Нурли қушнинг юксак парвози

/
Қорақалпоғистонлик ижодкор дўстларимдан биридан Нукус шаҳри номининг келиб чиқиши ҳақида сўраганимда у шундай деди: “Қадимда милоддан олдинги IV асрдан милодий IV асргача бу ерда “Шўрча” деб аталган қалъа бўлган. Бу қалъа Хоразм давлатининг шимолий қисмидаги қўшинлар сақланадиган таянч масканларидан бири ҳисобланган. Ушбу қалъа бузилиб йўқ бўлиб кетган. XVIII асрда бу ерда яна бир қалъа барпо этилган. Уни одамлар Нузкат, Нузкас — янги қалъа деб атаганлар. Олимлардан баъзилари Нукус сўзини ана шу “Нузкат”нинг ўзгарган шакли деб фикр билдирадилар. Яна бир гуруҳ қадимшунослар Нукус сўзи бу ерда яшаган нукуз қабиласи, уруғининг номидан келиб чиққан дейишади. Мен эса шаҳар номи нурқуш — атрофга нур таратиб учадиган Хумо қуши номидан олинган бўлса керак, деб ўйлайман. Негаки, бу шаҳар Хумо қуши янглиғ одамларни доимо ўзига мафтун этиб келган. Унинг бугунги гуллаб-яшнаётган қиёфасида ҳам нурли қушга монанд гўзаллик бор”.
Дўстимнинг бу сўзларини унинг қувваи ҳофизаси ўткирлиги, топқирлигига йўйдим. Ўз юртига меҳр-муҳаббати кучли инсонлар қалбида бундай ажойиб сўзлар туғилиши, шубҳасиз. Унинг бу сўзларни айтганига кўп йиллар бўлди. Аммо яқинда Нукусга борганимда шаҳарнинг 2010 йилда “Картография” илмий ишлаб чиқариш давлат корхонасида тузилган планига қараб дўстимнинг сўзлари ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Шаҳар жойлашган ҳудуд картада, ҳақиқатан ҳам, қуш ҳолатига ўхшарди. Бу қушнинг боши шаҳарнинг шимолий қисмидаги Толис овулига ёндош бўлса, унинг думи жанубий қисмидаги Кердерарна ва Дўстлик (аввалги Қизкетган) каналларининг Амударёдан сув оладиган соҳасига туташиб кетганди. Қушнинг оёқ қисми Беруний ва Халқобод йўналишларидан келадиган темир йўлларнинг шаҳар билан туташган нуқтасида бўлса, қанотлари Нукуснинг ғарбидаги Амударё ва Бўзтов канали соҳилларида ястаниб ётарди. Бу улуғвор қуш бир томони Қизилқум этакларидан, иккинчи томони Аму соҳилларидан қанотларини ёзиб кўкка парвоз қилишга шайланаётгандек эди. Унинг бу ҳолати нафақат Нукус шаҳрининг, балки бутун Қорақалпоғистон Республикасининг бугунги кундаги иқтисодий, ижтимоий, маънавий юксалиш, тараққиёт тимсоли эди.
Бу тимсолга айланган тараққиёт, юксалиш кўпроқ рақамларда ўзини намоён қилади. Шундай экан, келинг, баъзи рақамларга эътибор берайлик. Қорақалпоғистон республикасида 2017 йилнинг тўққиз ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 5 триллион 756 миллиард сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич олдинги йилнинг шу даврига нисбатан 105 фоизга тенг бўлган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4 триллион 226 миллиард сўмдан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш 1 триллион 459 миллиард сўмдан, чакана товар айланмаси 2 триллион 538 миллиард сўмдан ошиқ бўлган. Аҳолига тўққиз ой ичида 2 триллион 351 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган. Бу ишларнинг ҳаммаси 2016 йилнинг шу даврига нисбатан олганда 105-108 фоизга ошиғи билан бажарилган. Бошқача айтганда, Қорақалпоғистон иқтисодиёти 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида аввалги йилга нисбатан 5-6 фоизга ўсган. Ушбу кўрсаткичлар Оролбўйи региони аҳолисининг ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида фидокорлик билан меҳнат қилганини қўрсатади. Бу фидокорона меҳнат ва муваффақиятлар негизида эса мамлакатимиз Президенти томонидан ишлаб чиқилган бешта устувор йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда 2017 йил 18 январда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистоннинг келгуси тараққиёт йўллари тўғри белгилаб берилганлиги ётади.
Шимолда жойлашган республиканинг бой табиий захиралари, саноат корхоналари, фидойи ва меҳнаткаш халқи мамлакатимиз тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. Айниқса, кейинги йилларда бир неча ўнлаб йирик саноат корхоналари ва юзлаб кичик саноат объектларининг фаолияти туфайли ишлаб чиқариш қувватлари бир неча баровар юксалди. Маълумки, мамлакатимиз Президенти 2017 йилнинг 20-21 январида Қорақалпоғистонга ташриф буюрганди. Навбатдаги ташриф ўтган йилнинг 15-16 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари кейинги ташрифида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган ишлар ва келгусида амалга ошириладиган режалар билан танишди. Эътибор беринг, Президентнинг бу икки ташрифи оралиғида Оролбўйи ҳудудини комплекс ривожлантириш бўйича 2112 та лойиҳа амалга оширилган. Аксарият соҳаларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 11 мингга яқин иш ўринлари яратилган. Шу жумладан, саноатни ривожлантириш соҳасида 160 миллиард сўмлик 242 лойиҳа бажарилган. Қарийб 4 мингта иш ўрни юзага келган. Биргина Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукусдаги “Техник глобал”корхонасида “Samsung” номи билан 150 минг телевизор, Тўрткўлдаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна калава-ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Тасаввур қилинг, Қўнғирот сода заводи яқин келгусида йилига 200 минг тоннадан зиёд олий навли кальцийланган сода ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу эса заводни шу хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарадиган дунёдаги етакчи корхоналардан бирига айлантиради.
Шунингдек, яна бир йирик саноат корхонаси ҳисобланган “Титан цемент” масъулияти чекланган жамияти учун ҳам катта миқдорда инвестиция ажратилган. У тўла ишга тушганидан кейин йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Шоббоз обод цемент” қўшма корхонасига 900 минг доллар хорижий инвестиция киритилганидан кейин бу ерда йилига 100 минг тонна маҳсулот тайёрланади. Нукус шаҳридаги “Nukus Med Tex” корхонаси фармацевтика соҳасида маҳсулот чиқариш мўлжалланиб йирик саноат объекти сифатида қад ростламоқда. Корхона тўлиқ ишга тушгач йилига 275 миллион дона тиббий маҳсулот (шприц)лар етказиб берадиган бўлади. Яна бир йирик “Fubo Nukus” қўшма корхонасида эса қизилмия экстратини саноат асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз Президенти Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари пайтида бу ерда янги йирик саноат корхоналарини барпо этиш ва импорт орқали олинаётган маҳсулотларни маҳаллий асосда ишлаб чиқаришга эътиборни қаратган эди. Шу мақсадда Нукус шаҳрининг кунчиқар уфқида Полимер маҳсулотлари заводи қурилди. Бу заводда йилига 8 минг тонна полиэтилен қувур, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган бу корхонада 100 дан ортиқ одам фаолият юритади. Энг муҳими, завод маҳсулотлари учун хомашё Устюрт газ-кимё мажмуасидан келтирилади. Бу ҳам ҳудудий саноатнинг тараққиётига хизмат қилади. Президент ташаббуси билан ушбу масканда яна бир завод — Электр тармоғи маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ҳам қад ростламоқда. Бу заводда Япония, Швейцария, Италия каби мамлакатларда тайёрланган энг янги технологиялар ўрнатилмоқда. Шу асосда электр энергияси учун замонавий трансформаторлар, фото-электростанция деталлари, автоматик электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
— Нукусда саноатни ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбари бошлаган хайрли иш улуғ мақсадларга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Ерназар Кунназаров, — Энг аввало, аҳоли эҳтиёжи учун турли товарлар ишлаб чиқаришда, ҳаётимизни янада барқарор қилишда, хорижий ҳамкорликларимиз билан яқиндан алоқалар ўрнатишда кимё саноати ва энергетика тармоғининг ҳиссаси ошади. Иккала завод ҳам ана шу жараёнда муҳим ўрин тутади. Уларда тайёрланаётган маҳсулотлар иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида қўлланилиши, импорт ўрнини тўлдириши, айни пайтда экспортга йўналтирилиши билан алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Қолаверса, бу корхоналар атрофида ишчи-хизматчилар учун қанча турар жойлар, маиший хизмат уйлари, мактаблар, болалар тарбия муассасалари, спорт майдонлари, хиёбонлар барпо этилади. Нукуснинг янги бир даҳаси бўй кўрсатади. Буларнинг ҳаммаси халқимиз бахт-саодати учун хизмат қилади.
Дарвоқе, кейинги йилларда Қорақалпоғистонда бошқа соҳалар билан биргаликда қурилиш, бунёдкорлик борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Масалан, 2009-2016 йилларда ҳудуднинг 134 та қишлоғида намунавий лойиҳалар бўйича 3 минг 650 та уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳрида 34 та кўп қаватли уйлар барпо этилди. Бу уйларнинг биринчи қаватларида маиший хизмат кўрсатиш, савдо тармоқлари фаолият юритмоқда. Шаҳарда булардан ташқари замонавий амфитеатр, Ёшлар маркази, “Бахт уйи”, Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг яна иккита янги кўп қаватли кўргазмалар заллари, кўплаб спорт мажмуалари, турли ташкилотлар учун муҳташам иншоотлар қад ростлади. Шаҳарни қоқ иккига бўлиб ўтадиган Дўстлик каналининг икки соҳилига ҳам бетон қопламалар тўшалди. Ўнг соҳили бошдан-оёқ дам олиш масканлари, оромгоҳларга айлантирилди. Шаҳар бағри гўзал қиёфа касб этди. Нукусда замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида бунёдкорлик ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Бу борада Эрназар Олакўз кўчасида олиб борилаётган ишлар эътиборни тортади. Аввало, кўча кенгайтирилиши унда транспорт воситаларининг бемалол қатнаши учун қулайлик туғдиради. Кўчанинг икки тарафида бир неча ўнлаб кўп қаватли уйлар тикланади. Бундай уйлар шаҳарнинг бошқа кўчаларида, микрорайон ва даҳаларида ҳам барпо қилинади.
Умуман, 2017 йил Қорақалпоғистонда қурилиш ишлари учун 1 триллион 412 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфлаш кўзда тутилган эди. Ана шу маблағ тўла сарфланди. Демак, ана шу маблағга тенг миқдорда бунёдкорлик ишлари қилинди. Қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистонда ўтган йил давомида 14 та туманнинг 29 та массивида 962 та уй-жой қурилган. Шу билан бирга, аҳолининг арзон уй-жойларга бўлган истаклари ҳисобга олиниб яна 400 та уй-жой қуриш ишлари амалга оширилган. Булардан ташқари, ёш оилаларга уйлар қурилиши дастури доирасида Нукус шаҳрида 48 квартирали кўп қаватли иккита уй барпо этилди. Ҳарбий хизматчилар учун ипотека кредитлари асосида 36 хонадонли 2 та кўп қаватли уй тикланди. Уйларнинг, турар жойларнинг барчаси замонавий талаблар асосида, миллий меъморчиликнинг энг сўнгги ютуқлари қўлланилган ҳолда қурилди. Квартиралар катта, кенг айвонли, мусаффо ҳаволи, ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши кўзда тутилган. Барча уйларнинг, кўп қаватли турар жойларнинг атрофлари кўкаламзор қилинган, кексалар учун дам олиш масканлари, болалар учун ўйингоҳлар, спорт майдонлари яратилган.
Қорақалпоғистонда бунёдкорлик ишлари фақат ана шу ишлар доирасида чекланиб қолмаган. Бу ерда инвестиция дастурига мувофиқ 125 та ижтимоий соҳа объектлари қурилган, капитал реконструкция қилинган, мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган. Бунинг учун 107 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланган. Ана шулар орасида 38 та мактабда, 2 та тиббиёт муассасасида, 29 та мактабгача таълим муассасасида, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 11 та объектларида, 22 та сув таъминоти объектларида ва 41 та бошқа йўналишлардаги корхоналарда қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция ишлари олиб борилган.
— Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиб, эстетик дунёқараши, ижодкорлик қудратини намоён этишга имкон берилса, у гўзаллик яратувчи улуғвор кучга айланади. Бу ҳолат қурилиш, бунёдкорлик жараёнида ҳам ифодасини топмоқда, — дейди Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган архитектор Ўринбой Тўраниёзов. — Бундан 50-60 йил илгари қурилган уйлар, бинолар билан бугунги иморатларга бир назар ташланг. Жуда катта фарқни кўрасиз. Авваллари яшаш учун ярайдиган, бошпана вазифасини ўтайдиган бинолар қурилган бўлса, эндиликда иморатлар, иншоотлар муҳташам, улуғвор, гўзал, миллий кўринишда, барча қулайликларга эга тарзда, бир сўз билан айтганда, юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод қилиш, халқимизнинг бахтли яшашини таъминлаш учун бунёд этилмоқда. Бунёдкорлик юртимизга ободлик, кўркамлик, гўзалликни ҳам олиб келди. Эътибор беринг, Президентимиз Қорақалпоғистонга келганда Хўжайли шаҳрида 40 та кўп қаватли турар жой биноси барпо этишни таклиф этди. Замонавий ва миллий асосдаги бу уйлар қурилганидан кейин бу шаҳарнинг янги қиёфасини кўз олдингизга келтиринг. Ёхуд давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Нукус шаҳрида тикланган Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, “Мурувват” аёллар интернат уйи, Ўлкашунослик музейи, Элликқалъа туманидаги янги мактаб ва бошқа муҳташам иншоотларни бир тасаввур этинг. Улар юртимизнинг келгуси обод, гўзал қиёфасининг намуналари эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Оролбўйи регионида 2017 йил давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида 687 та янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган. Умуман, республикада салкам 240 минг гектар ерга деҳқончилик экинлари экилган. Улардан олинган ялпи маҳсулотлар ҳажми 1 триллион 472 миллиард сўмдан ошган. Шундан асосий қисмини пахта, шоли ва озуқа экинлари ташкил этади.
Яна бир янгилик. Хўжайли туманида Агросаноат маркази барпо этилмоқда. Марказ қурилишини бориб кўрган давлатимиз раҳбари амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берганди. 2018 йилда тўла ишга туширилиши режалаштирилаётган бу мажмуа 15,3 гектардан ошиқ майдонда жойлашган. Бу ерда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бинолари, шу билан бирга, терминал, юк тушириш, ортиш майдони, музхона, иссиқхона, божхона, ангар, меҳмонхона, овқатланиш муассасаси, спорт мажмуаси каби иншоотлар барпо этилмоқда. Ушбу агросаноат мажмуаси республика аҳолисини қишин-ёзин мева ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашга ҳамда хорижий ўлкаларга экспортга жўнатишга хизмат қилади. Бундай марказлар минтақада келгусида кўплаб ишга туширилади.
Қорақалпоғистонда экологик аҳвол мураккаблигини дунё ҳамжамияти яхши билади. Шунинг учун ўтган йиллар мобайнида Орол денгизини ҳимоя қиладиган, уни қутқарадиган, сув билан тўлдирадиган кўплаб халқаро ташкилотлардан тортиб нодавлат ташкилотларигача пайдо бўлди. Уларнинг фаолияти натижасида кўплаб қонунлар, қарорлар қабул қилинди. Аммо денгиз сув билан эмас, қоғозбозликлар билан тўлдирилди. Аҳвол эса маълум. Кейинги йилларда Орол денгизининг сатҳи 15 баравардан ортиқ камайди. Денгиз сувининг шўрланиш даражаси 25 мартадан ошди. Оролнинг қуриган қисми ўрнида 5,5 миллион гектар майдондан иборат заҳарли ва тузли пестицидлардан иборат Оролқум ҳосил бўлди. Булар эса денгиз бағрида яшайдиган мавжудотларнинг, денгиз атрофидаги ҳайвонлар, ўсимликларнинг камайиб кетишига олиб келди. Шу сабабли Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи пайтида асосий эътиборни денгиз ҳалокатининг жабрини кўп тортаётганлардан бири — Мўйноқ тумани аҳолисининг ҳаётини яхшилашга қаратди. Натижада “2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, бу ерда 72 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Бугунги кунда шулардан аксарият қисми амалга оширилди.
— Энг муҳими, Мўйноқ яқинида, аввалги Орол денгизи ҳудудида кўллар яратилди. Кўлларда яна балиқлар пайдо бўлди. Кўллар атрофларида “Яшил қалқон — ишончли ҳимоя” шиори остида атроф-муҳитни, наботат оламини яхшилашга, дов-дарахт, ўсимликларни кўпайтиришга эътибор берилди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, фермер Сарсенбой Сейитназаров. — Янги корхоналар очилмоқда. Тадбиркорлар фаолият юрита бошлашди. Кўллар яқинида шифобахш минералларга бой балчиқда даволаш учун оромгоҳлар ва сиҳатгоҳлар қурилмоқда. Туман ўлкашунослик музейи қайта таъмирланди. Ёшлар ва сайёҳлар учун салкам 20 метрлик “Мўйноқ маёғи” барпо этилди. 101 километр узунликдаги Қўнғирот — Мўйноқ тоза ичимлик сув тармоғи ишга туширилди. Натижада 25 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бир сўз билан айтганда, Мўйноқда, бир пайтлар ҳувиллаб қолган масканда ҳаёт яна қайнамоқда.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш Оролбўйи регионида энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ахир халқни тоза ичимлик суви билан таъминламасдан туриб, унинг саломатлигини тиклаб бўладими? Шу сабабли давлатимиз раҳбари “Қорақалпоғистонда табиий шароитни яхшилаш учун, биринчи навбатда, сув, ичимлик суви таъминоти туриши керак”, деган масалани қўйди. Шунинг учун ҳозирги кунда инвестиция дастурига кўра Нукус шаҳри аҳолисига салкам 56 километрлик, Беруний туманига 27,4 километрлик тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 48 мингдан ортиқ одамнинг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Худди шундай аҳвол келгусида республиканинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилади. Булар қорақалпоғистонликларнинг келгуси кунга умидларигина эмас, бахтли келажакка чинакам ишончлари ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойидаги ташрифи пайтида Қорақалпоғистон Республикасининг кейинги йилларда истиқболига йўл очиб берадиган режалар ҳам белгиланди. Хусусан, бу ўлкадаги темир рудаси захирасига бой бўлган Тебинбулоқ конини ўзлаштиришга эътибор қаратилди. Агар бу кон ўзлаштирилса, 2020 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда самарасиз фойдаланилаётган объектлар негизида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этиш мўлжалланган. Улардаги объектлар 5 йил муддатга тадбиркорларга кейинчалик мулк ҳуқуқини расмийлаштириш шарти билан бепул берилиши кўзда тутилган.
Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасида бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу йўналишда 140 километр каналлар, 63 гидротехник иншоотлар реконструкция қилинади. 60 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. 246 километрдан ортиқ коллекторларни қуриш, 3 минг 735 километрлик коллекторларни таъмирлаш, қайта тиклаш ишлари амалга оширилади. Натижада 89 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Тўрткўл туманида Шўрбулоқ сув омбори барпо этиш режалаштирилмоқда.
Умуман, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўм бўлган 1300 тадан ортиқ лойиҳалар амалга оширилади. Бу эса яна 10 мингдан зиёд иш ўрни юзага келишига хизмат қилади.
Нукусга келганимда қорақалпоқ шоири Бахтиёр Генжамуродовдан “Сўнгги йилларда шаҳарда қўлга киритилган энг катта ютуқлардан бири нима?” деб сўрадим. У бироз ўйлаб турди-да “Энг катта ютуқ шаҳарда дарахт кўкартириш ва гулларни ундириш бўлди. Илгари бу ерда бир гиёҳ ҳам унмасди. Энди эса атрофга қаранг, шаҳар бағрида турфа дарахтлар кўкка бўй чўзмоқда, гулзорлар, гулларга тўла хиёбонлар, майдонлар баҳри дилингизни очади, уйлар, иморатлар, иншоотлар атрофлари обод, кўкаламзор масканларга айлантирилган. Бу яратувчиликлар, бунёдкорликлар халқимизнинг ўз қўли билан яратилмоқда”, деди. Шоир ҳақ! Бугун Нукус янада гуллаб-яшнамоқда. Қорақалпоғистон улуғвор бунёдкорликлар қўйнида яшамоқда. Уларнинг тимсолига айланган нурли қушнинг парвози эса, албатта, юксак бўлади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Газета — халқ минбари. Биз халқ депутатлари туман Кенгаши депутатининг мақоласини чоп этдик. ...
01 янв 1970
Депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
01 янв 1970
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. ...
01 янв 1970
Вилоят ҳудуди икки томони тоғлар билан ўралган, ўртаси текисликдан иборат узун йўлакни эслатади. ...