ЮРТИМ, ҲАР КУНИНГ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

/
Боғу бўстон сайрига чиқ, гулъузор, келмиш баҳор,
Айлабон минг-минг тароват ошкор, келмиш баҳор.
Даштга файзу боғу бўстонларга ҳам зийнат бериб,
Бу жаҳонни қилмиш жаннатмонанд, келмиш баҳор.
Кўрки дарё мавжида абри баҳордан бир нишон,
Айламиш боғу чаманга дур нисор, келмиш баҳор.

Шарқнинг улуғ шоирларидан бири Муҳаммад Ризо Огаҳий баҳорнинг юртимизга кириб келишини ана шундай таърифлаган эди. Бугун ҳам баҳорнинг ўлкамизга ташрифида улуғ шоир тилга олган гўзалликлар, кўркамликлар, жаннатмонанд яратувчиликлар, янгиланишлар намоён бўлмоқда. Табиийки, юртимизда баҳорнинг ташрифи, аввало, табиат қўйнидан бошланади. Қишнинг рутубатлари, аёзли ялдо тунлари, аччиқ совуқлари барҳам топиб, қуёш нурларида заминга тафт берувчи илиқлик пайдо бўлади. Табиат қўйнида ажиб бир ҳалимлик уйғонади. Еллар эсиб, борлиқ абри найсонлар суйидан баҳра олади. Чучмомалар, майсалар бўй кўрсатиб, дов-дарахтларга яшиллик ина бошлайди. Ариқларда сувлар шилдираши қулоққа чалинди.
Даштларга, яйловларга, далаларга файз киради, боғлар яшилланади, саҳролар, тоғлар, ўнгирларда кўклам нафаси кеза бошлайди. Баҳор юртимизга ана шундай уйғоқликни, яшаришни, гўзалликни олиб киради.
Бугун табиат бағридаги уйғониш одамлар қалбига ҳам кўчмоқда. Оилаларда, кўча-куйларда, маҳаллаларда, қишлоқ ва шаҳарларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалаш, орасталик ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар охир-оқибат умумхалқ ҳашарига айланиб кетади. Ушбу ҳолат юртдаги ободлик, ҳақиқатан ҳам, кўнгиллардан бошланишини кўрсатади. Айни пайтда, бу йилги баҳорий ўзгаришлар фақат табиат бағрида, одамлар қалбидагина эмас, республикамизнинг ижтимоий ҳаётида ҳам кўплаб яратувчиликларга, янгиланишларга ва бунёдкорликларга ҳамоҳанг эканлиги кўзга ташланади. Бу яратувчиликлар, бунёдкорликлар мамлакатимиз раҳбарининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган улуғвор ишларнинг амалга оширилишида, вилоятларда эркин иқтисодий зоналарнинг, бир неча ўнлаб йирик саноат, қишлоқ хўжалиги агромажмуаларининг, янги қўшма корхоналарнинг ташкил этилишида, илм-фан соҳасини дунё талаблари даражасида юксалтириш учун ҳаракатларда, янги технологияларни ҳаётга татбиқ этишда, аждодларимиз меросини тадқиқ қилишда, сайёҳлик тизимини юксалтиришда ва бошқа кўплаб амалий жараёнларда ифодасини топмоқда. Бундан ташқари, Президентимизнинг жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларига ташрифи нафақат бу ҳудудлар фаолиятида, балки мамлакатимиз ички ижтимоий ҳаётида чинакам баҳорий ўзгаришларни бошлаб берган бўлса, кейинги икки йил давомида Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон билан дўстлик ва иқтисодий ҳамкорликларнинг янги босқичга кўтарилиши, Қирғизистон ва Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларининг ўрнатилиши, асрлар давомида хизмат қилиб келган дўстлик, ҳамкорлик йўлларининг қайтадан очилиши республикамизнинг ташқи ижтимоий ҳаётида баҳорий янгиланишларнинг, яратувчиликларнинг бўй кўрсатаётганидан дарак беради. Бошқача айтганда, булар юртимизда баҳор фаслида табиат ва жамиятдаги, халқимиз қалбидаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар ўзаро уйғунлашган ҳолда янгидан намоён бўлаётганини кўрсатади.
Баҳор юртимизда тантаналар, байрамлар, шодиёналар фасли сифатида эътироф этилади. Эътибор беринг, 1 март баҳорнинг илк куни саналади. Шу билан бирга бу сана атоқли ўзбек шоири Зулфияхоним таваллуд топган кун сифатида ҳам нишонланади. Шу сабабли бу кун нафақат баҳор айёмига, балки адабиёт, маънавият байрамига ҳам айланади. Бу йил ушбу байрамнинг шукуҳи янада бошқача кечди. Маълумки, ҳар йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти мамлакатимиздаги турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган энг иқтидорли 14 нафар қизга бериларди. Бу йил эса ана шундай энг иқтидорли қизлардан 28 нафари ушбу мукофотга сазовор бўлишди. 8 март хотин-қизларнинг, оналар ва опа-сингилларнинг байрами сифатида улуғланади. Бу байрамни ўтказиш ҳам аввалги йилларга нисбатан бошқача кечди. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида юксак натижаларга эришган хотин-қизлардан бир гуруҳи давлатимизнинг орден ва медалларига сазовор бўлдилар. Уларни тақдирлаш маросими байрамга уланиб кетди.
Баҳорнинг энг нуфузли байрамларидан бири, шубҳасиз, Наврўз! Шарқ халқлари томонидан янги йил сифатида улуғланадиган Наврўз мамлакатимизда энг азиз миллий байрам деб эҳтиром қилинади. Ҳамалнинг биринчи куни, баҳорий тенг кунлик деб аталадиган Янги кун — Наврўзни халқимиз неча минг йиллардан бери улуғ шодиёна тарзида нишонлаб келган. Унинг қадимийлигига кекса тарих гувоҳ. Улуғ муаррих Абу Бакр Муҳаммад ан-Наршахий “Бухоро тарихи” асарида Варахша қалъаси ҳақида сўз юритганда бундай деб ёзади: “Бу ерда ҳар ўн беш кунда бир кун бозор бўлади, йилнинг охирида эса одамлар йигирма кун бозор қилиб, йигирма биринчи куни Наврўз — янги йил байрамини ўтказадилар. Буни “Наврўзи кишоварзон” — “Деҳқонлар наврўзи” дейдилар. Бухоро деҳқонлари (йил кунлари) ҳисобини ўша кундан бошлайдилар ва бунга эътибор берадилар. Оташпарастларнинг наврўзи ундан беш кун кейин келади”. Бошқа бир тарихчи Абул Ҳасан Нишопурий “Хазоин ул-улум” асарида оташпарастлар (зардуштийлар) наврўзи ҳақида шундай маълумот беради: “Сиёвуш ибн Кайковус ўз отасидан қочиб, Жайхун дарёсидан ўтиб, Афросиёбнинг олдига келди. Афросиёб уни яхши қабул этди ва ўз қизини унга хотинликка бериб, айтишларича, барча мулкини ҳам унга топширди. Бу вилоят ўзига вақтинча берилиб қўйилган жой эканлиги туфайли Сиёвуш бу ерда ўзидан бир ёдгорлик қолдиришни истади. Шундай қилиб, у Бухоро ҳисорини бино қилдирди. Кимлардир у билан Афросиёб ўртасида ёмон гап юргизди ва натижада Афросиёб уни ўлдирди ҳамда ана шу ҳисорда шарқий дарвозадан кираверишда “Дарвозайи ғуриён” деб аталган сомонфурушлар дарвозасининг ичкарисига дафн этдилар. Шу сабабли Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутадилар ва унга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўяди. Бухоро аҳолисининг Сиёвуш ўлдирилишига бағишлаб айтган марсиялари бўлиб, у барча вилоятларда машҳурдир. Қўшиқчилар уни “оташпарастлар йиғиси” дейдилар. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди”.
Бу маълумотлар Наврўз байрамининг нафақат қадимийлигини, унинг туб негизлари юртимиз билан боғлиқлигини ҳам исботлайди. Наврўз қандай замон ва қандай даврон бўлишига қарамай, юртимизда кимлар ҳукмрон бўлмасин, барча даврларда буюк қадрият сифатида улуғланиб келган. Юртимизга босқинлар ва тақиқлар ҳам уни халқимиз қалбидан ўчира олмаган. Шу сабабли ҳам бу байрам биз учун ҳаёт абадийлигини, табиатнинг устувор қудратини ва саховатини, минглаб йиллик қадриятларимизни, аждодларимизнинг ўлмас мероси бўлган урф-одатларимизни ифодаловчи байрам сифатида яшаб келмоқда. Бу байрамнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, халқимизга, миллатимизга хос юксак инсонийлик, меҳр-мурувват, оқибат, қадр-қиммат, саховатпешалик, бағрикенглик, самимийлик каби олижаноб қадриятлар асарлар оша ўтиб, сайқалланиб, янгича маъно касб этиб, яшаб келмоқда. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин бу байрамнинг шукуҳи янада ошди. Ҳар йили бу байрамни нишонлаш билан боғлиқ равишда давлатимиз раҳбарининг қарори эълон қилиниши бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу йилги байрамга тайёргарликни бошлаб берди. Қарорда Наврўз кунларида инсоннинг табиат билан узвийлигини, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирлар уюштириш, байрам руҳи ва фалсафасида аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик, тотувлик, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, кўмакка муҳтож одамларга беғараз ёрдам бериш, янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз айёмида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, байрам билан боғлиқ қадриятларни матбуотда кенг ёритиш ва бошқа шу каби ишларни амалга ошириш белгиланган. Қарорга кўра, бу йилги Наврўз шодиёналари “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” ғояси асосида ўтказиладиган бўлди. Шунингдек, ушбу байрам бу йил олдинги йиллардагига нисбатан кенгроқ ва кўпроқ доирада ўтказилиши режалаштирилди. Байрам муносабати билан беш кунлик дам олиш кунлари белгиланди. Республикамиз миқёсида аҳолининг дам олиши, сайру сайёҳатлари учун темир йўл ва авиачипталар нархлари арзонлаштирилди. Дам олиш масканлари, парклар, боғлар халқимизга хизмат қилиши учун шай этилди. Байрам учун барча шароитлар яратилди. Бир сўз билан айтганда, қарор халқимизнинг юксак қадриятларига эҳтиромнинг ифодаси бўлди.
Наврўзни халқимиз қадим-қадимдан фақат янги кун, янги йил шодиёнаси сифатида нишонлаш билан чекланиб қолмаган. Бу кун келгуси ҳаётнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар учун янги даврнинг бошланиши деб қаралган. Шу сабабли улуғ аждодларимиз янги кун, янги йилнинг қандай кириб келиши, қай тарзда бошланишига қараб йил давомида деҳқончилик, чорвачилик, тижорат, халқлар ўртасида ҳамкорликлар ва умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълум хулосаларини ёзиб қолдирганлар. Шу асосда “Солнома”, “Наврўзнома”, “Меърожнома” каби асарларни битганлар. Жумладан, улуғ аллома Ҳаким ат-Термизий ўзининг “Наврўзнома” асарининг юзага келиши ҳақида шундай ёзади: “Аллоҳу таоло менга юз йигирма йил умр берди. Унинг кўпини илми нужум ва ҳикматга сарф этдим. Замон ўзгариши ва кунларнинг ўтишидан кўп тажрибалар ҳосил қилдим. Осмон ва юлдузлар, сайёра ва ёритқичларни ҳар қайсисини чиқиш вақтининг ва ботиш вақтининг қайси фалакда туриши, қайси буржда ва қайси вақтда чиқиб, қайси вақтда ботиши, қайси нарсага далолат қилиши, қайси нарсани тарбият қилиши, қайси нарсага яхши ва қайси нарсага ёмон бўлишини яхши тажриба қилдим. Кўп машаққатлар тортиб Наврўзи олам янги бўлиши бирлан шу йил ичинда бўладирган нарсаларнинг аломатларидан фаҳм қилиб, аҳволлардан хабар берур эрдим. То илми нужумни бир ҳафтага келтурдим ва ҳар кунни аҳволи нечук бўларини топдим. Тажриба қилиб ушбу китобни ёздим”.
Улуғ аллома мазкур китобида тажрибаларига асосланиб Наврўз ҳафтанинг чоршанба куни кириб келиши хусусида тўхталиб, “Агар Наврўзи олам чоршанба куни дохил бўлса, Аторуд (Меркурий)га тааллуқли бўлғай. Юртда фараҳлик ва маъмурлик бўлғай. Қурт-қумурсқалар кўпайгай. Савдо-сотиқ, тижорат ишлари ниҳоятда авж бўлғай. Халойиқлар орасида дўстлик, ҳамкорликлар маҳкам бўлғай”, деб ёзади. Агар бу йил юртимизга Наврўз чоршанба куни кириб келишини эътиборга оладиган бўлсак, улуғ ватандошимизнинг 1200 йил нарида туриб айтган бу сўзлари, бу башоратлари юртимиз учун ижобат бўлғай, деймиз. Бу йилги баҳор ва Наврўз ўлкамизга, халқимизга қут-барака, тўқин-сочинлик, омонлик, тинчлик, фарахбахш ҳаёт олиб келишини тилаймиз.
Улуғ айём арафасида қалбларимизда улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг гўзал байти такрорланади:
Зулфу рухсор ила коминга мени еткурсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз.

Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сафдошимиз мазкур танловда “Ижтимоий шериклик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун” номинацияси ғолиби бўлди....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Бугун юртимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, у ердаги улкан ўзгаришлар, энг муҳташам ва энг кўркам мактаб, лицей, коллежлар, маданият ва спорт мас...