Иситмаси ошкор қилди

/
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди.
Улар орасидаги Ирода Қурбонова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) эса негадир тинимсиз безовталанарди. Қўлидаги аёллар курткасини бир қарасанг эгнига кияр, сал ўтмай исиб кетганиданми, яна ечиб қўлига олар. Хуллас, борган сайин тоқатсизланарди.

Ниҳоят божхона ўтиш йўлагидаги навбат тугаб, унинг гали келди. Ирода багажлари ортилган аравани сурганча, назорат-рентген аппарати ёнига келди. Аппаратнинг ҳаракатланувчан лентасига бирин-кетин багажларини қўя бошлади. Халақит берди чоғи, қўлидаги курткасини арава тутқичига илиб қўйди. Сўнгра йўловчи божхона декларацияси ва паспортини божхона ходимига узатди.
Ҳужжатлар билан танишар экан, божхона ходими одатдаги саволи билан мурожаат қилди:
— Ёнингизда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ёки олиб ўтиш тақиқланган товарлар йўқми?
Ирода шоша-пиша “йўқ” деб жавоб қайтарди. Багажларнинг назорат-рентген аппарати экранидаги тасвири “тоза” чиқди. Божхона ходими Ироданинг кўзига синчковлик билан тикилар экан, аёл ундан нигоҳини олиб қочди. Ҳа, нимасидир шубҳали эди унинг.
Шу пайт божхона ходимининг багаж тутқичига илинган курткага кўзи тушди. Аввалига ҳайрон қолди, иссиқ кунда курткага нима ҳожат бор? Кейин эса тушуниб етди.
— Курткангизни нега назорат-рентген аппаратига қўймадингиз? Қани, қўйинг-чи?
Ироданинг устидан бир челак муздек сув қўйилгандек бўлди. Ҳа, ҳаммаси бир зумда барбод бўлди. Қўллари бўшашганча, курткасини аппарат лентаси устига қўйди. Экранда эса шубҳали тасвирлар бирин-кетин акс эта бошлади. Куртка чўнтакларида нимадир борлиги яққол кўриниб турарди.
Буёғи одатдагидек давом этди. Бир зумда холислар чақирилди. Куртка уларнинг иштирокида кўздан кечирилганида, унинг чўнтакларига бир нечта полиэтилен ўрамлар жойлангани аниқланди.
Ўрамлар очиб кўрилганда Ирода Қурбонова томонидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, умумий оғирлиги 2,5 килограммдан ортиқ тилла тақинчоқлар яширилганлиги аниқланди.
Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринган аёл ушбу найранги орқали 254 жуфт зирак, 253 дона узук, 26 дона кулон, 19 дона занжир ва 3 дона билагузукларни республикамизга яширинча олиб киришга уринган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тилла буюмларнинг умумий қиймати тахминан 564 миллион сўмдан ошар экан.
Тилла тақинчоқларнинг ҳисобини олиш учун заргарлик буюмлари стол устига бирма-бир териб чиқилаётган пайтда вазиятни кузатиб турган Ирода аввалига оғир хўрсина бошлади. Кўзидан шашқатор ёш томар экан, у эндигина қилиб қўйган ишининг аввалбошдан нотўғри бўлганлигини англай бошлади. Аммо, энди кеч эди. Зеро, сўнгги пушаймон – ўзингга душман, деб бежиз айтишмаган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
“Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати катта инспектори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Республикамизда 4 декабрда бўлажак сайлов бугунги кунда фуқароларимизнинг диққат марказида турган ҳаётий ва долзарб масала саналади....