Атроф-муҳитга беписандлик қачонгача?

/
Она табиат инсон учун буюк неъматларни инъом этган экан, ҳар биримиз ундан унумли ва оқилона фойдаланмоғимиз лозим. Дарҳақиқат, мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш, унинг бойликларини муҳофаза қилиш, табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда, хусусан, тегишли қонунлар ишлаб чиқилиб, уни ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда ҳам “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб қайд этилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларида фуқаролар томонидан атроф-муҳитни асраб-авайлаш, жойларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар мустаҳкамланган.
Демак, ҳар биримиз табиат олдидаги бурчимизни, масъулият ва мажбуриятимизни ҳис этмоғимиз зарур.
Баъзан атрофга назар ташлар эканмиз, она табиатимизга, атроф-муҳитга беписандлик қилаётган фуқароларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Ахир улар ҳам табиат берган неъматдан фойдаланиб келишаяпти-ку!
Биз, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро туман кенгаши ходимлари ана шундай муаммоларнинг олдини олиш, беписандликка чек қўйиш мақсадида партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшиш учун тумандаги баъзи ҳудудларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бордик. Айрим фуқароларнинг ўзлари экологик муаммолар урчишига сабабчи бўлаётганини кўриб, уларни она табиатга нисбатан ҳурмат билан ёндашишга ундадик.
Ишчи гуруҳининг халқ депутатлари Бухоро тумани Кенгаши депутати М.Набиев, Бухоро тумани ДСЭНМ бўлими ходими З.Рамазонова, партия фаоли Ҳ.Шарипов каби аъзолари билан бирга тумандаги “Галаосиё” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўрганишлар олиб бордик. Хусусан, туман марказидаги “Навоий”, “Бухоро”, “Галаосиё” каби кўчаларда нохуш ҳолатларни кўриб, дилимиз хира тортди. Айрим фуқаролар томонидан маиший чиқиндилар белгиланмаган жойларга ташланганлиги, барг-хазонлар ариқларда йиғиб қўйилганлиги ва ҳатто ёқиб юборилаётганлиги, бўшаб қолган ичимлик идишларининг йўл ёқасига ташланганлик ҳолатлари нафақат аҳолининг саломатлигига, балки келажак авлоднинг маънавий тарбиясига ҳам салбий таъсир қилиши тайин. Шунингдек, ҳудуддаги 2-умумтаълим мактаби ёнидаги ахлат уюмига эътиборсизлик билан қараш ҳам мактаб ўқувчилари ҳамда яқин атрофдаги хонадонларда яшовчи фуқаролар саломатлигига бирор-бир таъсир кўрсатмайди, дейиш қийин. Наҳотки инсон ўзи яшаб турган ҳудудга, она табиат ва экологияга шунчалик бепарволик билан ёндашса? Биз ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролардан бу ҳолатларнинг сабаблари ҳақида сўраганимизда, улар жавоб беришга хижолат бўлишди. Демак, доим табиатни асрашга, экологик муаммоларни бартараф этишга, уларнинг олдини олишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли билан мулоқот чоғида фуқароларга атроф-муҳит тозалигига, хонадонларнинг озодалигига, маҳаллаларнинг ободлигига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашди.
Юртни покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш азалий қадриятларимиздан саналади. Биз, авлодлар эса ана шундай эзгу анъаналарнинг давомчиси бўлмоғимиз керак. Зеро, тозалик — соғлиқ гаровидир!
Гулчеҳра ТОЖИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги замонавий ҳаётимизни интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кўпчилик, айниқса, ёшларимиз ижтимоий тармоқларда “я...
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....
01 янв 1970
27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...