Тўйнинг тўйлигини бузмайлик

/
Халқимизда “Илоҳим қўша қаринглар, эл-юрт олдига дастурхон ёзиш насиб қилсин, топганларинг тўйларингга буюрсин, невара-эварали бўлинглар, бошларинг тўйдан чиқмасин” деган улуғ ниятли иборалар бор. Улуғлиги шундаки, тўй — тинчлик, маъмурчилик, фаровонлик белгиси. Яъни тўй-томошасига қараб, у ёки бу мамлакатда одамлар қандай яшаётгани, у ёки бу миллатнинг кундалик ҳаётини, турмуш тарзини тасаввур қилиш мумкин. Одамлар оила қуриб яшай бошлаганларидан бери тўй-маросимлар такомил топиб келади. Жамият ривожланар экан, инсоннинг маънавий эҳтиёжи, орзу-ҳаваслари ҳам ошиб боради. Тўй мисолида айтадиган бўлсак, бу маросим шукроналик, эл олдига дастурхон ёзиш, элнинг дуосига мушарраф бўлиш демакдир.
Ният қилишнинг ёмон жойи йўқ. Аммо уни ким қандай тушунади? Доно ҳалқ ҳеч қачон “Нима топсанг тўйга сарфла, отингни сот, молингни сот — тўй қил, йиллар давомида емай-ичмай тўплаганингни бир кунда харжла, маҳаллада дув-дув гап бўладиган тўйлар қилиб, обрў ол, ҳамманинг оғзини очиб қўй”, демайди. Нима деса, юртнинг тинчлиги, турмушнинг фаровонлиги, ҳалол меҳнат билан топилган даромадни ўйлаб, ақл-идрок билан сарфлаш тўғрисида гапиради. Тўй — шу ижобий ҳолатларни акс эттирувчи бир маросим.
Таассуфки, тўйбозлик, мантиқсиз дабдаба, намойишкорона кибр, “бел”нинг бақувватлигини кўз-кўз қилувчи манманлик ҳақида қанча кўп гапирилмасин, қанча ёзилмасин, тегишли тадбирлар белгиланмасин, кутилган натижадан дарак йўқ. Тўғри, тўйни ихчамлаштириб, олди-бердиларни камайтириб, маросимларни маҳалла билан бамаслаҳат ўтказаётган, қудалар билан келишиб иш тутаётганлар ҳам кўп. Бундан кўпчилик хурсанд. Аммо “қўли узун” одамлар шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам “Ё донғим чиқсин, ё чангим” дегандай, тўйни мантиқсиз мусобақага айлантириш, тўйдан тўйга ажабтовур “маросим”ларни ўйлаб топишда давом этмоқдалар. ўашга тегадигани шуки, кимгадир “Бу янги одатни ким чиқарди, бу бемазагарчилик қаердан келиб қолди?” десангиз, оғзингизга ургудек қилиб: “Халқ чиқарди-да, халқ” дейди. Халқ бир жойга йиғилиб, “Қани, биродарлар, тўйбоп зўр бир урф-одат ўйлаб топайлик” демайди. Миллий одатлар, расм-русумлар йиллар, асрлар давомида шаклланади, замонларнинг элагидан ўтади. Шунда ҳам, уларнинг бирортаси исрофгарчиликка бориб тақалмайди, “Қарз-қавола қилиб бўлса-да, тўйни катта қил, ошни катта дамла”, деган гап йўқ.
Тўй-маросимлар ҳақида қаерда ва қай тарзда гап бошланмасин, кўпчилик: “Топарман-тутарманлар ошириб юборишяпти, исрофгарчиликни айтмайсизми, бировда бор, бировда йўқ, ихчамлаштирмаса бўлмайди”, дейди. Бу гапга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Оёқни кўрпага, маҳаллага, эл-юртга қараб узатиш, сохта, бунинг устига маъно-матрасиз “удум”ларни қисқартириш, бир кунлик “обрў” деб, қарзга ботмаслик, ноқулай аҳволга тушмаслик, бола-чақанинг ризқини қиймаслик бир қарашда, ҳамманинг кўнглидаги гап. Ортиқча чиқимга ҳеч кимнинг тоқати йўқ. Бироқ, амалий ишга келганда, манзара бутунлай бошқача тус олади. “Бу ишни кимдан бошлаймиз?” дейилиши билан кўпчилик юзини четга буради. Чунки ўша тўйни ихчамлаштириш тарафдорларига ҳам “обрў” керак. Кимдир “Майли, мен бошлай қолай” деса, катта тўйларга мазахўрак бўлганлар дарҳол унга танбеҳ беришади: “Анча йил катта лавозимларда ишладингиз, тўйларни гумбурлатдингиз, энди... бунисини ихчамлаштирсангиз, “Ие, фалончи акамизнинг аҳволи дурустмас шекилли”, деган гап чиқади. Шовла кетса кетсин, обрў кетмасин, босинг...” дейдиган жонкуяр маслаҳатчилар пайдо бўлади. Тўйни яна гумбурлатасиз, аммо ҳеч ким сизга ич-ичидан раҳмат демайди, аксинча, “Вақтида йиғиб олган-да”, дея писанда қилади. Бунинг нимаси обрў?
Баъзи тўйларимизда никоҳ базмига, янги оилага, ёшларнинг келажагига, улар қандай жамиятда яшамоқдалар, қандай масъулиятни зиммаларига олмоқдалар — бу ҳақда эмас, узундан узоқ бетайин “қутлов”ларни тинглашга тўғри келади. “Ўртакашлар” бачкана, ҳеч ким эшитмайдиган, эшитса энсаси қотадиган “нутқ”лар ирод қилишади, онаси ҳурматини жойига қўймаган нобакор ўғил ҳақидаги йиғлоқи “шеър”лар ўқилади. Тўйга қизиқчилар айтилган бўлса, уятдан адойи тамом бўласиз. Энг ачинарлиси, куёв ўзбек, келин ўзбек, аммо ўзбекча қолиб бошқа ажнабий тилларда сайраб кетишади. Шу шартми десангиз, замондан орқада қолганликда айбланишингиз ҳеч гап эмас. Тўйга хизматга келган санъаткорлардан бири бошқа тўйга ошиқиб қолса, келин-куёвнинг ота-оналарини, қариндошлар орасида номдорроқлари бўлса, уларни ўртага таклиф қилиб, “Дилхирож”ни бошлаб юборишади. Қудалар рақсга тушишлари керак. Аммо бунинг иложи йўқ, атрофингизни ўраб олишади: ҳовучингизни очиб турсангиз, “ҳурмат” юзасидан сизга пул қистираётганларга раҳмат, деб турсангиз бас.
Бу одат шу қадар тез оммалашдики, эндиликда базм тўрида ўтирган келин-куёвлар ҳам ота-оналарига пул қистиришмоқда. Ҳали юзи очилмаган келин боланинг дурустроқ танишиб ҳам улгурмаган қайнонаси ёки қайнотасига пул узатишини тасаввур қилаяпсизми?
Бугун бутун мамлакатимиз улкан тўйхонага ўхшайди. Тўй дегани фақат никоҳ базмидан иборат эмас. Ҳовли тўйи, мучал тўйи, шукроналик тўйлари, янги маҳалла, янги қишлоқларнинг тўйлари, ижодда, илмий фаолиятда эришилган ютуқлар билан касбдошларни муборакбод қилиш, синфдошлар, курсдошлар, қуда-андалар даврасида Янги йил, Наврўз, 8 март, Мустақиллик байрамларини нишонлаш... Бу одатларимиз ҳамиша бор бўлсин. Шу боис, янги-янги замонавий бинолар, санъат, маданият ва спорт саройлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг муҳташам бинолари билан бир қаторда тўйхоналар ҳам шитоб билан қурилмоқда. Бундан қувонамиз, албатта. Тўй тадоригини кўраётган, тўйхона қураётган халққа дунё ҳавас қилса арзийди. Лекин...
Тўйхона фақат вадаванг карнай-сурнай чалинадиган, ноғора базм авжига чиқадиган, эллик-олтмиш одам ер тепиб рақсга тушадиган, уч-тўрт, беш-олти хил таом паққос тушириладиган жой эмас, ахир. Ушбу сатрларни қоғозга тушираётганимда, яқинда одамнинг оғзи ланг очилиб қоладиган маҳобатли тўйхона қурган бир тадбиркорнинг “Тўйлар ихчамлашса, даромаднинг чўғи пасаяди-ку”, деган хавотирига гувоҳ бўлиб қолдим. “Тўйхонангизда фақат никоҳ базмлари эмас, маҳалланинг, туманнинг, шаҳарнинг маданий-маърифий тадбирларини, турли беллашувларни ўтказиш ҳам мумкин-ку?” десам, “Пулини ким тўлайди?”, деди.
Тадбиркор сифатида уни тушуниш мумкиндир. Аммо... тадбиркорлик фақат чўнтакни ўйлаш дегани эмас. Эл ардоғидаги таниқли олимлар, санъаткорлар, шоир-ёзувчилар, машҳур спорт усталарининг ижод кечаларини, адабий-бадиий учрашувларни, китобхонлик танловларини шу шоҳона қасрларда ўтказиш, кекса авлоднинг ибратли ишларини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш наҳотки мумкин бўлмаса? Бундай хайрли ишларга бош қўшган тадбиркорларга қонунчилигимизда маълум имтиёзлар кўзда тутилса, бу саховатдан ҳеч ким зиён кўрмайди. Шундай қилинса, тадбиркорларимиз тўйхоналар билан бирга маҳаллаларда, мавзеларда кутубхоналар, ёшлар ижод уйлари, “Устоз-шогирд” устахоналари, спорт мажмуалари қурилишига ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб, эл-юрт дуосини олган бўлардилар.
Хуллас, хавотирга ўрин йўқ. Агар биз чиндан ҳам исрофгарчиликка қарши бўлсак, халқимизнинг қадимий ва энг мўътабар удуми бўлган тўй маросими моҳиятини бузишдан, уни тушунарсиз мусобақага айлантиришдан тўхтамоқчи бўлсак, маҳалла фаоллари ва нуронийларнинг бугунги ғоят муҳим даъватига лаббай деб жавоб беришимиз керак.
Бошқа йўл йўқ.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда АҚШ Халқ­аро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг &ldq...
01 янв 1970
“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.
01 янв 1970
Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги
01 янв 1970
Сиёсий партия атамаси грекчадан таржима қилинганда “давлатни бошқариш санъати” деган маънони касб этади. Партия бу инсонлар жамланмаси ...