“Кеч бўлса ҳам олий маълумотли бўлишни ният қилдим”

/
Учта олийгоҳнинг 72 ёшли абитуриенти Тоштемир отанинг орзуси
Болалигимда отамдан бир воқеани эшитгандим. Бундан салкам қирқ йил олдин, яъни ўтган асрнинг 80-йиллари бошида педагогика институти ўқитувчиси янги қабул қилинган талабаларга дарс бериш учун аудиторияга кирса, охирроқдаги партада ёши олтмишларга яқинлашган бир киши ўтирганмиш. Домла у кишини бирор талабанинг отасидир, фарзандининг илк сабоқларини кузатгани келибди-да, деб ўйлабди. Аммо маълум бўлишича, ўша кишининг ўзи ўқишга кирган экан.
Шунда ўқитувчи ёши улуғ талабага мактабларда ўқитувчилар 55 ёшдан пенсияга чиқишини эслатиб, нега айнан шу ёшда ўқишга киргани билан қизиқибди. Бунга жавобан у киши “Фарзандларимнинг ҳаммаси олий маълумотли. Уйда улар турли мавзуларда бир-бирлари билан баҳслашишади. Мен суҳбатга қўшилсам, сиз ўқимагансиз, индамай ўтиринг, деб оғзимга уришади. Шунинг учун кеч бўлса ҳам олий маълумотли бўлишни ният қилдим” деб жавоб берибди.
Яқинда, аниқроғи, шу йилнинг 24 июнь куни Қува туманида яшовчи 72 ёшли Тоштемир ота Ҳолиқов Фарғона давлат университетининг филология факультетига абитуриент сифатида ҳужжат топширганини эшитганимда беихтиёр ана шу воқеа эсимга тушди.
— Ўша куни Тоштемир ота менинг ёнимга келиб, ҳужжат топширмоқчи эканлигини айтди. Бизнинг фарғоналиклар ҳазилкаш эмасми, мен ҳам бу гапни ҳазилга буриб, жавоб қайтардим. Бироқ Тоштемир ота билан яна бироз суҳбатлашиб, нияти жиддий эканини билдим, — дейди ФарДУ қабул комиссияси масъул котиби Равшанжон Пирназаров.
Шундан сўнг биз Қува туманига бориб, Тоштемир ота билан суҳбатлашдик, кекса абитуриентнинг ўқишга тайёрланиш шароитлари билан танишдик.
— Ўзим ёлғиз фарзанд бўлганман. Тўрт ёшимда отамдан етим қолганман. Бечора онам Қумрихон Исаева мени новвойчилик қилиб боққан. Уйимизда нон пишириб берарди. Мен эса Қува темир йўл вокзалига нон олиб чиқиб, сотардим. Кейинчалик ўқувчилик пайтимда онамдан ҳам айрилдим, — дейди Тоштемир Ҳолиқов. — Ҳаётда кўп қийинчилик кўриб, олий маълумотли бўлиш менга насиб этмади. 1973 йилда Фарғона кооператив техникумини “Озиқ-овқат товаршунослиги” мутахассислиги бўйича тамомлаб, 30 йил “Қувадонмаҳсулот” корхонасида, кейин матлуботсавдо тизимида ишладим. Оила қуриб, икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказдим. Ҳозир уларнинг ва набираларимнинг қуршовидаман. Қолаверса, жамоатчи мухбир сифатида “Қува ҳаёти”, “Коммуна”(ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”), “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газеталари ҳамда маҳаллий радиода мақола ва радиорепортажларим билан иштирок этиб юрдим. Лекин олий маълумотли бўлиш орзуим ушалмай қолди. Бугун ана шу мақсадимга эришиш учун университетга ҳужжат топширдим. Келгусидаги ниятим — замонавий ўқув маркази ташкил қилиб, ёшларнинг билим олишлари ва касб-ҳунар ўрганишларига ўз ҳиссамни қўшиш.
Бизга маълум қилишича, қаҳрамонимиз 2018 йилнинг ноябрь ойида “В”, “С” тоифали ҳайдовчилик курсида, январь ойида эса компьютер ўқув марказида ўқибди. Энди эса навбат олий таълим олишга келибди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу йил ҳар бир абитуриентга фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 3 тадан йўналишга ҳужжат топшириш имконияти берилди. Тоштемир Ҳолиқов айни имкониятдан унумли фойдаланиб, ФарДУдан ташқари Қўқон давлат педагогика институти ва Наманган давлат университетининг худди шу йўналишларини танлади. Унинг ҳужжатлари мазкур олийгоҳларга электрон тарзда юборилади. Энг муҳими, эзгу ниятли отахон жорий йилнинг январь ойидан буён “Тарих” ва “Ўзбек тили ва адабиёти” фанларидан репетитор ўқитувчилар қўлида тест синовларига тайёргарлик кўрмоқда.
Биз эса ҳали-ҳануз ёшлик шижоати тарк этмаган нуроний абитуриентимизга бўлажак тест синовларида омад тилаб, насиб этиб, отахон талаба бўлса, яна учрашишни ният қилиб, хайрлашдик.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ЎФФ беш футболчини умрбод футболдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди! Нега?
01 янв 1970
Бугунги кунда компьютерлар бизнинг яқин кўмакчимиз, асосий иш қуролимизга айланиб улгурди. ...
01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишл...