Дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланади

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари қўшни республикага давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиши йўлида тарихий қадам бўлди. Ташриф доирасида ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоландики, буни ҳар икки давлатнинг фуқаролари қўллаб-қувватламоқда.
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. Давлат раҳбарларининг учрашуви нафақат ана шу дўстликни, балки мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик битимларининг имзоланишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятли. Ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани, асрлар давомида елкадош яшаётган, тили, дили, дини бир бўлган икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. Бугун, айниқса, чегарадош Андижон ва Ўш вилоятларида истиқомат қилаётган инсонлар бу расмий тадбирдан чексиз хурсанд бўлишмоқда.
Айниқса, чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг ўзаро қариндошлик муносабатлари учун бориш-келиш масалаларидаги ноқулайликлар кўпчиликни қийнаётганди. Энди бу борада ҳам ортиқча муаммога ўрин йўқ. Хўжаобод туманида яшовчи қирғиз миллатига мансуб Хонойим Арзиева ҳаяжонини яшира олмай шундай дейди:
— Шукрки, бугунги кунда олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат кейинги йилларда алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлат раҳбарларининг учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилаётганлигидан бошимиз кўкка етди.
— Ҳақиқатан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар сабабли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, — дейди Хўжаобод туманидаги “Солпи” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая ўаффорова. — Фақат тўй ёки маъракаларда телеграмма (чақирув) орқали дийдорлашардик. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни янада яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдормиз.
Азалдан ёнма-ён, ҳамжиҳат яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, уларнинг яқин қариндошлик асосидаги ўзаро алоқаларини янада ривожлантириш йўлида зарур бўладиган барча шарт-шароитни яратиш учун бор имконият ва салоҳиятимизни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ўринда дўстлик тадбирларидан хулоса қилиб яна бир фикрни айтиб ўтиш жоиз. Андижон вилоятида қирғиз миллатига мансуб кўплаб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг миллий анъаналарини ривожлантириш, ўз она тилида ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари барча соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кўп асрлар давомида шаклланган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини юксак қадрлаймиз. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Бахтиёржон КОМИЛОВ,
халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...