Инновацион ғоялар амалда

/
Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида Х инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида инновацион ғояларнинг тақдимот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари орасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялари агентлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, вилоят ҳокимлиги кабилар бор эди. Иштирокчилар сафида эса корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда мутахассислари, тадбиркорлар, фермерлар, тижорат банклари ходимлари кўпчиликни ташкил этди.
— Кўргазманинг бу сафарги кўлами кенг бўлди, — дейди Наманган давлат университети ректори, халқ депутати Наманган вилояти Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Абдусалом Умаров. — Буни илмий муассасалар ва марказлар билан ишлаб чиқариш вакиллари ўртасида қиймати 2 миллиард сўмликдан ортиқни ташкил этувчи қирқдан зиёд шартнома имзолангани кўрсатиб турибди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида ўнлаб келишувларга эришилди. Университетимиз олимлари ва тадқиқотчиларининг қатор ишланмалари ҳам иштирокчиларнинг диққат марказида бўлгани бизни қувонтиради.
Шу ўринда ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг пойтахтдаги ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги бир қатор илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, илмий-ишлаб чиқариш ва конструкторлик марказлари фаол иштирок этганини қайд этиш лозим. Тадбир қатнашчилари мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, соҳада эришилган ютуқларни, инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш орқали иқтисодиётни тараққий эттиришга алоҳида эътибор берилаётгани қайд этилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг етакчи илм-фан намояндалари билан шу йил бошида ўтказган учрашувида давр илм-фанни янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини, бусиз ҳозирги пайтда жамият олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этиш амри маҳол эканлиги ҳақида таъкидлаган сўзлари олимлар зиммасига катта масъулият юклаганини англатади.
Тадбир қатнашчиларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази, Биоорганик кимё, Микробиология институтлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат аграр университети, Наманган муҳандислик-технология ҳамда муҳандислик-педагогика, Андижон қишлоқ хўжалиги институтлари, Наманган ва Фарғона давлат университетлари ташкил этган экспозициялар катта таассурот қолдирди. Улар маҳаллий хомашё асосида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тежамкор технологиялар, муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат ва бинокорлик материаллари саноати, чиқиндиларни қайта ишлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш каби йўналишлардаги лойиҳаларни намойиш этдилар.
Масалан, Наманган муҳандислик-педагогика институти олимлари яратган янгиликлардан бири йўллар қуриш ва таъмирлаш технологиясини янада такомиллаштиришга кўмаклашади. Улар ишлаб чиққан технология асосида олинган композицион мастика бетон ва асфальт-бетон қопламалардаги чок ва ёриқларни мустаҳкам силлиқлаш имконини беради. Шунингдек, у иссиққа ва совуққа чидамлилиги билан ажралиб туради ва импорт ўрнини босувчи материал ҳисобланади. Шунингдек, мазкур олий ўқув юрти тадқиқотчилари томонидан таклиф этилган бетонга иссиқлик ёрдамида ишлов бериш услуби мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
Наманган давлат университети олимлари ва тадқиқотчилари намойиш этган ишланмалар ҳам ўзининг кенг кўламга эгалиги, турли йўналишларни қамраб олгани билан жуда маъқул тушди. Мисол учун, вилоят корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ва хизматлар каталогини яратиш лойиҳасини олсак, у нафақат мамлакатимизда, балки чет эллардаги иқтисодий ҳамкорларда ҳам қизиқиш уйғотиши турган гап. Ўзбекистон ҳудуди учун электрон йўлбошловчи сайт яратиш ғояси ҳам қайсидир жиҳатдан юқоридаги изланиш мавзусига ҳамоҳанг. У мамлакатимизга келадиган сайёҳлар, қолаверса, сармоялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Партиядошларимизнинг фикрича, бундай кўргазмаларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг инновацион технологияларни ривожлантиришга қаратилган дастурий мақсадлари тараққиёт ва ҳаёт талабларидан келиб чиқиб белгиланганини яна бир бор англаймиз.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасига яхлит назар ташласак, унда белгила...
01 янв 1970
Шу йилнинг 14 июнь куни эрталаб Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ичида ўнга яқин кўринишидан зиёлинома аёлларнинг ўт юлиб, а...
01 янв 1970
Шарқнинг улуғ шоирларидан бири Муҳаммад Ризо Огаҳий баҳорнинг юртимизга кириб келишини ана шундай таърифлаган эди....
01 янв 1970
Бугунги озод ва обод турмушнинг рангин манзараларини ўз кўзларим билан кўриш бахти менга насиб этмаган, — дейди Мардон бобо Маматқулов....