Аждодлар хотираси барҳаёт

/
Ҳар йили 31 август куни — Мустақиллик байрами арафасида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ўтказилади. Юрт озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларимиз хотираси бизни муқаддас Ватанни кўз қорачиғидек аcрашга даъват этади.
Истиқлол туфайли юртимизда тарихий адолат қарор топди, миллий қадриятларимиз тикланди. Ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунги ёруғ кунларнинг қадрига етишимиз, бебаҳо неъмат — мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз лозим. Бу шарафли масъулиятни чуқур англашда эса табаррук қадамжолар тарбиявий аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув қирғоғида барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳар доим зиёратчилар билан гавжум бўлади. Бу масканга ташриф буюрган киши тарихий хотира туйғусини, эзгулик ва адолатнинг боқийлигини, ҳуррият ва озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этади.
Тинч ва осойишта, миллат шаъни, қадр-қиммати эъзозланган юртда инсон бугунидан миннатдор, эртасидан кўнгли тўқ яшаётганига шукроналар келтиради.
Мозийга қайтиб иш тутмоқ хайрли, дейдилар. ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрда бўлиб ўтган воқеаларни хаёлимиздан ўтказсак, чор империяси босқини, шўролар истибдоди даври, Иккинчи жаҳон урушидан олдинги ва кейинги қатағонлар, 80-йилларда халқимизни обрўсизлантириш мақсадида ўйлаб топилган “пахта иши”... Жафокаш халқимиз не-не оғир синовларни, машаққатли кунларни кўрмади. Машъум 1937-1953 йилларда содир этилган бедодликларни тасаввур этиш учун республикамиз бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя.
Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуи айнан шу жойда — Бўзсув соҳилида барпо этилгани бежиз эмас. Одамларнинг юрагида мудҳиш из қолдирган қатағон йилларида бу жарлик — Алвасти кўприк деган совуқ ном олган, инсон қалбига қўрқув соладиган бу қаровсиз жойда халқимизнинг минглаб асл фарзандлари отилган, бекафан, ном-нишонсиз кўмиб ташланган...
Истиқлол йилларида мамлакатимизда истибдод қурбонлари шаънини тиклаш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1999 йил 12 майда Президентимиз фармойиши билан мустамлака тузум қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси тузилиб, ўша йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси (ҳозирда жамоат фонди деб юритилади) ташкил этилди.
2000 йил 12 май куни Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи очилди. Мустамлакачилик йилларида Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотираси ана шу ёдгорликда ўз абадиятини топди.
Кўп фурсат ўтмай, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг дастлабки биноси барпо этилди. Қисқа муддат ичида ушбу маскан пойтахтимиздаги энг гавжум зиёратгоҳлардан бирига айланди.
Президентимизнинг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мажмуада қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилди, музей экспозицияси тубдан янгиланди.
“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси — Ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида ўз жонидан кечган юртдошларимиз безовта руҳи таскин топган маскан. Бир маромда оқаётган Бўзсув қирғоқлари ободонлаштирилиб, чиройли манзара касб этди. Текис саф тортган дов-дарахтлар, анвойи гуллар… Мажмуа марказида баландлиги 27 метрга тенг мовий гумбаз қад кўтарди. Ўртасидаги ҳандасавий шаклда сайқалланган саҳнда нефритдан ясалган сағана ўрин олган. У қатағон йилларида қурбон бўлган ҳамюртларимизнинг рамзий қабри ҳисобланади.
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи экспонатлари билан танишар эканмиз, тарихий хотира ҳар бир инсон учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор ҳис этамиз. Кўпдан-кўп тарихий ҳужжатлар, маълумотлар, суратлар, турли ашёлар мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, 130 йил давом этган мустамлакачилик сиёсати ва унинг асоратлари, эрк ва озодлик курашчиларининг жасорати, шу буюк мақсад йўлида қурбон бўлганларнинг фожиали тақдири ва ниҳоят, аждодларимизнинг буюк орзуси саналмиш Истиқлол қуёшининг порлаши, мустақиллик йиллари юртимизда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилади.
Музейда замонавий дизайн ва техник воситалар, ахборот технологияларидан кенг фойдаланилганлиги, экспозиция таркибидаги сенсор киосклари, мониторларга қатағон даврининг жафоларини акс эттирувчи ноёб архив маълумотлари, хотиралар, интервьюлар, мусиқий асарлар, видеолавҳалар ва сюжетлардан иборат ўша давр кўринишларининг жойланганлиги ташриф буюрувчилар қизиқишини оширмоқда.
Мухтасар айтганда, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси бизни қатағон қурбонлари хотирасига ҳурмат ва эҳтиром ила муносабатда бўлишга ундаши баробарида, ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат, садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кун жуда иссиқ. Ёз ҳеч кимни аямай ўз ҳукмини ўтказмоқда. Лекин жазирамада ҳам жонсарак юрган қоракўзларни кўриб, дарров танийсан: улар “Ёш к...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзт...
01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
“Ўғлимни яхши кўраман, шунинг учун машина олиб бермайман!”