолганди. Шунинг учун 10-15 йиллар илгари кимдир “Бу ерда яқин келажакда саноат соҳаси ҳам ривож топади. Турли хил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар вужудга келади. Хорижлик компаниялар ва шу ерлик тадбиркорлар завод-фабрикаларини бу ерда барпо этадилар. Улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам талабгир бўлади”, деса кўпчилик ишонмасликлари аниқ эди. Эндиликда эса бу гаплар айни ҳақиқатга айланмоқда. Уларнинг ҳақиқатга айланиши ҳам осон кечаётгани йўқ. Бу натижаларга кейинги уч йил ичида республикамиз Президентининг бу вилоятга тўрт-беш марта ташриф буюриши, вилоятда саноат соҳасини ривожлантириш борасидаги ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари, 2018 йил 12 апрелдаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги фармони ҳамда сирдарёлик тадбиркорлар, ишбилармонларнинг вилоят иқтисодий тараққиётини юксалтириш, саноатни ҳаётга жорий қилиш билан боғлиқ фидойиликлари туфайли эришилмоқда.
Эътибор беринг, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси учун салкам 660 гектар ер ажратиб берилди. Шу ер майдонининг учдан икки қисмида янги лойиҳаларни жойлаштириш режалаштирилган бўлса, учдан бир қисмида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш белгиланган. Бу иқтисодий зонада 2018-2021 йиллар мобайнида умумий қиймати 3,7 триллион сўм бўлган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўзда тутилганди. Бунинг учун 97 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзланган. Натижада 7500 га яқин иш ўринлари яратилади. Эркин иқтисодий зонада ушбу инвестиция лойиҳалари тўла амалга ошса, йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,7 триллион сўмни ташкил этади. Инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 400 миллион доллардан ошади. Ана шу лойиҳаларнинг 97,3 миллион доллари ёки 24,2 фоизи сирдарёлик тадбиркорларнинг ўз маблағларидан, 159,7 миллион доллари ёки 39,8 фоизи банклар кредити ҳисобидан, 144,8 миллион доллари ёки 36 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланганди.
Буларнинг ҳаммаси бир йил олдинги режалар эди. Бугунги кунда ана шу режаларнинг бир қисми амалга ошиб улгурди. Ушбу режаларни амалга оширишга ҳисса қўшаётганлардан бири — “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти ёки оддий қилиб айтганда, шиша идишлар ишлаб чиқарадиган завод ҳисобланади. Завод бир йил олдин фаолиятини бошлаган эди. Унинг лойиҳа қиймати бир неча 10 миллион доллардан иборат қилиб белгиланган. Корхонага Германиядан қиздириш печлари, оловга чидамли материаллар, лаборатория жиҳозлари, Чехиядан шиша идишлар ясовчи машиналар, Франциядан маҳсулотларни назорат қилувчи техникалар, Россиядан маҳсулотларни қадоқловчи линиялар олиб келиб ўрнатилди. Натижада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқаришга киришилди. Бугунги кунда корхонада 50 миллиграммдан тортиб 1 литр сиғимгача бўлган оқ, яшил, жигарранг тусдаги шиша идишларнинг 100 дан ортиқ тури тайёрланмоқда. Мамлакатимизда озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар тайёрлайдиган корхоналар бор эди. Аммо фармацевтика саноати учун идиш тайёрлайдиган завод йўқ эди. Шу сабабли бу завод республикамизда ушбу йўналишда маҳсулот тайёрлайдиган ягона корхона ҳисобланади. Корхона хориждаги “Ахтар суғд” МЧЖ, “Истиқлол Ва Ко” корхоналари билан ҳамкорлик қилади. Бугунги кунда завод 1 миллион 700 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотларини хорижга экспорт қилмоқда.
Корхона ҳудудига кирсангиз ўзингизни боғ қўйнида юргандек ҳис қиласиз. Ҳамма томон озода, саришта, обод. Ишлаб чиқариш жараёнида 1500 градус иссиқликда эритилган хом-ашё материаллари қип-қизил чўғ ҳолатида машиналар қўйнига келиб тушади. Ундан зум ўтмай турли шаклдаги шиша идишларга айланиб, тайёр маҳсулот пайдо бўлади. Бу ерда йилига 102 миллион дона шиша идишлар тайёрланади. Корхонадаги ҳамма жараён компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Ахир буларнинг бари мўъжиза эмасми?!
— “Сирдарё универсал ойна” МЧЖ корхонаси нол қийматдан бошланиб, бийдай дала бағрида қад ростлади. Уни барпо этишга МЧЖнинг ўз маблағи сарфланди. Шиша идишлар тайёрлаш учун хом-ашёларнинг барчаси мамлакатимизда мавжуд. Яъни тўлалигича маҳаллий хом-ашёдан фойдаланимиз, — дейди корхона лабораторияси бошлиғи Улуғбек Норқулов. — Хом-ашёнинг бир қисмини Зарафшондан, яна бир қисмини Қўнғиротдан, бир қисмини Китобдан, яна бир қисмини Тошкент вилоятидан олиб келамиз. Оддий қум парчалари тўйинтирилган турли элементлар билан қўшилиб, дунё стандартларига жавоб берадиган тайёр маҳсулотларга айланади. Айни кунларда корхонанинг иккинчи қисмини қуриш ишлари давом этмоқда. Агар заводнинг иккинчи босқичи қуриб бўлинса, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз ҳам, уларни хорижга экспорт миқдори ҳам икки-уч баробарга ошади.
Сирдарёнинг мўъжизакор саноат корхоналаридан яна бири Сирдарё туманидаги “Сирдарё мега люкс” Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси саналади. Бу корхона 2012 йилда масъулияти чекланган жамият шаклида иш бошлаган. Қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамиятда 75 ишчи иш бошлаган ва бир турдаги маҳсулот — қоплар тайёрланган. Эндиликда эса корхонада полипропилен грануласидан 17 турдаги маҳсулот — кимё, қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати, хом-ашё ва материаллар экспорти билан шуғулланадиган савдо компаниялари учун турли ўлчамдаги қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ердаги ишчи-хизматчилар сони 650 нафардан ошган. Маҳсулотларининг 35-40 фоизи Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Афғонистон, Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхонанинг режалари катта. Масъулияти чекланган жамиятда 2018-2023 йилларда қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган еттита истиқболли лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Режадаги ишлар тўла амалга ошса, йилига 125 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади ва 80 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришга эса 2500 одам жалб қилинади.
“Сирдарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Ўзбекистон — Хитой дўстлик боғи”ни Мирзачўл бағридаги ҳақиқий мўъжиза, деса бўлади. 2017 йилнинг 29 ноябрида ишга туширилган бу боғда барча ёшдаги одамларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун ҳамма имкониятлар яратилган. Бир томонда мактабгача таълим муассасаси кичик ёшдаги болаларга хизмат қилса, турли ўйингоҳлар ва стадион ёшларнинг севимли масканига айланган. Соя-салқин, ариқларда сувлар жилдираб оқадиган оромгоҳларда катталар ва кексалар дам оладилар. Савдо расталари, хитой ва ўзбек ресторанлари бу ерга келувчилар учун хизмат кўрсатади. Шаҳардан анча четда жойлашган бу боғга одамлар кам келса керак, деб ўйлагандик. Ўй-фикримиз нотўғри бўлиб чиқди. Бу маскан кечқурунлари, айниқса, дам олиш кунлари одамлар билан шунчалик тўлиб-тошдики, шаҳар боғи эрамлари хизмат кўрсатишда унинг олдида ип эшолмай қолди. Бу боғда ўзбек-хитой халқлари дўстлигини, ҳамкорлигини улуғловчи куй ва қўшиқлар доимо янграб туради.
Боғ яқинида Ўзбекистон — Хитой қўшма корхоналарини бағрига жамлаган “Пенг-Шенг” мажмуаси жойлашган. Мажмуанинг номи ўзбек тилига таржима қилинса, “Учаётган бургут” деган маънони англатар экан. Мажмуа офиси яқинида инсон қўли билан бунёд этилган учта тепалик ва ундан юқорида қанотларини ёзиб турган бургут тасвирини кўрдик. Бу бежиз эмас. Хитойлик мутахассислар фикрича, Хитой билан Ўзбекистон ўртасида учта тоғ бор экан. Учта тепалик учта тоғнинг, қанотларини ёзиб турган бургут эса “Пенг-Шенг” — учаётган бургутнинг Ўзбекистон заминига етиб келиб, фаолият бошлаганига ишора экан.
“Пенг-Шенг” мажмуаси бағрига 9 та корхона — заводни бирлаштирган. Бу корхоналарда оёқ кийимлари, ванна жиҳозлари, чарм маҳсулотлари, замонавий қулф-калитлар, кафеллар тайёрланади. Корхоналарда барча ишлар автоматлаштирилган ҳолда бошқарилади. Уларда 1600 нафардан ошиқ юртдошларимиз ва 400 нафар хитойлик фаолият юритмоқда. Сирдарё кафель заводи қўшма корхонасининг маҳсулотларига нафақат юртимизда, хорижда ҳам ниҳоятда талаб катта. Бу ерда икки хил ҳажмда — катта ва кичик шаклда кафеллар ишлаб чиқарилади. Уларнинг безаклари, ранглари миллий колоритдан келиб чиқиб, халқаро стандартлар асосида тайёрланади. Шу сабабли уларнинг аксарияти экспортга жўнатилади.
— Мажмуа қошида 20 гектардан ошиқ ерда иссиқхоналар ташкил этилган. Иссиқхоналарга помидор, қовун ва банан экилади. Иссиқхоналарда полиз экинлари гидропоника усулида етиштирилади. Экинлар новаларга экилади. Новалар ичи биогомусларга тўлдирилади. Биогомус экинларни табиий озиқлантиришга хизмат қилади. Сув эса новалар остидан берилади, — дейди “Ўзбекистон — Хитой дўстлик боғи”нинг директори Мўминжон Каримов. — Иссиқхоналарга ўрнатилган техника орқали ёзда намчил ҳаво, қишда иссиқ ҳаво берилиб, ҳарорат бир хил даражада сақланади. Шу сабабли ҳосилдорлик ниҳоятда юқори бўлади. Бир туп помидордан 60 килограммгача ҳосил олинади. Бундан ташқари, мажмуа қошида салкам 100 гектар ерда пахта ҳам етиштирилмоқда. ўўзалар томчилаб суғориш асосида парваришланмоқда. Бу усулнинг афзалликлари кўп экан. Сув ортиқча сарфланмайди. Техника ишлатилмайди. Ўғитлар меъёрида сув билан биргаликда берилади. Ер таркиби бузилмайди. Ҳосилдорлик эса 1,5-2 баравар кўп. Хуллас, бу ерда янгиликлар кўп. Бир сўз билан айтганда, “Пен-Шенг” Сирдарёда халқимиз билан ҳамкорликда чинакам мўъжизалар яратмоқда.
Вилоятда ишлаб чиқариш, хусусан, саноат соҳасида юқоридаги каби амалга оширилаётган улуғвор ишлар натижасида иқтисодий кўрсаткичлар ҳам ошиб бормоқда. Агар шу йилнинг январь-июль ойларида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 4 триллион 535 миллиард сўмдан ошган бўлса, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ўзи 3 триллион 292 миллиард сўмга етган. Энди шу маълумотларни 2018 йилнинг шу давридаги рақамлар билан бир солиштириб кўринг. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2 триллион 629 миллиард сўм, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 триллион 880 миллиард сўм бўлган. Демак, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу йилнинг шу давридаги ўсиш 170-180 фоизни ташкил этмоқда. Ёхуд вилоятнинг ўтган йилнинг биринчи ярмида ташқи савдо айланмаси 134,6 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган бўлса, бу йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 270,7 миллион АҚШ долларидан ошибди. Бу жабҳада икки баравардан ортиқ ўсишга эришилган. Сайхун соҳилларида эришилаётган бу мўъжизакор ютуқлар ва қўлга киритилаётган муваффақиятлар заминида мамлакатимиз Президентининг ташаббускорлиги ва ана шу диёр аҳлининг барча жабҳалардаги фидокорона меҳнатлари ётади.
Сирдарё вилоятини бугунги кунда улкан қурилишлар, бунёдкорликлар майдонига қиёслаш мумкин. Бунёдкорликлар натижасида вилоят маркази Гулистон шаҳри кейинги уч йил ичида тубдан ўзгарди. Шаҳарнинг барча нуқталарида беш қаватли, барча шароитлар яратилган замонавий турар жойлар қад ростлади. “Ўзбекистон”, “Бирлашган”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Халқлар дўстлиги”, “Сайхун”, “Бухоро”, “Ёшлик” кўчалари кенгайтирилиб, реконструкция қилинди. Ислом Каримов кўчасига туташ нуқтада улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали атрофида Билимдонлар маскани бунёд этилди. Масканда китоб дўкони, китобхонлар учун махсус қироатхона — айвонлар мавжуд.
Олим Хўжаев номидаги вилоят драма театри биносида 31 миллиард сўм маблағ эвазига бошланган қайта қуриш ва реконструкция ишлари якунига етказилмоқда. Театр биноси яқинида вилоятнинг йирик анжуманлари, байрамлари ўтказиладиган амфитеатр қурилган. Вилоят ҳокимлигининг “Қабуллар уйи” кейинги бир йил ичида барпо этилган гўзал иншоотлардан бири ҳисобланади. Шарқона миллий усулда замонавий архитектуранинг сўнгги ютуқлари асосида қад ростлаган бинонинг ички қисми мўъжизавий кўриниши билан ҳар қандай одамни ҳайратга солади. Шаҳарнинг қоқ марказида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанлари чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган ижод мактаби қурилиши ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қурилаётган бу мактабга 120 та энг иқтидорли болалар ижодий имтиҳонлар асосида танлаб олинади. Улар учун мактабда барча шароитлар яратилади. Бу йилги ўқув йилидан бошлаб мактаб фаолиятини бошлаши режалаштирилган.
Шаҳарнинг шарқий қисмида Гулистон давлат университетига яқин жойда “Буюк келажак” деб номланган янги турар жой даҳаси қад ростламоқда. Бу ерда 15 тага яқин беш қаватли уйлар фойдаланишга топширилган. Кўплаб турар жойлар қурилмоқда. Уйлар замонавий асосда, миллий услубда қурилган. Хоналар кенг, ёруғ. Иссиқ ва совуқдан ҳимояланган. Турар жойлар орасида болалар учун ўйингоҳлар, спорт майдончалари барпо этилган. Гўзалликдан гўзаллик яралади, дейишади. Даҳадаги бунёдкорлик бу ерда яшаётганлар қалбига гўзаллик, орасталик, ободлик туйғуларини олиб кирмоқда. Даҳанинг номи ҳам ўзига муносиб. “Буюк келажак” келгусида нафақат ушбу даҳанинг, Гулистон шаҳрининг истиқболини белгилаб беришига шубҳа йўқ.
— Шаҳар ҳам бўйига, ҳам энига кенгайиб, замонавий қиёфа касб этиб бормоқда, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев. — Унинг ҳудуди ҳозирги пайтда 4400 гектардан ошиқ бўлса, яқин келгусида шаҳар бағрига яна 1700-1800 гектар ер майдони қўшилади. Аҳоли сони 90 минг кишидан 100 минг кишига ошиши кутилмоқда. Бу, табиийки, Гулистонда ишлаб чиқариш қувватларини ҳам оширади. Бугунги кунда шаҳар ҳудудида 50 дан ошиқ корхона фаолият юритаётган бўлса, 2020-2021 йилларда яна 30 дан зиёд ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилади. Гулистон ҳақиқий гулистонга айланади.
Мамлакатимизнинг ҳамма гўшаларини обод қилишга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратмоқда. “Халқимиз, одамлар ҳамма жойда бахтли яшашлари керак!”. Шу мақсадда аввал “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий қилинган эди. Эндиликда шулар ёнига туманлар марказлари ва кичик шаҳарчаларни обод, замонавий масканларга айлантириш режаси ҳам қўшилди. Бу борада Сирдарё вилоятининг туманларида ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Сайхунобод тумани ва унинг марказидаги ўзгаришлар бунинг яққол исботидир. Кейинги салкам бир йил ичида бу ерда деҳқон бозори янгидан қурилди. Хотира майдони қайта таъмирланди. “Китоблар олами” дўкони ташкил этилди. Шу кунларда дўкон атрофи кенгайтирилиб, китобхонларга мутолаа қилиши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Туман ҳокимияти ва прокуратураси бинолари бунёд этилди. Сайхунобод марказидаги эски уйлар ўрнида икки-уч қаватли замонавий турар жойлар, икки қаватли савдо дўконлари қад ростламоқда. Кўчалар кенгайтирилмоқда.
“Сайхун планет” масъулияти чекланган жамиятининг савдо мажмуаси шу типдаги масканлар орасида нафақат туманда, вилоятда ягона ҳисобланади. Бу мажмуа “Асака-банк” ва тадбиркор ҳамкорлигида 35 миллиард сўм маблағга барпо этилган. Биринчи қаватида турли хил маҳсулотлар сотилади. Иккинчи қаватнинг асосий қисмида болалар учун турли кўнгилочар ўйингоҳлар ташкил этилган. Қолган қисмида эса Сайхунобод туман Давлат хизматлари маркази, Республика Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқадиган қабулхонаси жойлашган. Мажмуа қошидаги истироҳат боғи ҳам тўла равишда қайтадан бунёд этилган ва аҳоли дам оладиган оромгоҳга айланган.
Туманнинг “Ўзбекистон” қишлоғида ўтган йили “Обод қишлоқ” дастури асосида катта қурилишлар, янгиланишлар амалга оширилиб, бу жой обод, гўзал масканга айлантирилган эди. Давлат томонидан амалга оширилган ишларда қишлоқ тадбиркорлари, фермерлари ҳам четда турмадилар. Шу қишлоқдаги “Мумтоз” фермер хўжалиги бир миллиард сўм маблағ эвазига Маданият маркази барпо этди. Бу марказда кутубхона, ўйингоҳлар, компьютер класслари, кўнгилочар масканлар ишга туширилди. Бугун сайхунободликлар ана шундай яратувчиликлар қўйнида яшамоқдалар.
Ховос тумани ва шаҳарчаси Сирдарё вилоятининг жанубий қисмида — қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Бу ердаги янгиликларни ҳам чинакам мўъжизалар дейиш мумкин.
— Эски Ховос шаҳри харобаси Сирдарё вилоятининг, қолаверса, бутун Мирзачўл музофотининг энг қўҳна ёдгорлиги саналади. Кўҳна Ховос шаҳри харобасида ўтказилаётган археологик тадқиқотларда унинг камида икки ярим минг йиллик тарихга эга эканлиги ва бутун Сирдарё вилояти ҳудудидаги энг қадимги шаҳар харобаси қолдиғи эканлиги исботланди, — дейди Ховос тумани ҳокими Райимқул Бобоев. — Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ходимлари бу жараёнда мингдан ортиқ турли қадимий ашёлар топишди. Эрамиздан аввалги III-II асрга оид Анахита ҳайкалчаси, X-XI асрларга оид тангалар, XII асрга оид Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, X-XI асрларга тааллуқли махсус симоб идишчаси, VII-VIII асрларга оид идишларда қўлланилган муҳрлар, турли даврларга тегишли кўзалар, идиш-товоқ бўлаклари тарих намуналари ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, қазишмалар чоғида қўлга киритилган топилмалар бундан 2500 йил илгари бу ерда одамлар яшаганликлари ҳақида гувоҳлик беради. Ховостепа 2018 йилда ЮНЕСКО рўйхатига киритилди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 19 февралда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос тумани маркази Ховос шаҳарчасини барпо этишнинг бош режаси билан танишиб, маслаҳат ва тавсияларини берган эди. Шунга кўра, жорий йил март ойининг бошидан “Ховос сити”ни бунёд этиш учун 42 гектарлик ҳудудда комплекс қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Белгиланган лойиҳага биноан маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, Хотира майдони, кутубхона, китоб дўкони, кинотеатр, деҳқон бозори, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Шунингдек, вилоятда ташкил этиладиган 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхоналаридан иккитасининг фаолияти айнан мазкур шаҳарча ҳудудида йўлга қўйилади. Ушбу енгил конструкцияли тикувчилик фабрикасининг биринчиси “Бунёдкор” маҳалласида барпо этилиб, бу ерда 140 нафар ховослик хотин-қизларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланади. Корхонада йилига 8 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари — сочиқ, болалар ва катталар кийимлари, махсус ишчи коржомалари, чойшаблар тайёрланиб, харидорларга етказиб берилади. Келгусида корхонада тикиладиган кийим-кечакларнинг 80 фоизи хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Юртбошимиз ташрифи чоғида таъкидланганидек, Ховосда охирги эллик йил мобайнида бирорта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар ўтган йиллар давомида эски, зах ва тор уйларда турмуш кечириб келишган.
Бугунги кунда янги марказнинг ўзида 30 та кўп қаватли уй қуриш ишлари давом этмоқда. Шунинг 20 тасини Ховосда илк бор қад ростлаётган 5 қаватли уйлар ташкил этади. Уларда икки ва уч хонали 760 та квартира бўлиб, шундан 600 таси арзон уйлардан иборат бўлади.
Эски Ховос шаҳарчасида 78 та икки қаватли уйлар таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 100 та объектнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш, янгилаш ишлари бошлаб юборилди. Туман марказидаги 46 километрлик кўчалар, йўлаклар асфальтланмоқда. Шаҳарчанинг янги қуриладиган ҳудудида кўп қаватли уйлар атрофида болалар учун 28 та майдончалар барпо этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, туман марказида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 16 километрлик сув қувурлари тортилиб, реконструкция қилинади. Янги шаҳарчада қурилиш, бунёдкорлик ишлари авжида. Ховосликлар ҳадемай обод, барча қулайликлар яратилган замонавий шаҳарчага эга бўладилар.
Ҳа, сирдарёликлар бугун ана шундай бунёдкорликлар, яратувчиликлар, юксак орзулар, мақсадлар билан яшамоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан журналистларнинг вилоят бўйлаб ўтказган бир кунлик медиа-тури туфайли ана шундай жараёнларга гувоҳ бўлдик. Сирдарёликларнинг фаолияти, ўз ўлкасига меҳр-муҳаббати, бунёдкорлик қудрати туфайли Сайхун соҳилларида, Мирзачўл кенгликларида ҳайратомуз мўъжизалар яратилмоқда.
Камол Матёқубов,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен &m...
01 янв 1970
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўл...
01 янв 1970
Бугунги замонавий ҳаётимизни интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кўпчилик, айниқса, ёшларимиз ижтимоий тармоқларда “я...
01 янв 1970
Қувасой шаҳрида яшовчи Фазлиддин Азимов (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган) 2015 йил сентябрь ойида Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар ...