Аграр соҳа тараққиётининг локомотиви

/
Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви” бўлиши керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Баҳорда чигитни тупроққа қадаш учун қулай фурсат кутиб, дала бошига зир-зир қатнаган, ёзда ғўзага сувни ҳовучлаб бўлса-да маромида етказай деб ариқ ёқалаган, эскириб қолган трактори эгат бошида тўхтаб қолганида эҳтиёт қисм излаб юз битта даргоҳга бош суқиб чиққан, кузда ёппасига очилган пахтани териб олиш илинжида шаҳарлик ҳашарчиларни пойлаган фермернинг ташвиш-муаммолари камаядиган бўлди. Пахтачиликда ташкил этилган кластерлар соҳанинг кафолатли базаси сифатида намоён бўлиб, фермер ва саноатчининг ҳосилдорлик бекатларидаги муаммоларни ҳал этиш борасидаги куч-имкониятларини бирлаштирди.
Энди фермернинг молиявий имкониятлари кенгайган, техникаси янгиланган, ирригация тизими такомиллашган. ўўзага томчилатиб суғориш технологияси асосида сув берилади. Тупроқнинг унумдорлик даражаси, экин касалликларига қарши курашиш, биологик усулларни қўллаш масалалари ва етиштирилаётган ҳосил сифати саноат талабларига тўла мос келиши биргаликда назорат қилиб борилади.
Пахтачилик кластерларининг аҳамияти ва самарадорлиги ҳақида батафсил мулоҳаза юритишдан олдин эътиборингизни қуйидаги маълумотларга жалб этмоқчимиз.
Нарпай туманининг пахта етиштириш бўйича кластерга бирлашган 220 та фермер хўжалигида ноқулай келган об-ҳаво шароитига қарамай, 7136 гектар майдонда бир текис ҳосил етиштирилиб, йиғим-теримга ўн кунча илгари киришилди. Бунинг натижасида фермер хўжаликларининг тенг ярми буюртмачи бош корхонага, яъни “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятига биринчи теримдаёқ режанинг 135-115 фоизи миқдорида пахта топшириб, контрактация шартномаларини ортиғи билан уддаладилар. Хусусан, кластер усулида пахта етиштириш талабларини бенуқсон бажариб келган “Суюнбек даласи”, “Элбек”, “Ваҳоб Равшанов даласи”, “Абду Ёрқулов даласи” фермер хўжаликларида ҳосилдорлик илк теримдаёқ 35-38 центнерни ташкил этиб, ҳосилнинг ҳаммаси 1 сортга қабул қилинди.
— Биз кластер усулида пахта етиштиришга ўтган 220 та фермер хўжалигининг барчасига тенг шароит яратганмиз, — дейди “Мароқанд сифат” МЧЖнинг пахтачилик бўйича иқтисодчиси Ойбек Нурқувватов. — Шартнома бўйича 1 тонна хомашё топшириш учун 3 миллион 250 минг сўм миқдорида нарх белгиланиб, шунинг 1 миллион 960 минг сўми ёки 60 фоизи агротехник тадбирлар жараёнида олдиндан тўлаб берилди. Фермерга янги техника сотиб олишга кўмаклашдик. Тажриба тариқасида 50 гектар майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Бугун эса қўлда терилган ҳар килограмм пахта учун теримчиларга одатдаги тўловларга яна 100 сўмдан пул қўшиб бераяпмиз. Ҳар куни 100 килограммдан ортиқ ҳосилни териб хирмонга қўшаётганларга гилам ва бошқа қимматбаҳо совғалар тарқатиб бораяпмиз. Чунки фермернинг ҳам, саноатчининг ҳам қизиқиши моддий манфаатдорликка бориб тақалади.
Дарвоқе, “Мароқанд сифат” МЧЖ бу йил Нарпай туманида етиштириладиган 31 минг тонна пахтанинг 20 минг тоннасини сотиб олиш бўйича фермерларга буюртма берган. Ана шу ҳосилдан 6600 тонна юқори сифатли тола ишлаб чиқариш ва ип-калава йигириш белгиланган. Ва ниҳоят, кластер таркибидаги бошқа қатор саноат корхоналарида хомашё тўлиқ қайта ишланиб, ундан экспортга йўналтирилган тайёр кийим-кечаклар, хусусан, эркаклар кўйлаги, чойшаблар тайёрланади.
— Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси янги ишда бизга катта ёрдам кўрсатмоқда, — дея суҳбатни давом эттиради кластер бош корхонаси “Мароқанд сифат” МЧЖ товаршуноси Рустам Ҳамроев. — Унинг ёрдамида қийин молиявий муаммоларни тезда ҳал қилиб олаяпмиз. Биринчидан, биз билан контрактация шартномаси тузган ҳар битта фермер хўжалиги учун банкда махсус ҳисоб рақами очилган бўлиб, имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилган. “Мароқанд сифат” МЧЖ ҳар битта йўналиш бўйича ажратилган маблағларнинг мақсадга мувофиқ ишлатилишини назорат қилиб боради ва бу борада банк олдида кафилликни ўз зиммасига олган. Демак, фермер пахта етиштириш эҳтиёжи учун молиявий кўмак олиш мақсадида идорама-идора югурмайди. Иш ҳақи ҳам, харажатлар ҳам вақтида ҳисоб-китоб қилиб борилади. Энди Нарпайдаги пахта кластерининг саноатлашув имкониятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, мазкур тизим 220 та фермер хўжалигидан ташқари “Зирабулоқ” пахта тозалаш заводи, “Мароқанд сифат” ип-калава йигириш корхонаси ва “Самарқанд Евро Азия текстиль” тайёр кийим-кечаклар фабрикасини ўз ичига олган.
“Зирабулоқ”да қайта ишланган толадан “Мароқанд сифат” сифатли ип-калава тайёрлаб, бўяб, тенг ярмини “Самарқанд Евро Азия текстиль”га етказатади, қолганини экспортга чиқаради. 50 фоиз ип-калавадан шу ернинг ўзида тўқилган матолардан эса кийим-кечак чиқарилиб, экспорт занжирига уланади. Қарабсизки, даладаги пахта юз фоиз қайта ишланиб, буюртмачи манзилларига етказилади. Дала ва цехлардан фойдали олди-бердилар ҳисобига кластер таркибида мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, ҳар битта йўналиш бўйича меҳнат қиладиган мутахассис, ходим яхши даромад топиб, турмушидан рози бўлиб яшаяпти. Рўзғорининг кам-кўстини бутлаш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, уларни яхши едириб, кийинтириш учун вақт ва имконият топаяпти. Шу биргина хулосанинг ўзидан давлатимиз раҳбарининг кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг локомативи, деган пурмаъно сўзлари нечоғлик ўзини оқлаётганини, ислоҳотлар жараёнига жўшқин куч ва қудрат бағишлаётганини сезиш қийин эмас.
Хўш, кластер туфайли қишлоқнинг саноатлашув жараёни фермерга қандай сабоқ бераяпти ва қай даражада ишга масъулият уйғотаяпти?
— Аввало, фермерлик тизимида меҳнатнинг пировард натижаси учун шахсий интизом ва жавобгарликни уйғота олдик, — дейди Нарпай туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Абдуқаҳҳор Тожиев. — Биринчидан, ҳар битта агротехник тадбир вақтида ўтказиладиган, ер чуқур ҳайдаладиган, минерал ўғитлар билан меъёрида озиқлантириладиган бўлди. Томчилатиб суғориш туфайли сув сарфи бир неча баробар камайди. Ва ҳар битта сарф-харажат фермер томонидан қатъий назорат қилиб бориладиган бўлди. Содда қилиб айтганда, кластер фермерларни тежамкорликка ва ҳисобдонликка ўргатмоқда. Чунки иқтисод қилиб қолинадиган маблағлар унинг ўзига фойда бўлиб қайтмоқда.
“Мароқанд сифат” МЧЖ корхонаси раҳбарларининг таъкидлашларича, бугун Нарпай туманида пахтачиликнинг модий-техник базаси тубдан янгиланишига муҳтож. Шуни ҳисобга олган ҳолда йил бошида дастлаб 10 та ва кейинроқ яна 40 та “Белорусь” русумли янги ҳайдов тракторлари харид қилиб келинди. Машина-трактор паркини тўлдириш, такомиллаштириш ишлари келгуси йилда ҳам изчил давом эттирилади. Чунки агротехник юмушларни сифатли бажариш афзаллиги биринчи йилдаёқ ўз натижасини берди. Гектаридан 28 центнердан пахта етиштириб келинган майдонларда ҳосилдорлик бирданига 35 центнерга кўтарилди. Бу рентабелликни таъминлаш учун яхши кўрсаткич.
Демак, кластер усулига ўтган фермер ҳам, саноатчи ҳам изланаяпти, ҳаракат қилаяпти, кўпроқ даромад олиш учун бир-бирини астойдил қўллаб-қувватлаяпти. Бозор иқтисодиётининг энг ажойиб қонуниятларидан бири ҳам шунда, яъни харажатларнинг даромадли якуни учун ҳамма имкониятларни ишга солишда, пахтачиликда соғлом меҳнат ва рақобатни юзага келтиришда. Нарпай туманида шундай ишнинг уддасидан чиқа оладиган тадбиркорлар кўп. Айтиш мумкинки, пахтачиликда кластер — бу ерда ўзини том маънода оқлаб, Самарқанд вилоятида ўзига хос тажриба майдонига айланади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири
Бахтиёр Мустанов олган суратлар

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда....
01 янв 1970
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишл...
01 янв 1970
Таниқли тилшунос олим Рўзимбой Йўлдошев билан Урганч давлат университетида учрашдик....
01 янв 1970
Хонада учта одам – ота, она ва ўғил суҳбатлашмоқда.