Журналист ёлғон гапирди...(ми?!)

/
Тан олиб айтиш керак, кейинги икки йилда “Ўзбекистон” телеканалида жонли равишда эфирга бериб келинаётган “Муносабат” кўрсатуви ўз томошабинларини топиб улгурди. Бугун бу кўрсатувни кутиб, унда кўтарилаётган мавзуларга фикр билдираётган юртдошларимиз сони кундан-кунга ошиб бораётгани эътиборга молик. Чунки кўрсатувда бугуннинг энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолари очиқ-ошкор айтилади, мутахассис-экспертлар, мамлакатимиз парламенти аъзолари, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари ҳамда оддий халқ вакиллари ўртасида муҳокама қилинади, муаммога ечим изланади. Айнан очиқлик ва шаффофлик таъминланаётгани боис ҳам кўрсатувнинг рейтинги ошиб бормоқда.
Лекин мақоламиз кўрсатув ва унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида эмас. Аксинча, “Муносабат” кўрсатувининг 2019 йил 13 март куни эфирга узатилган сонидаги кичик бир баҳсли вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида қоғоз қоралашга жазм этдик. Биз бекорга сўзимизни кўрсатув ўз олдига қўйган мақсад-муддаодан бошламадик. Дарҳақиқат, кўрсатувда бугунги кунимизнинг энг долзарб муаммолари юзасидан баҳс-мунозарага киришилади. 13 март кунги кўрсатувда ҳам шундай бўлди. Муаммо: Мактаб дарсликларидаги хатолар! Ечим: Қай йўл билан бундай хатоларга барҳам берамиз?
Кўрсатув бошловчиларидан сўнг сўз олган журналист — яъни камина — мактаб дарсликларида дуч келинаётган хатолар ҳақида гапира туриб, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2018 йил 14 декабрь 50-сонида чоп этилган “Тошга ўйилган... хато” мақоласи ҳақида тўхталиб, ундан айрим иқтибослар келтирдим. Келинг, кўрсатувни кўрмаган газетхонларимиз учун айнан ўша мақоладан келтирилган иқтибосни келтириб ўтайлик. “Таълим сифати — партия нигоҳида” рукни остида берилган мақола шундай бошланади.
“...Жорий йилнинг 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда мактаб дарсликларининг етишмаслиги, дарсликларда хатоликлар кўплиги таъкидланиб, бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилганди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим сифати — партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида жамоатчилик назорати тартибида мактаб дарсликларининг сифати, уларда йўл қўйилган хато-камчиликлар ўрганиб чиқилди. Партиямизнинг фан-таълим масалалари бўйича жамоатчилик экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилган ушбу ўрганишлар давомида бугунги кунда ўқувчилар фойдаланаётган мактаб дарсликлари турли хато-камчиликлардан холи эмаслиги аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, умумтаълим мактаблари учун чоп этилган дарсликлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади ва тавсия этилади...
7-синф дарсликлари:
“Ўзбекистон тарихи” китоби (Қайта ишланган 3-нашр. “Шарқ” НМАК — 2017). Дарсликнинг 94-бетида “Абу Наср Форобий (873-950) Арис сувининг Сирдарёга қуйилишида жойлашган Фороб шаҳрида туғилган”, дейилган. Худди шу дарсликнинг русча нашрида эса “Абу Наср Фараби (1203-1270) родился в городе Фараб”, деб ёзилган...”

Албатта, мақолада ўқувчиларга мўлжалланган ўнлаб дарсликларда йўл қўйилган қатор хато-камчиликлар ҳақида сўз боради. Камина кўрсатувда уларнинг бор-йўғи биттаси ҳақида гапирдим-у, дарҳол Халқ таълими вазирлиги вакилининг жавобини олдим.
— Йўқ. Амалдаги дарсликда бундай хатога йўл қўйилмаган. Ишонмасангиз, вазирлигимизнинг порталини (eduportal.uz) ни кўринг...
Тўғриси, тўғридан-тўғри эфирда, сизни миллионлаб телетомошабинлар кузатиб турган бир пайтда бундай кескин жавоб кишини шошириб қўяр экан. Янаям халқона тил билан айтганда, бу жавоб “Ҳой бола, ёлғон гапирма”, дегандай туюлади кишига. Ахир газета учун материалларни тайёрлашда таҳририят ижодкорлари меҳнат қилади, ўрганади. Қолаверса, биз юқорида тилга олган мақола Ўзбекистон “Адолат” СДП фан-таълим масалалари бўйича жамоатчилик экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган. Улар мактабларда фойдаланилаётган дарслик китобларни ўрганган. Албатта, биз ҳам инсонмиз, хатолардан холи эмасмиз. Лекин бу ерда гап бир кишининг эмас, бутун бир экспертлар гуруҳининг хатоси ҳақида кетаяпти. Янаям қизиғи, ўзимиз мактаб дарсликларида йўл қўйилган хато ҳақида ёза туриб, хатога йўл қўйсак. Буни кечириб бўлмайди.
Бу фикрлар ўша куни, кўрсатув жараёнида хаёлимдан ўтди. 14 март куни тушдан кейин кўрсатувда вазирлик вакили айтган порталга (eduportal.uz) кириб, бир ҳайратим икки бўлди. (Агар биринчи саҳифадаги суратларга эътибор берган бўлсангиз, нега ҳайратга тушганимизнинг боисини англайсиз.) Яна ёлғончи бўлиб қолмаслик учун айнан баҳсга сабаб бўлган 7-синф ўқувчилари учун чоп этилган “Ўзбекистон тарихи” китобининг ўша саҳифаларидан нусха кўчирдик... Ҳар ҳолда “амалдаги”си, яъни тортишувимизга сабаб бўлган китобнинг электрон варианти вазирликнинг порталида бор экан...
Энди бу ўринда изоҳга ҳожат бўлмаса керак!
Аммо журналист ёлғон ёки рост гапирганлиги ҳақида хулоса чиқаришни газетхонларимиз ҳукмига ҳавола қилиб қўя қоламиз. Зеро, энг ҳаққоний баҳони ҳамиша халқ беради.
Тўғриси, вазирлик вакили ноҳақ, биз ҳақмиз, деб гап талашиш ниятимиз йўқ. Фақат ўша кўрсатувда айтган гапимизни яна бир бор такрорлаймиз. Аслида ким, қайси соҳада, қайси вазифада хизмат қилишидан қатъи назар, мақсад-муддаомиз битта. У ҳам бўлса, миллат юксалиши, мамлакат тараққиёти, юрт ривожи йўлида бирлашиш, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда бир-биримизга елкадош бўлишдир.
Сўнгсўз ўрнида яна аввалги мақоламиздан иқтибос келтирамиз.
“... Таълим сифатига салбий таъсир кўрсатадиган бу каби мисолларни, афсуски, яна давом эттириш мумкин. Мазкур ҳолатлар эса ушбу масалага жиддий ёндашиб, аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо қилади. Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, юқоридаги каби хато-камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган барча дарсликларни ҳукумат доирасида экспертизадан ўтказиш таклифини билдирамиз.
Ёшликда ўрганган билим — тошга ўйилган нақш, деб бежиз айтишмайди. Демак, ўқувчилар билим деб ўрганган маълумотлар юқоридаги каби хатоликлар билан ёшларнинг ёдида муҳрланиб қолади. Чунки хато билимлар бирор фойда келтирмаслиги билан бирга ўқувчига панд бериб қўйиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Токи, нақлдаги “ёшликда ўрганган билим” жумласи “ёшликда ўрганган хато”га айланиб қолмасин”.

Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Амударё тумани маркази Манғит шаҳарчасининг “Янгиобод” маҳалласидаги 713 хонадонда жами 3598 нафар фуқаро истиқомат қилади. ...
01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...
01 янв 1970
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. ...
01 янв 1970
Наманганда “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди....