Бегонага қолмасин, деб... асл бойлик фарзанд эканини унутманг

/
Касбим туфайли турли оилавий муаммоларга аралашишимга тўғри келади. Яқинда ҳузуримга келган аёл афсус оҳангида гап бошлади.
— Узоқ вилоятда опам ва синглим яшашади, — деди у ўзини таништиргач. — Синглим ўтган йили Феруза опамнинг 17 ёшли қизини келин қилганди. Рости, опам аввалига бунга қарши бўлди. Аммо синглим “Ўғлим ёлғиз фарзанд бўлса, халқ орасида қўйнингдан тўкилса қўнжингга, деган гап бор. Опамнинг қизини келин қилсам, бунинг нимаси ёмон? Қолаверса, шунча йиққан-терганларим етти ёт бегонага қолишини хоҳламайман”, дея оёқ тираб туриб олди.

Шу боис опам ноилож розилик берганди. Йигирма кунча аввал жияним Дилнавознинг кўзи ёриди. Лекин чақалоқ ногирон туғилибди. Оқибатда синглим айбни ўзидан қидириш ўрнига “Менга ногирон набира керак эмас”, деб келинини уйдан ҳайдабди. Дилнавоз онасининг уйига қайтиб боришга ботинмай, меникига келибди. Энди нима қилишга ҳайронман. Сиз нима маслаҳат берасиз?
Албатта, биз опа-сингил қудаларга бамаслаҳат иш тутишлари лозимлигини, акс ҳолда, келин жаҳл устида бирор хатога йўл қўйиши мумкинлигини тушунтирдик. Қолаверса, норасида гўдакда ҳеч қандай гуноҳ йўқлигини ҳам уқтирдик.
Афсуски, юқоридаги каби нохуш ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлувчи эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳамон учраб турибди. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қайд этилган бўлиб, улардан бири насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасидаги никоҳдир. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ногирон, майиб-мажруҳ фарзанд туғилган оила мустаҳкам бўладими?
Маълумки, оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлиги, ота-онанинг масъулияти, қолаверса, фарзандларнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбияланишига боғлиқ. Бунинг учун юртимизда барча ҳуқуқий асослар яратилган. 2003 йил 25 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори, Президентимизнинг 2008 йил 18 июндаги “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳуқуқий тарғибот ишлари кенг олиб борилмоқда. Тушунтиришлар натижасида эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, бундай хатоликка йўл қўймаслик кераклигини кўпчилик англаб етмоқда.
Лекин минг афсуски, айрим опа-сингилларимиз оқибатини ўйламай, бўлмағур орзу-ҳавасларини деб фарзандининг тақдирини чигал муаммоларга дуч қилиб қўйишмоқда. Негаки, турмуш қурган яқин қариндошларнинг фарзанди аксарият ҳолларда ногирон туғилиши фан ва тиббиётда аллақачон исботланган. Қолаверса, эрта турмуш қурган, яъни 20 ёшгача бўлган оналардан туғилган болаларнинг соғлиғида муаммолар бўлиши 20-29 ёшдаги оналардан туғилган болаларга нисбатан кўпроқ кузатилади.
Чуст туман ФҲДЁ бўлими томонидан туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, таълим муассасалари билан ҳамкорликда олиб бораётган кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот тадбирларимизда ота-оналарга, ёшларга, айниқса, бўлажак қудаларга эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларини тушунтиришга ҳамда шу орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Натижада эрта никоҳлар, ёлғиз она аризаси асосида туғилишни қайд этиш ҳолатлари камаймоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, биз барча оилаларда фарзанднинг соғлом дунёга келишини истаймиз ва тарғибот тадбирларида буни чуқур тушунтиришга интиламиз. Аслида бу ҳар бир ота-онанинг ҳам истаги саналади. Шундай экан, ота-оналар, бўлғуси келин-куёвлар турмуш қуриш учун мақбул ёш, никоҳдан аввалги тиббий кўрик масалаларига жиддий эътибор қаратишлари зарур.
Нодира ЖАЛОЛОВА,
Чуст туман ФҲДЁ бўлими мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах шаҳрида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасида анъанавий “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг республ...
01 янв 1970
Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон....
01 янв 1970
Ҳа, дунёда касблар кўп. Ҳар касбнинг фақат ўзига хос хусусиятлари, жиҳатлари бор.
01 янв 1970
Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов бошчилигида вилоят фаоллари қарши олди....